Ўзбек ҳужумчиси Еврокубокларда ўйнаш учун топ-клубга ўтиши кутилмоқда
Ўзбекистон терма жамоаси ва “Насаф” клуби ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев фаолиятини Қозоғистоннинг энг кучли клубларидан бирида давом эттириши мумкин.
Бу ҳақида Қозоғистон спортида инсайдер хабарларга ихтисослашган “Тотальный футбол KZ” телеграм канали маълумот тарқатди.
- Биздаги маълумотларга қараганда, Қозоғистон Премьер-лигаси клубларидан бири Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Ҳусайн Норчаевга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Норчаев “Алания”даги муваффақиятсиз босқичдан кейин (ижара ва кейинчалик шартноманинг бекор қилиниши) зўр спорт формасига кириб олди. Ҳужумчи Уругвай билан ўйинда голда иштирок этди, Осиё Чемпионлар лигаси доирасида Яссин Буну қўриқлаган “Ал-Аҳли” дарвозасига иккита гол урди ва Ўзбекистон чемпионатида энг зўр тўпурарлар қаторида бормоқда.
2002 йилду туғилган ҳужумчи ажойиб ҳолатда ва янги чақирувларга тайёр. Қозоғистон унга фаолиятини қайта тиклашда идеал майдон бўлиши мумкин.
Ҳозирча, биз уни оладиган клуб номини ошкор қила олмаймиз, лекин Норчаев бу жамоани ҳақиқатан кучайтира олади, - деб ёзди телеграмм канали.
Бу масалага таниқли журналист Александр Троицкий ойдинлик киритди. Бу мутахассис Ҳусайн Норчаев Еврокубокларда иштирок этиш учун “Елимай” клубига кўчиб ўтиши кутилаётганини маълум қилди.
- Ўзбекистон терма жамоаси ва “Насаф” форварди Ҳусайн Норчаевга Қозоғистон клубларидан бири қизиқяпти. Ҳамкасбларим жамоа номини келтирмаяпти, лекин мен бу клуб “Елимай” эканини тахмин қиламан. Нега эканини сўраманг, бу шунчаки сезгига таяниш, холос.
Мазкур жамоа Еврокубокларда ўйнайди ва бу Ҳусайнни жалб этиши мумкин. Бу ўйинчини пул масаласида ҳам хафа қилмаслик лозим. “Насаф”да унинг маоши жуда яхши даражада ва бундан келиб чиқиб, қозоғистонликлар ҳар ой учу 20 минг доллардан кам бўлмаган маош ажратиши керак.
Ўйинчининг даражасига келсак, у анча баланд. Норчаев ўзбек Суперлигасининг энг зўр тўпурарларидан, “Насаф” учун Чемпионлар лигасида гол урди ва терма жамоага жалб қилинди. Жаҳон чемпионатига ҳам бориши кутиляпти.
Бу суммага Европа футболида тажрибага эга бошқа легионер олса ҳам бўлади. Бироқ Ҳусайннинг салоҳияти жуда юқори. Агар уни қишда трансфер қилса, жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган тақдирда сезиларда даражада қимматга сотиш мумкин. Футболчи 23 ёшда эканини ҳам унутмаслик лозим.
Умуман олганда, Қозоғистон чемпионатида топ-4 га кирувчи клубга ўтиш Норчаев учун жуда қизиқарли вариант, деб ҳисоблайман, - дейди Александр Троицкий.
Таъкидлаш жоизки, “Елимай” ўтган чемпионатни тўртинчи ўринда якунлади ва янги мавсумда УЕФА Конференциялар лигасида иштирок этади.
Ҳусайн Норчаев “Насаф” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2023 йилнинг бошида Россиянинг “Алания” клубига кўчиб ўтган эди. Орада бир мавсум Фарғонанинг “Нейтчи” жамоасида ижарада ўйнади ва 2025 йилнинг бошида қадрдон клубига қайтиб келди.
Жорий мавсум иқтидорли ҳужумчи барча турнирларда 35 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига иккита голли пас берди. Норчаев Ўзбекистон миллий терма жамоасида учта ўйинда майдонга тушган, Малайзия терма жамоасига гол уриб, яна иккита ассист қайд этган.



Фикрлар