Бизга Шомуродов керак!
Элдор Шомуродов ўзининг характери, курашувчанлиги, салоҳияти ва ишончли ўйини орқали Италиянинг энг талабчан мухлислари ҳисобланган генуяликларнинг меҳрини қозонди, уларнинг ишончини оқлаб келмоқда.
Европанинг кучли бешлик чемпионатлари орасида ўзига хос мураккаблиги билан ажралиб турадиган А Серияда дебют мавсумидаёқ ўз салоҳияти ва имкониятини ишга солиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Шомуродов ўзига бўлаётган турли таклифлар орасидан “Женоа” вариантини танлади. Элдор Генуяга келганида Италиянинг энг қадимий клуби А Сериянинг сўнгги поғоналарида А Серияда қолиш учун курашаётган эди.
Жамоа жорий мавсумда ўз олдига қўйган вазифани уддалади ва келаси йили ҳам юқори лигада қатнашиш имкониятини сақлаб қолди. Бунда жами еттита гол уриб, битта голли пас узатган Шомуродовнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бўлди, албатта.
Ёзги трансферлар мавсумида Шомуродовга бошқа жамоалардан қизиқиш бўлиши табиий. Чунки, бугунги кунда қудратли жамоалар ҳам молиявий инқирозни инобатга олган ҳолда, қимматбаҳо юлдузлардан кўра, трансфер нархи арзон, лекин ўзи меҳнатдан қочмайдиган, турли инжиқликлардан холи, катта маош талаб қилмайдиган ва курашувчан футболчиларни қўлга киритишга эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Италия матбуоти “Рома” ўзбекистонлик легионерга қизиқаётгани ҳақида ёзмоқда.
“Женоа” мухлислари бу мавзуни муҳокама қилишда давом этмоқда. Sports.uz сайти эътиборингизга генуялик ишқибозларнинг энг сара фикрларини ҳавола қилади.
Carla Prando:
Ҳар доимгидек, жамоамиз сафида кимдир зўр ўйнай бошласа, унга харидор бадавлат клуб пайдо бўлади ва уни сотиб олади.
Norma Pecoraro:
Агар “Рома” Шомуродов учун 15-20 миллион евро таклиф қиладиган бўлса, бу масалани муҳокама қилиб кўрса бўлади.
Giovanna Squarzina (Norma Pecoraro фикрига жавобан):
“Рома” ўтган мавсумжда ҳеч бир футболчи учун 20 миллион евро сарфлагани йўқ. Улар Элдор Шомуродов учун трансфер сиёсатини ўзгартирмаса керак, деб ўйлайман.
Chiara Puccini:
Агар Элдорни сотиб юборсак, жамоамизда муаммоалар бошланади. Чунки Жанлука Скамакканинг ўзи бизда ижарада ўйнамоқда, Маттиа Дестро барқарорликка эришгани йўқ, Горан Пандев анча қариб қолди. “Эл-узбеко” кетиб қолса, энг салоҳиятли ҳужумчимиздан айрилиб қоламиз.
Enrico Incarnato:
Шомуродов жамоамиздан “Милан”га ўтиб кетган Кшиштоф Пёнтек қай аҳволга тушганини яхши англаб, хулоса қилсин.
Giorgio Ravenna:
“Эл-узбеко” бешта ўйинда тўртта гол урганидан кейин “Рома”га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бир неча ой олдин унга “Ювентус” қизиққан эди. Бу гал ҳам Шомуродов ҳеч қаерга кетмаслиги тарафдориман.
Alessandra de Bellis:
Буларнинг бари миш-миш бўлиб чиқишига умид қиламан. Элдор – юқори салоҳиятли ўйинчи. Италиядаги фаолиятини осон бошлагани йўқ, лекин аста-секин ўзимизнинг футболчимизга айланиб қолди. Шомуродов бизга жуда керак. Жозе Моуриньо эса, ана Горан Пандевни олсин. У Пандевни “Интер”да ишлаганида шуғуллантирган.
Luca Vitello:
“Лацио” дарвозасига урилган гол уларнинг ашаддий рақиби “Рома” раҳбарларини ҳайратга солган шекилли, улар дарров Шомуродовни сотиб олиш ҳаракатига тушиб қолди.
Фикрлар