Бобур Нажмиддинов: "Коронавирус бизни ташвишга солаётгани йўқ"

Жануббий Кореянинг “Cocky Buffalo” промоутерлик компанияси билан бир қатор ўзбекистонлик боксчилар билан бирга ёш истеъдодли мураббий Бобур Нажмиддинов ҳам ҳамкорлик қилади. Юртдошимиз ҳозирда ушбу компаниянинг Вьетнамдаги баъзасида Олимжон Назаров, Абдурасул Исмоилов ва Равшанбек Шерматовларни жангларга тайёрлаб бормоқда. Бобурга компания раҳбарларининг ҳам ишончи жуда юқори.

 Биз ушбу ёш мураббийимиз билан боғланиб, қисқача мулоқотда бўлдик. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Без названия (10)

- Аввало, куни кеча Камбоджада (29 февраль куни Олимжон Назаров ҳамда Абдурасул Исмоилов навбатдаги ғалабасига эришганди)ги шогирдларингиз муваффақияти билан табриклаймиз.

- Раҳмат.

- Одатда, мазкур мамлакатда бундай бокс кечалари кам ташкил қилинади. Ташкилотчилик, савия қай даражада бўлди?

- Барчаси ажойиб кўриниш олди.

- Равшанбек Шерматов ҳам рингга кўтарилиши керак эди. Лекин рақиб етиб кела олмади деган иддао билан жанг бўлмади. Аниқ сабабига ойдинлик киритсангиз?

- Аслида ҳам рақиб етиб кела олмади. Вазн ўлчаш маросимидан бир кун аввал Камбоджага учиб келишлари керак эди. Уни аэропортда тўхтатиб қолишган. Фуқаролик паспортида қандайдир камчилик бўлган экан. Ҳар ҳолда бизга шундай маълумот беришди. Ваҳоланки, Равшанбек жангга тайёр эди.

- “Cocky Buffalo” билан шартномага эга бўлган барча боксчиларга мураббийлик қиласизми ёки фақат ўзбекистонликлар қўл остингизда машғулотлар ўтайдими?

Бобур

- Ҳозирча, фақат ўзимизнинг боксчилар... Лекин Камбоджада рингга кўтарилган компаниянинг барча аъзоларини ўзим тайёрладим.

- Умуман ушбу промоутерлик компанияси билан қандай ва қанча муддатли шартномага эгасиз?

- Шунчаки ўзаро ишончга асосланаган оғзаки келишувга эгамиз. Муддати чексиз.

- “Cocky Buffalo” нинг президенти Мистер Ким Олимжон Назаровни йил охирига қадар WBO чемпионлик камари учун жанг қилади деди. Бу қанчалик ҳақиқат?

- Олимжон Назаровнинг вазн тоифаси (-50.8 кг) да ушбу йўналиш чемпионлик камари вакант бўлиб турибди. Сабаби чемпион вазнини юқорига кўтарганидан сўнг, шундай ҳолат юзага келди. Ҳозирда рейтингда филиппинлик биринчи ва япониялик боксчи иккинчи ўринда турибди. Уларнинг чемпионлик жанги кейинги ойда бўлиши керак эди. Коронавирус туфайли, бу жанг номаълум муддатга қолдирилди. Улар ўзаро ҳисоб-китоб қилиб, чемпионга аниқлик киритилса, Назаровда даъвогар бўлиш имконияти бор. Чунки, айни вақтда 9-ўринда қайд этилган. Камбоджадаги жангидан кейин яна кўтарилса, битта ҳимоя жангидан сўнг кучли учликка кириш имконияти пайдо бўлади.

- Коронавирус ҳақида гап очдингиз, Вьетнамда ҳам ушбу касаллик пайдо бўлибди. Сизларга бу борада қандайдир тиббий режим қўлланмоқдами?

- Биз яшаётган Хо Ши Мин шаҳрининг иқлимида ушбу вирус ривожлана олмас экан. +27 градусдан юқорида шундай бўлади деб айтишди. Шунинг учун биз одатий кун тартиби билан машғулмиз. Бир сўз билан айтганда бизни бу касаллик ташвишга солгани йўқ.

- Жанубий Кореялик промоутернинг Абдурасул Исмоиловга ишончи жуда юқори экан. У билан боғлиқ қандай янгилик айта оласиз?

- Мистер Кимга унинг услуби жуда ёқади. Абдурасул Камбоджада ҳам оддий бўлмаган рақиб билан жанг ўтказди. Кейинги ой ҳам рингга кўтарилади. Яна икки шундай даражадаги баҳсдан сўнг, унга ҳам жиддий жанг ташкил қилинади.

- Шоҳруҳ Ашуров ва Абдулазиз Нажмиддиновларга ҳам “Cocky Buffalo” томонидан қизиқиш билдирилаётганди?

- Компания билан шартномага эга бўлган россиялик боксчига рақиб керак бўлиб қолди. Мен Шоҳруҳ Ашуровни тавсия қилдим. Шоҳруҳ Жанубий Кореяда жанг ўтказиб, россиялик боксчини мағлуб этди ва раҳбарларимизда яхши таассурот қолдирди. Кейинчалик Вьетнамда бўлиб ўтган жанг кечасида ҳам рингга кўтарилиб, дуранг қайд этди. Лекин бу борада ҳозирча янгилик йўқ.

- Абдулазизчи?

- Абдулазиз Нажмиддинов тез орада Жанубий Кореянинг бошқа промоутерлик компанияси билан шартнома имзолайди.

- Аниқроқ маълумот бера оласизми?

- Samsung boxing promotion.

- Суҳбат учун ташаккур ва келгуси фаолиятингизга омадлар тилаймиз.
- Раҳмат.

Бобур1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!