Бизга VAR керак...ми?

“Андижон” – “Машъал” ўйинни кўпчилик жонли эфирда кузатган бўлса керак. Учрашувнинг дуранг билан якунлангани ишқибозларни у қадар хурсанд қилгани йўқ. Бунинг устига “Андижон”нинг ўйини ҳам қовушмади. Буни ўйиндан кейин бош мураббий Отабек Ғуломхўжаев ҳам айтди ва таркиб танлашда хатога йўл қўйганини тан олди.

Кўрган бўлсангиз, Жасур Жалолиддинов етакчиликни ўз қўлига олишга ҳаракат қилмоқда ва аксарият ҳужумлар унинг орқали уюштирилди. Ўйиннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, Андижондаги учрашувда илк бор VAR тизимидан фойдаланилди. Рости, учрашувдан олдин бу борада ҳам турли мулоҳазалар бўлди. Беллашувнинг кульминацион нуқтаси айнан VAR билан боғлиқ бўлди. Кечадан бери бу ҳақида кўпчилик гапиряпт. “Андижон” – “Машъал” учрашуви нақд 104 дақиқа давом этди. Бу ғолиб номи аниқланиши шарт бўлган бирор-бир Кубок баҳси эмасди. Лекин Ўзбекистон Суперлигасида ҳам оддий ўйиннинг 104 дақиқа давом этишини тасаввур қилганмидингиз?

аааа

Бунга табиийки, VAR сабабчи. Натижада у яна муҳокамалар марказига айланди. Негадир Андижондаги ўйинда VARдан фойдаланган ҳолда аниқ қарор чиқариш жуда чўзилиб кетди. Ваҳоланки, бундай ускуна билан ишлайдиган ҳакамлар анча тажрибали эди. Азиз Асимов, Жаҳонгир Саидов ва Фарҳод Абдуллаевдан иборат гуруҳ VAR билан ишлашди. Лекин шунда ҳам учрашувнинг охирги дақиқаларидаги эпизодни аниқлашда жуда қийналишди. Бош ҳакам Зокир Қодиров ҳам чиқарган қарорларида кейинчалик иккиланиб қолгандек туюлди. Бу асосан қўшиб берилган дақиқадаги вазият билан боғлиқ.

Ҳакам тўхталишлар учун беш дақиқа қўшиб берди. “Андижон”нинг ҳужумларидан бирида Жасур Жалолиддинов жарима майдони ичида йиқитилди. Ҳакам ўйинни давом эттирди, аммо VARдагилар Зокир Қодировга бу баҳсли вазият эканлигини айтган ҳолда ўйин тўхтатилди. Айнан мазкур жараён туфайли учрашув камида беш дақиқага тўхтаб қолди. VARнинг ўша вазиятни ўта жиддий текширишидан гўёки “Машъал” дарвозасига пенальти белгиланадигандек туюлди. Аввалига Зокир Қодиров майдонда турган ҳолда қулоқчини орқали ичкаридаги ҳамкасблари билан мулоқот қилди. Сўнг якуний қарорга келинмагач, Қодировнинг ўзи экран орқали эпизодни кўрди, бу ҳам бир қанча вақтни олди. Бош ҳакам жойига қайтиб, энди қандайдир ишорани кўрсатмоқчи бўлиб турганида, яна VARдагилар унга нимадир дейишди ва бош ҳакам ортига қайтиб такроран вазиятни кўрди. Хуллас, у бўлди, бу бўлди, якунда Зокир Қодиров ўйинни келган жойидан давом эттиришни кўрсатди. Бу нимадан далолат? Аслида бош ҳакамнинг ўйинни тўғри давом эттираётганидан дарак эдими? Аммо VAR нима учун бу қадар узоқ вақт ўйинни “ушлаб” турди?

андижон1111111

Учрашувдан кейин комиссар билан бу борада гаплашганимизда вазиятни тушунтирди. Ўша пайтда пенальти бўлган ва бош ҳакам 11 метрли нуқтани кўрсатмоқчи бўлганида, кейин яна бир вазият кўзга ташланган. Унга кўра, Жалолиддинов йиқилишидан аввал, “Андижон”нинг яна бир аъзоси Камрон Саидазимовнинг қўлига тўп теккани кўринган. Шу сабабдан, қарор яна ўзгарган. Хуллас, шундай вазиятлар майдондаги ҳамда VARдаги ҳакамларга бир мунча қийинчилик туғдирган. Шунча тўхталишга яраша ўйиндаги вазиятда ҳеч нима ўзгармади. Бу эса табиийки, “Машъал” устозига манзур бўлди. Аммо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Александр Хомяковнинг айтган гапида жон бордек, у бугун ўйин тугамаса керак, деб ўйлагандим, деган фикрни айтиб ўтди. Шунингдек, мураббий VAR ҳақида ижобий фикр билдирди. Лекин ўйиннинг охирида ҳакам “Машъал” дарвозасига иккинчи бор пенальти белгилаганида Хомяков нима деган бўларди? Ишонинг, у VAR ҳақида ижобий фикр билдирмаган бўларди. “Андижон” бош мураббийи эса ўтган сафар айтганидек, бу гал ҳам очиқ-ойдин гапирди: “Бизнинг ўйинларимизга VAR керак эмас!”.

Охирги пайтларда саволлар кўпаймоқда. Ўзбекистон чемпионати VARдан фойдаланишга тайёрми? VARсиз футбол билан VARли футболнинг фарқи нимада? Ҳа, футболда технологиялар кўпайиб кетяпти. Бу кимгадир ёқяпти, кимгадир йўқ. Бунинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бор. Агар ундан тўғри фойдалана олинса, бунинг салбийлиги анча камаяди. VARдан фойдаланишда албатта сифатли тасвирлар, етарли камералар бўлиши шарт. Бизда қандай? Ҳаммаси етарлими? VAR бўйича мутахассисларимиз ҳам етарлими? Кўряпсизми, саволлар кетидан саволлар! Бунга ким жавоб беради? Бу билан бизга VAR керак эмас, деган фикрдан йироқмиз. Лекин ўзимиз бу борада тўлиқ тайёр бўлишимиз керак. Чемпионатимиз учрашувларида кўряпмизки, VAR туфайли тўхталишлар ортяпти ва бу ўйин “ҳарорати”га таъсир кўрсатяпти. Тўғри, дастлабки қадам ташланди ва бу яхши. Бироқ шу билан бирга камчиликларимизни ҳам кўрсатиб беряпти.

Ҳа, VARсиз ўйинларда ҳакамларнинг қўпол хатолари натижага таъсир қилаётган вазиятларга ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бир томондан қараганда, бу ҳолат барча учрашувларга VAR кераклигини кўрсатади. Лекин ундан иложи борича вақтни чўзмасдан фойдаланиш нақадар муҳимлиги ҳам кўриниб қоляпти. Ана шунда футболнинг жозибаси йўқолиб қолмасди.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
03/04/2021 07:50
Албатта кийрак ошна Хакамларинга ишонч йук Хакамларинг пулга сотилиб куйабди Шунинг учун ВАР бизга кийрак