“Бош вазир кубоги-2020” футбол мусобақалари бошланмоқда

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 4 сентябрда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлардаги йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида турли оммавий маданий ва спорт тадбирлари, жумладан “Бош вазир кубоги” мусобақасини ўтказиш вазифаси юклатилган эди.

Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 4-12 октябрь кунлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг ходимлари ўртасида футбол мусобақалари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу мақсадда “Бош вазир кубоги” мусобақаларида қатнашиш учун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 150дан ортиқ вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларга таклифномалар юборилди. Мусобақада иштирок этиш учун талабнома тақдим этишнинг сўнгги муддати этиб 10 сентябрь белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили илк маротаба ташкил этилган мусобақаларда 64та жамоа иштирок этганди. Бир ҳафтадан ошиқроқ давом этган қизғин ва муросасиз баҳсларда бош совринни Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоаси қўлга киритган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!