БМБ жамоасига янги бош мураббий тайинлади

Нодир Элибоев – БМБ ПФCга қайтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди. 

Бугун БМБ профессионал футзал клубида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни клуб президенти А.Маматқулов бошқариб борди.

"Йиғилишда Бегимов Асқар Қутлимуратовичнинг бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан БМБ ПФC витсе-президент, ижрочи директори лавозимига Дўсқобилов Мавлон Қулмаматович тайинлангани эълон қилинди.

Йиғилиш давомида ОФК клублар ўртасида қитъа футзали нуфузини янада ошириш мақсадида Осиё чемпионлар лигаси мусобақасини қайта тиклаш бўйича қабул қилинган муҳим қарори ва клубнинг ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакат миқёсидаги барча мусобақаларда етакчилик қилиб келаётган БМБ ПФC учун халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш вақти келгани таъкидланди. Шу муносабат билан клуб бошқарув тизимини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

БМБ ПФC ўйин сифатини кучайтириш ҳамда халқаро ареналарда кучли рақибларга қарши мардонавор, тенгма-тенг кураша оладиган рақобатбардош жамоани шакллантириш мақсадида бош мураббийлик лавозимига Нодир Элибоев тайинлангани маълум қилинди.

Нодир Элибоев БМБ ПФC билан жамоанинг шаклланиш давридан тортиб, етакчи клублар сафига кўтарилишига қадар бирга бўлган, клубдаги барча иш жараёнларини чуқур биладиган мутахассис сифатида эътироф этилди. Унинг бошчилигида жамоа уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлганлиги, мамлакат Кубоги ҳамда Суперкубоги мусобақаларида зафар қучганлиги эслаб ўтилди", - дейилади берилган хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!