Бизда 3 та футболчи қолди, янги ўйинчиларни кўндириш қийин бўляпти, "Навбаҳор"ни эмас, "Андижон"ни танлаганимдан афсусланмайман - Отабек Ғуломхўжаев очиқ гапирди

“Андижон” клуби атрофидаги турли гап-сўзлар туфайли жамоа бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевга бериладиган саволларимиз кўпайиб қолганди.

Sports.uz мухбири билан суҳбатда Ғуломхўжаев ўзининг аниқ фикрлари, жамоани шакллантириш учун астойдил ишга киришганлигини яширмади.

- Фарғонадаги “Нефтчи”га қарши плей-офф ўйинини эсласангиз, ўша учрашувдан олдин мухлислар орасида турли гап-сўзлар кўпайиб кетганди, - дея гап бошлади, Отабек Ғуломхўжаев. - Андижонга футбол керак эмас, бу клуб про-лигага тушиб кетишга тайёр, ҳаттоки ўзимга ҳам ёқимсиз бўлган ҳолат – мураббийга ҳам бу керак эмас, ўйинни бериб юборади, эплай олмайди, қабилидаги гаплар бўлган. Лекин биз бу миш-мишларга эътибор қилмадик. Ўшанда раҳбарият томонидан ҳам, ўзимиз томонимиздан ҳам максимал даражада тайёрланиб тургандик. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди. Жамоамиздан кетиб қолаётган футболчиларга тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кундаги молиявий ҳолатимиз ёмон эмас, яхши. Раҳбарият клубни олганига уч ой бўлди. Ичкарига кириб шуни билдимки, шу раҳбарларга раҳмат. Улар Андижонда йўқ бўлиб кетаётган жамоани қутқариб қолишди. Йиллар давомида тўпланиб қолган катта қарздорлик бор. Эшитишимча, клуб раҳбари Журъатбек Қувватов қарздорликнинг учдан бирини ёпган. У инсонга ташқаридан ёрдам йўқ, фақат ўз ёнидан харажат қилиб, қарздорликни ёпяпти. Мухлислар ҳам бундан миннатдор бўлса керак. Буни билган билади, билмаган билмайди. Йил давомидаги савиясиз легионерларнинг олиб келиниши, уларни харажатлари ва яна бошқа масалалар бўйича қарздорликлар бор. Бу ҳам қарийиб бир миллиард сўмга бориб қолади. Яна бошқа қарздорликлардан бўлган 4 миллиард ҳам бор. Энди савол туғилади: ўша қарзларни аста-секин ёпиш керакми ёки нақд пул сўраётган футболчига бериш керакми? Раҳбарият билан шундай келишдикки, бизга нархи қиммат ўйинчилар керак эмас. Аммо ёш иқтидорли, сифатли ёшларга эътибор қиламиз ва улар билан 2-3 йиллик шартнома қиламиз. Аввало ҳозирги қийин шароитдан чиқиб кетишимиз керак. Раҳбарият ҳам мендан “Андижон”ни шу аҳволда ташлаб кетмаслигимни илтимос қилишди. Ўзимда ҳам ёшлар билан ишлашга қизиқиш бўлди. Барибир 3-4 футболчи оламиз. Бироқ ҳозирги ўйинчиларимизни ушлаб қолишга ҳаққимиз йўқ, чунки шартномалари тугаяпти. Тўғриси, айрим футболчилар билан ишлаш ниятим йўқлигини раҳбариятга айтдим. Яна қайсидир йигитларни олиб қолиш кераклигини тушунтирдим. Биласиз, олдимизда учта трансфер ойнаси вақтидаги таъқиқ турибди. Қарздорликни ёпмасдан туриб палон сўмга футболчини олиб, у билан шартнома тузиш тўғри эмас. Худо хоҳласа, бошқача “Андижон”ни кўрасизлар. Мухлислар хавотирга тушишмасин. Ўйлайманки, футболчиларнинг жамоамиздан кетаётгани катта фожеа эмас, мен учун. Қачондир ўшалар ҳам ёш бўлган ва бундан кейин ҳам бошқа ёшларга ишониш ва имконият бериш лозим.

отабек3_2

- Клуб олдида таъқиқ турибди ва янги ўйинчи олишга ҳали расман мумкин эмас. Менимча, чемпионат февралда бошланадиган бўлиб турибди. Вақт эса оз қоляпти. Бундай оғир вазиятдан қандай ечим топмоқчисиз?

- Мана шу ечимни топиш учун ҳам қиммат ўйинчиларга эътибор қилмаяпмиз. Бундай футболчиларни биласиз, бир йилга шартнома тузишади, пулини олади, ишини қилади ва кетади. Ундан кўра иқтидорли ёшларни олиб, улар билан 2-3 йиллик шартномалар тузиб, жамоани шакллантирмоқчимиз. Раҳбарият билан гаплашдик ва улар биринчи навбатда легионерлар билан бўлган қарздорлик ва таъқиқни ечиб беришни бўйнига олишди. Менинг ҳам “Андижон” клубига нисбатан қўйган шартим катта эмас. Бунгача ҳам жамоадан кетишим тўғрисида хабарлар чиққанди. Ростдан менга иккита клубдан қизиқиш бўлди. Молиявий томонлама бўйича яхши таклиф беришди. “Андижон”ни қийин вазиятдан олиб чиқиб кетдик ва Суперлигада сақлаб қолдик. Клубни янгитдан шакллантиришни бошлаганмиз ва бу йўлда жамоани ташлаб кетмаймиз. Раҳбарият сўз бердики, аввало таъқиқ масаласини ва легионерлардан бўлган қарздорликни бартараф қилиб беришади. Биз янги, истеъдодли ёшларни таклиф қилишни бошладик. Уларнинг аксарияти Суперлигада дебют қилишга улгуришган. Фақат номлари сир, “Андижон”га келганида эшитасизлар. Улар олимпия ва ёшлар терма жамоаларининг номзодлари.

- Лекин эшитишимизча, қарзлар тўланган тақдирда ҳам камида битта таъқиқ ўз кучида қолар экан. Бу сизни ташвишга солмаяптими?

- Бундан хавотир олганингиздан кейин у ер, бу ерда маслаҳатлашасиз. Ўзидан-ўзи битта жамоани йўқ қилиб юборишдан осони йўқ. Клуб раҳбари билан ҳали яхши жамоа яратамиз. Тизимни йўлга қўйиб олишимиз лозим. Аввало зарур қарзларни ёпиб, “заявка” учун йўл очиб олсак, албатта қолгани ҳам бартараф этиб борилади. Эшитишим бўйича ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевнинг ўзи ҳам бу масалада ҳамкорлик қилиб, ёрдам бераман дейилган экан, раҳбарият билан гаплашганида. Худо хоҳласа, шу йилдан қарздорликлар бўлмайди. Клуб бундан буён ўзини-ўзи эплаши учун маркетинг ва менежмент бўйича ишларни ривожлантириш ҳаракатларини бошлашган. Бу фақат клуб фойдасига ишлайди.

отабек2_3

- Клубдан кетишингиз ҳақидаги гап-сўзлардан кейин “Андижон” билан шартнома узайтирганингиз эълон қилинди. Ростдан, шартномани узайтирганмидингиз?

- Мана, кўряпсиз-ку, байрам кунларида ҳам Андижондамиз. Барибир шамол бўлмаса, дарахатнинг учи қимирламайди. Менга бўлган таклифларни жамоамиз раҳбарлари ҳам эшитишган. Фарғонадаги ўйиндан сўнг, раҳбарлар билан қўл ташлашганмиз. Кейин мени кетишим мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди. Ҳа, таклифлар бўлди, менинг жавобимни кутишди. Бироқ “Андижон”да менга кўпроқ ёқаётган жиҳатлар бор. Ишонч муҳими ва жамоа нолдан йиғиляпти. Ёшларга эътибор бериляпти. Тўғриси, тайёр жамоани қабул қилиб, ишни бажариш қўлидан келмаган мураббийларни ҳам кўрганмиз. Номи чиқмаган футболчиларни олиб, уларни ўйнатиб, нимагадир эришишга ҳаракат қиламиз ва бу орқали мураббий сифатидаги ишим ҳам кўринади. Қолаверса, раҳбарият билан шартнома тузилаётганида менга шу нарса ёқдики, нима бўлишидан қатъий назар йил охиригача кутилади. Масалан, дастлабки турларда қанақа натижа бўлади ёки ўрталарида? Бу нарсаларга эътибор берилмайди. Биз келишдик ва янги мавсум охиригача келишувга эришдик. Барибир янги шаклланаётган клуб мавсум бошларида қандайдир кутилган натижаларни кўрсата олмаслиги мумкин. Чунки чемпионатни бир текисда давом эттириш қийин. Бундан фожеа ясаб мураббийга дарҳол чиқиш эшиклари кўрсатилмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам мураббий охиригача ишлайди. Агар жамоа шаклланиб бораётгани кўринса, ҳамкорликни яна узайтирамиз.

- Сизга “Навбаҳор”нинг бош мураббийлигига таклиф билдиришгани катта чорлов эди. Кейинчалик уларга рад жавобини берганингиздан афсусланмайсизми?

- Мени тўғри тушунишади. “Навбаҳор” раҳбариятига раҳмат. 2019 йили бу клубда турли лавозимларда ишлагандим. Жамоа раҳбарларини ҳурмат қиламиз. Наманганда биргаликда кўп ишларни амалга оширганмиз. Ҳар бир мураббий аввало яхши клубда ишлашни хоҳлайди. Ўзимда ҳам “Навбаҳор”да фаолият олиб бориш орзуим бор, балки бу кейинчалик амалга ошар. Аммо ҳозирги ҳолатда “Андижон”ни ташлаб кета олмасдим. “Навбаҳор”да эса Нўъмон Ҳасанов бор. Ўз вақтида Самвел Бабаян билан гаплашишди ва музокаралар тўхтаганидан кейин менга ҳам қизиқишди. “Андижон”ни танлаганимдан афсусланмайман. Барибир Худони айтгани бўлади. Керак бўлса, “Андижон”га совринли ўринлар учун курашишига уч йил керак бўлса, уч йил хизмат қилишга тайёрмиз.

отабек5_1

- Бекмуродов, Мираҳматов ва Авиловдан ташқари яна кимлар “Андижон”дан кетди? Умуман, таркибдаги ўзгаришларга тўхталиб ўтсангиз.

- Шартномаси бор ўйинчиларга келсак, клубда қоладиган аниқ футболчилар – Усмонали Исмоналиев, Бахтиёр Қосимов. Дониёр Абдуманнопов бўйича ҳаракат қиляпмиз ва уни олиб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Қолганлар ҳаммаси кетди.

- Наҳотки, ҳамма кетдими?

- Уларда таклиф бор. Ушбу футболчиларнинг шарти баландлигини биламиз. Клубнинг сиёсати таркибни ёшартириш. Шу боис ўзим ҳам уларга алоқага чиқишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман. Масалан, Қаҳрамон Баҳодиров, Абдуллоҳ Олимов ёки бошқаларни нархи каттароқ. Ёши ҳам ўтиб боряпти. Энди уларни қайтаришдан фойда йўқ. Уларни варианти бўлса кетаверсинлар. Шунингдек, жамоамизда ёшроқ бўлган Муҳаммад Йўлдошев ҳам бор. Бу ерда ишлаётганимдан бери ҳеч кимни ойлик маоши билан қизиққаним йўқ. Аммо менга келган маълумотга кўра, Йўлдошевнинг ойлик маоши жуда баланд бўлган. Унинг ойлик маошига иккита, яхши ёш футболчини таклиф қила оламан. Ўзи ҳам бошида келганимда вариантим бор дегандек гапирганди. Таклифлари бўлса, биз ҳеч кимнинг ушлаб турмаймиз. Баъзиларининг номларини айтмайман, улар ўйин фалсафамга тўғри келмаслигини инобатга олган ҳолда буни раҳбариятга ҳам айтдим. Кетганларнинг орасида менга тўғри келмайдиганлари ҳам бор. Ҳозирги ҳолатда жамоамизда учта футболчи қолди.

отабек7

- Кўриниб турибдики, нолдан жамоани шакллантирасиз, таркибни буткул янгитдан тузасиз. Иш ўта мураккаб. Вақт эса тиғиз. Ҳаммасига улгуришга ишоняпсизми?

- Эшитган бўлсангиз, клублар асосан 10-15 январь атрофларида йиғилишади. Биз 4 январдан тўпланамиз. Бир ҳафта бўлса ҳам вақтли йиғиляпмиз. Тайёргарлик режамизнинг иккита босқичи таркибни йиғиш ва шакллантиришга қаратилади. Чемпионат бошланишига яқин жамоа ўйинини яратишга вақт кетади. Тўғри, бу қийин бўлади. Лекин таркибни тузиш ва яхши муҳитни яратиш у қадар оғир кечмайди. Ўйиндан-ўйинга бир-бирини тушунишларига бироз вақт кетиб қолади. Балки чемпионатнинг дастлабки турларида қийинчиликка дуч келармиз, бундан ҳамма ўтган. “Насаф” ҳам бошида очколар йўқотди, якунда 2-ўринда олди. Хатолардан фақат тўғри хулоса чиқаришимиз лозим. Андижонда Шўрбулоқда яхши академия бор. Республикада энг яхшиларидан бири. Фақат нимани истаётганимизни ёшларга сингдира олсак ва буни йигитлар майдонда қўллай олишса, бизга кўп вақт талаб этилмайди.

- Шу пайтгача янги футболчилардан кимлар билан келишувга эришдингиз?

- Ҳозирча 10 нафар янги ўйинчи билан келишдик. Уларнинг ичида 2-3 та тажрибалилари ҳам бор. Бундан ташқари, ўзимизнинг таркибдан учтаси бор ва ёшлар жамоамиздан 5-6 нафарини жалб қиламиз. Уларни олиб келиб, шартномага қўл қўйдирганимиздан кейин расман эълон қиламиз. Ана шундан кейин номларини айтамиз. Ҳозирги кунда “Андижон”га янги футболчиларни жалб қилишнинг ўзи осон иш эмас. Бунгача ҳар хил қинғир ишлар, қарздорликлар бўлгани учун янги ўйинчиларни жалб қилишда менда қийинчиликлар бўляпти. Менимча, бошқа жамоаларда бу борада катта муаммолар йўқ. Раҳмат, ҳозирда ҳам янги футболчилар бизга шунчалик ишонч билдиришяпти. Мана, раҳбарият ўз ваъдасига содиқ қилиб, ўйинчилар билан жойида ҳисоб-китоб қиляпти. Бу албатта профессионал иш услубидир. Тўғриси, ўйинчини машғулотга ёки майдонга олиб тушишдан кўра, уларни “Андижон”га кўндириш қийин бўляпти.

отабек1

- Дониёр Абдуманноповга четдан ҳам таклифлар борлиги ҳақида эшитдик. Уни олиб қолишга қанчалик ишоняпсиз?

- Ўзим санаб чиқдим, Ўзбекистоннинг 8 та жамоасидан таклиф бўляпти. Бунинг ичида ўзимга ҳам алоқага чиққан мураббийлар ҳам бор. Шуни аниқ айтаман, Дониёрни биз билан ушлаб турадиган жойи йўқ. Шартномаси тугаган. Уни илгари шу ерда кўриб ўсмирлар ва ёшлар термасига олиб кетганман. Шуни ҳурмати ва раҳбариятга ҳурматни сақлаган ҳолда у ҳозирда бирор жойга кетмаяпти. Барибир ҳамма нарса жамоа қандай шаклланаётганига боғлиқ. Абдуманнопов пулга қизиқадиган йигит эмас. Агар пулга қизиқадиган бўлса, у Европага ҳам кетиши мумкин, чунки унга учта таклиф бор. Польша, Беларусь ва Россия клубларидан таклифлар бўляпти. Бу масала бўйича шахсан ўзимга ҳам алоқага чиқишган. Уларнинг таклифи керак бўлса, ўзимиздаги клубларнинг шароитидан 3-4 баробарга кўпроқ. Дониёр Абдуманнопов иккинчи даврага келиб барқарор ўйнашни бошлади. Бахтиёр Ҳамидуллаев келгач, футболчи ўзини кўрсатишга киришди. Хомяков ва Кумиков пайтида майдонга тушса тушарди, бўлмаса йўқ. Футболчининг ўзи ҳам ҳали барқарор ўйнай олмаётганини тушуниб турибди. Қачонки, у билан шартнома имзоласак, ўшанда масаласи ҳал бўлади. Ўзига тўқ, тарбияси яхши йигит. Абдуманнопов масаласи узоғи билан бир ҳафтада ҳал бўлади. Жамоамизга янги келадиган ўйинчилар билан шартномалар тузганимиздан кейин у ўзида ишонч ҳосил қилади. Лекин Дониёрни Ўзбекистонни қайси клубида тўп суриши ўзимга ҳам қизиқ. Унинг келажагига бефарқ эмасман. Шогирдим бўлганидан кейин тўғри маслаҳат беришим керак. Мабодо, ўзим олиб қола олмаганимдан сўнг, унга тўғри маслаҳатни беришим керак. Аммо бу охирги имконият даражасидаги ҳолат. Лекин унга қайсидир клуб кўпроқ пул бериши мумкин, аммо у ерда ўйин амалиётисиз қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ёки шундай жамоа бўладики, ўйин амалиёти кўпроқ бўлади, бироқ пули камроқ. Дониёрга ҳам айтяпман, пул сени қувласин, ҳозир пулнинг кетидан қувламагин деб уқтиряпман. Устоз сифатида унинг масаласини ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. “Андижон”да қолишига 80-90 фоизга ишончим бор.

- Жамоангизнинг Туркияда йиғин ўтказиши кутилаётганди. Бу режа амалга ошадими?

- Раҳбарлар билан келишиб ўзимиз бу йиғинни бекор қилдик. Ўтган йили ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистонда ўтказилиши аниқ эди. Кейин шу йилнинг март ойига сурилди. Шунинг ҳисобига янги мавсум бироз кечроққа бошланиши тахмин қилинаётганди. Шу боис Туркияда икки ҳафта йиғин ўтказишни режалаштиргандик. Энди бўлса, жаҳон ва Осиё чемпионатлари яна қолдирилди. Энди февралнинг охирларида чемпионатимиз бошланишини инобатга олган ҳолда Туркия йиғинидан воз кечдик. Бунинг яна бир сабаби, жамоа ўзаги сақлаб қолинмаган. Ҳали жамоа таркиби аниқ бўлмай туриб, кўрикдаги футболчилар билан у ерда йиғин ўтказиш ҳам бўлмайди. Таркиб ўзагини аниқлаштириб олиш учун бизга бир ой керак бўлса, ўз-ўзидан февралда Туркияга жўнаб кетишдан маъно йўқ. Чунки қайтишимиз билан чемпион бошланишига тақалиб қолади. Ундан кўра февралда Тошкентда шуғулланиб, кўпроқ назорат учрашувлари орқали жамоа ўйинини йўлга қўйиб олишга ҳаракат қиламиз. Аслида Туркия варианти менга ҳам маъқул келганди. Аммо юқоридаги сабаблар туфайли бу йиғинни қолдиришни раҳбариятга илтимос қилдим. Туркия йиғинига сарфланадиган сарф-харажатни ундан кўра янги ўйинчиларни харид қилишга ёки қарздорликларни ёпишга ишлатишимиз яхшироқ.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Nodir uz
01/01/2021 12:52
Ишларизга омад ука худо хохласа зур булади шу кеткан уйинчилар кейин жуда афсус килишади
Mirali Hcerali
01/01/2021 12:29
Отабек ишларингизга АЛЛОХ, мадад ва ку'мак берсин. Шундай жамоа тузингки у'згалар х,авас к,илсин