"Бобур арена" янада янги қиёфага кирмоқда. Сабаби...

"Андижон" футбол клуби матбуот хизматининг маълум қилишича, Андижон футболи учун муҳим ва тарихий қадам қўйилди. “Бобур арена” стадионида янги, кенг қамровли лойиҳанинг тамал тоши қўйилди. 

Бу ерда вилоят ҳокими, фаоллар, фахрийлар, ташкилот ва клуб раҳбарияти ҳамда кўплаб мухлислар жам бўлиб, эзгу ниятлар билан дуои фотиҳа қилинди. Шунингдек, халқ анъаналарига хос тарзда қўй сўйилиб, элга ош тарқатилди.
Бу ташаббус оддий қурилиш эмас — бу “Бобур арена”ни бутунлай янги босқичга олиб чиқадиган лойиҳа. 

Режага кўра, стадион ҳудудида кечаю кундуз, яъни 24/7 форматда фаолият юритадиган замонавий мажмуалар барпо этилади. Ушбу Истиқболли лойиҳа “Макро Фарм Андижон” корҳонаси ҳомийлиги остида амалга оширилади. Бу эса стадионни фақат ўйин кунлари эмас, балки ҳар куни ҳаёт қайнайдиган марказга айлантиради.

Янги бинолар, кўнгилочар масканлар, мухлислар учун қулай инфратузилма — буларнинг барчаси “Бобур арена”га янги нафас бағишлайди. Эндиликда бу маскан нафақат футбол ўйинлари учун, балки оилавий дам олиш, дўстлар билан вақт ўтказиш ва турли тадбирлар ўтказиш учун ҳам энг севимли манзилга айланиши кутилмоқда.

Энг муҳими, бу ўзгаришлар мухлислар учун. Чунки ҳақиқий футбол муҳити нафақат майдонда, балки уни ўраб турган муҳитда ҳам яратилади. Янги лойиҳа орқали “Бобур арена”да ҳар бир ўйин ҳақиқий байрамга айланади.

Андижонда футболга бўлган муҳаббат янада кучаймоқда. “Бобур арена” эса бу муҳаббатнинг юрагига айланиш арафасида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!