Бош мураббийсиз қолган "Динамо" 10 июндан машғулотларини бошлайди

Хабарингиз бўлса керак, ПФЛ про-лига баҳсларига 3 июлдан старт берилишини эълон қилди. Унгача эса Ўзбекистон Кубоги саралаш баҳслари орқали расмий ўйинлар бошланади.

Юртимизда карантин эълон қилинган пайтда эса ҳали про-лига мусобақаси бошланмаганди. Энди бўлса, вазият ўзгарди ва қуйи лига жамоалари ҳам аста-секин машғулотларга киришмоқда.

Ўтган йили Суперлигани тарк этган ва жорий мавсумда ўз олдига яна кучлилар орасига қайтишни мақсад қилган Самарқанднинг “Динамо” жамоаси 10 июндан машғулотларини бошлайди, бу ҳақида клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 9 июнь куни эса жамоа аъзолари коронавирус учун тест топширади.

Куни кеча “Динамо” бош мураббийи бўлиб ишлаётган Тачмурод Агамуродов “Қизилқум”да иш бошлагач, Самарқандда унинг ўрни бўш қолганди. Бу борада “Динамо” раҳбариятининг Sports.uzга маълум қилишича, айни пайтда янги бош мураббий масаласи очиқ турибди. Тез орада клубни ким бошқариши маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, “Динамо” жамоаси про-лиганинг дастлабки турини 3 июль куни сафарда “Нефтчи”га қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!