Бор оғирлик Шомуродовга тушяпти...

  • 23 ноябрь, 10:31
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари мухлислик қилаётган “Итанбул Башакшеҳир” жамоас  Туркия Суперлигасининг 13-тур учрашувини ўз майдонида “Трабзонспор” футболчиларига қарши ўтказади.

Tecno

Sports.uz портали ушбу ўйинга бағишланган превьюни ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.

“Истанбул Башакшеҳир” кучли таркиб ва машҳур бош мураббийи борлигига қарамай, бу мавсумда мухлислар ишончини тўлиқ оқлай олмаяпти, жамоа мусобақа жадвалида бор-йўғи ўн учинчи ўринда жойлашган.

Бу галги рақиб “Трабзонспор” эса, юқори ўринларга даъвогар бўлиб, чемпионатда учинчи ўринни эгаллаб турибди.

“Башакшеҳир” бироз жонланди, лекин...

Истанбул клуби учун мавсум ўта омадсиз ўтмоқда. Жамоа турнир жадвалининг иккинчи ярмига ўрнашиб қолди, бу эса клубнинг медаллар учун курашишга бўлган интилишларига мутлақо мос келмайди.

 Омадсиз стартдан сўнг жамоага Нури Шахин бош мураббий бўлди. Бироқ Дортмунднинг “Боруссия” афсонаси ўзининг илгариги клубидагидан кўра яхшироқ натижа кўрсата олмаяпти. Дастлаб, унинг бошқарувида жамоа беш ўйинлик ғалабасиз серияни қайд этди. Истанбулликлар “Антальяспор”ни 4:0 ва “Кожаэлиспор” 1:0 ҳисобида енгганида инқироз тугагандек туюлди. Бироқ охирги турда улар аутсайдерлардан бири бўлган “Генчлербирлиги”га ютқазди  - 1:2.

Файзуллаев сафга қайтишга яқин, асосий умид яна Шомуродовдан

Ёзда жамоага келган ўзбекистонлик легионерларнинг Босфор бўғози қирғоқларидаги фаолияти турлича кечмоқда. Элдор Шомуродов 12 та учрашувда саккизта гол уриб, жамоани деярли якка ўзи елкасида кўтариб келмоқда.

Истанбулликларнинг муаммолари кўп жиҳатдан ҳужумкор футболчиларнинг жароҳатлари билан боғлиқ. Аббосбек Файзуллаев бир ярим ойдан ортиқ даволанди ва ноябрь ойидаги халқаро танаффусда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоасига бора олмади. Лекин шу вақт ичида жароҳатдан деярли тикланиб бўлди. Юсуф Сари эса охирги турда жароҳат олди. Шунингдек, чап қанот ҳимоячиси Кристофер Опери ҳам жароҳатланганлар рўйхатида.

“Башакшеҳир” кам, лекин мунтазам гол урмоқда            

Истанбул клубининг самарадорлик билан боғлиқ муаммолари бор. Ҳеч ким Шомуродовнинг тўпурарлик кайфиятини қўллаб-қувватлай олмаяпти.  Элдордан бошқа фақат иккита ўйинчи – Иван Брнич ва Нуну да Кошта иккитадан гол урган холос.

Адолат юзасидан айтадиган бўлсак, истанбулликлар ўз майдонидаги учрашувларда фақатгина “Эйюпспор”га қарши ўйинда гол уролмади, қолган учрашувларнинг барида футболчилар рақиб дарвозасига йўл топа олди. Аммо кўп вазиятларда бу голлар ғалабага камлик қилди. “Башакшеҳир” ўз уйидаги бешта учрашувдан фақат биттасида зафар қучди.

“Трабзонспор”нинг мағлубиятсиз серияси еттита ўйинга етди

Қора денгиз қирғоқларидаги клубнинг мағлубиятсиз серияси 20 сентябрда бошланган. Ўшанда Фотиҳ Текке шогирдлари “Газиантеп ББ” билан дуранг ўйнаганди. Шундан сўнг жамоа кетма-кет тўртта гол урилган иккита ўйин ўтказди ва кейин яна иккита ғалабага эришди. Гарчи мағлуб этилган жамоалар у қадар кучли рақиблар бўлмаган эса-да, “Трабзонспор” муҳим очколарга эга бўлди. Танаффус олдидан жамоа сафарда “Галатасарой”дан бир очко тортиб олди (0:0), шунингдек, уйда "Аланьяспор"га қарши ўйинда очко йўқотди (1:1).

Таркиб оптимал формада

Жамоага фақат тажрибали марказий ҳимоячи Стефан Савич ёрдам бера олмайди. “Манчестер Сити” ва “Атлетико”нинг собиқ ҳимоячисидан ташқари, “Трабзонспор”да катта йўқотишлар йўқ. Черногориялик ҳимоячи йўқлигида марказий ҳимоячи ролини номинал таянч ярим ҳимоячиси Окай Йокушлу ўз зиммасига олди.

Шунингдек, бельгиялик ярим ҳимоячи Бенжамин Бушуари дисквалификация туфайли жамоасига ёрдам бера олмайди, бироқ у асосий таркиб ўйинчиси эмас. Нигериялик фахрий футболчи Энтони Нвакаэме узоқ вақтдан бери жароҳатланган, аммо ҳозирда у умумий рўйхатдан ҳам йўқ.

Ўзаро учрашувларда ким устун?

Сўнгги пайтларда трабзонликлар Истанбул клубига қарши муваффақиятли ўйнамоқда. “Трабзонспор” охирги тўртта ўйинини “Истанбул Башакшеҳир” устидан ҳеч қандай гол ўтказмасдан қозонилган ғалабалар билан якунлаган.

Ўзаро учрашувларнинг бутун тарихида ҳам “Трабзонспор” устунлик қилмоқда — рақибнинг ўнта ютуғига қарши ўн тўртта ғалаба. Устунликка айнан сўнгги йилларда эришилди. Ҳозирги ҳолатга кўра, меҳмонлар серияни давом эттириш учун ажойиб имкониятга эга.

Икки тўпурар тўқнашуви

Туркия Суперлигасининг тўпурарлар пойгасида рақиблар дарвозасини саккиз мартадан ишғол қилган Элдор Шомуродов (“Башакшеҳир”) ва Пол Онуачу (“Трабзонспор”) пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбек ҳужумчиси голларидан биттасини пенальтидан киритган. Нигериялик ҳужумчи эса, 11 метрлик нуқтадан икки марта гол урган. Энди ҳар икки тўпурар ўзаро тўқнаш келди. Иккиси ҳам ўз номига навбатдаги голларни ёздириб қўйишга ҳаракат қилади.

Тахминий таркиблар:

“Башакшеҳир”:

Муҳаммад Шенгезер, Жером Опоку, Лео Дуарте, Али Шахинер, Фести Эбоселе, Берат Ўздемир, Умут Гюнеш, Амин Арит, Мишель Креспо, Дениз Тюрюч, Элдор Шомуродов.

“Трабзонспор”:

Андре Онана, Окай Йокушлу, Райян Бания, Вагнер Пинья, Мустафо Эскихеллач, Тим Жаболь-Фолькарелли,  Инао Улаи,  Александр Зубков, Фелипе Аугусто, Козим Олаигбе, Пол Онуачу.

Туркия чемпионати 13-туридан ўрин олган “Истанбул Башакшеҳир” ва “Трабхонспор” ўртасидаги учрашув 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.

Ўзбек ҳужумчиси Еврокубокларда ўйнаш учун топ-клубга ўтиши кутилмоқда

Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!