Шомуродовнинг бу “ишини” фақат футболчи ва мураббийлар билади холос!
Элдор Шомуродов бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг ёрқин юлдузига айланган. Ҳужумчимиз А Серияга кўчиб ўтганидан кейин мураккаб чемпионатда ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Айниқса, чемпионат якунланиши арафасида ўйини тобора очилиб бормоқда. Элдорни клуб миқёсидаги мусобақалар якунланиги билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубогининг қўшма саралаш турнири доирасидаги муҳим учрашувлар кутиб турибди.
Элдор Шомуродовнинг Европа миқёсидаги ҳужумчи даражасига кўтарилишига катта ҳисса қўшган “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин Россия оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, ўзбекистонлик легионерга Италияга кетишидан олдин нима деб насиҳат қилганини, ҳужумчининг кетиши “Ростов”га қандай таъсир қилганини гапириб берди.
Sports.uz сайти ўқувчилари эътиборига ушбу суҳбатни ҳавола қиламиз.
- Шомуродов “Женоа” учун еттита гол урди. Бу яхши кўрсаткичми?
- Мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушмайдиган ўйинчи учун бу зўр натижа. Италияда еттита гол уришни Россияда шунча тўп киритиш билан солиштириб бўлмайди.
- “Аталанта” дарвозасига бир жуфт гол урганидан кейин Элдорни табрикладингизми?
- Йўқ. Бунга ҳафсалам йўқ эди.
- Шомуродовга ҳали ҳам маслаҳат бериб турасизми?
- Маслаҳат бериш учун жараён ичида бўлиш керак. Кетишидан олдин маслаҳат берганман. Ўз вақтида устозим Олег Иванович Романцевдан эшитган насиҳатларимни Элдорга айтдим. Яъни, мураббийингни айтганларини бажар, дедим. Бегона ибодатхонага ўзингни қоидаларингни тиқиштирмайсанку. Одамлар ўша юртда яшайдиган шароитга мослашиб кетиш керак.
- Шомуродовнинг кетиши “Ростов”га қандай таъсир қилди? Ахир у Италияга кетишдан олдин бирорта гол уролмаганди.
- Элдорнинг кетиши бизга қаттиқ таъсир қилди. Албатта, ҳужумчига голларига қараб баҳо беришади. Лекин Элдорнинг жамоа учун қилган ишларини фақатгина мураббийлар ва футболчилар билишади холос.
Дарҳақиқат, Элдор Шомуродов фаолиятида “Ростов”нинг аҳамияти катта бўлганидек, ҳамюртимиз жамоаси учун ҳам қўлдан келган ёрдамини аямади. Шомуродов ўйнаган даврда “Ростов” Россиянинг энг кучли жамоалари қаторига қўшилди. Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашди. Гарчи “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли турнирига чиқа олмаган бўлса-да, Европа лигасида иштирок этди. Ушбу турнирдаги учрашувда ростовликларнинг ягона голини айнан Элдор Шомуродов “Маккаби” дарвозасига киритгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Сурхондарёлик ҳужумчи “Ростов”даги ўйинлари орқали дастлаб, Россия грандлари эътиборига тушди, кейинчалик Испания, Германия, Бельгия, Франция, Туркия каби мамлакатлар жамоаларидан қизиқишлар бўлди. Ҳатто, “Женоа” вакиллари Шомуродовни қўлга киритиш учун ҳаракатни бошлаган бир пайтда, Италиянинг ўзидан “Верона” ва “Фиорентина” каби клублар ҳам “Ростов”га таклиф билан чиқди.
Мавсум охирига келиб, Шомуродов “Женоа” таклифини қабул қилиб, хатога йўл қўймагани ойдинлашмоқда. Ўзи учун дебют мавсумда жами 30 та учрашувда еттита гол уриб, битта голли пас оширган ҳамюртимиз бир неча кучли жамоалар эътиборини қозонгани бор гап.
Биз эса, Шомуродовнинг Европа футболидаги иккинчи мавсуми дастлабкисидан омадлироқ, мазмунлироқ ва сермаҳсулроқ бўлишига умид қилиб қоламиз.
Фикрлар