"Бошида тажрибали ўйинчилар олиш керак эди, мағлубият учун бош айбдор менман" ёхуд "Андижон" устозининг матбуот анжуманидаги жиддий гаплари
“Андижон” – “Локомотив” (1:2) ўртасидаги учрашувдан кейин уюштирилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Ёрқин Назаров иштирок этди.
- “Локомотив”ни ғалаба билан табриклайман. Футболчилар қўлдан келганини қилишди, уларга мана шундай иссиқ кунда ўйнаганига раҳмат. Ютқаздик, нима дейман? “Локомотив” кучли рақиб, барибир тажрибали ўйинчилари фойда келтирди.
- Ҳозирги ҳолатингизни тушунамиз. Лекин арзимас хато эвазига голлар ўтказилди ва мағлуб бўлди. Голдан кейин руҳий ҳолатга тушиб қоляпти...
- Ютқазгандан кейин жамоа руҳий ҳолатга тушиб қолади, тўғри. Учрашувдан аввал ҳам шу мавзуда роса гапириб-гапириб, уларни руҳлантириб туширдик. Фамилиясини айта олмайману, тўғри айтяпсиз, оддий вазиятларда хато қилишяпти, Бикмаев эса гол уриб кетди. Яна қайтараман, йигитларга миннатдорчилик билдираман. Деярли айтган вазифамизни бажаришди. Омадимиз келмади.
- Футболчиларнинг кўзида нега “ўт” чақнамаяпти? Шашт билан ўйнашмаяпти? Майдонда фақат юришяпти, югурмаяпти. Нега тезлик йўқ?!
- Футболчиларни олдига кўрсатма бериш учун икки марта чиққанимда тилим қуриб қолди, гапира олмай қолдим ва сув ичиб олдим. Мана шундай иссиқ ҳавода шунчалик югуришганига раҳмат. Керак жойда тезлик бўлди, қарши ҳужумларга ҳам ўтдик. Ҳеч кимга эътироз йўқ. Фақат оддий вазиятларда гол ўтказяпмиз. “Локомотив” ўйин бўйича катта устунлик қилмади, йигитлар меҳнат қилишди. Рақибнинг биринчи голида ўзи вазият яратмади. Биз тўпни олдириб қўйдик ва гол уришди. Дарвозабонни айбламайман. Бикмаев гол урганда ҳам шунақа. Тажриба деб шуни айтишса керак-да!
- Мағлубиятда ўзингизни қанчалик айбдор деб ҳис қиляпсиз?
- Мен бош айбдорман.
- Бу кейинги фаолиятингизга салбий таъсир қилиши мумкинми?
- Бу таъсир кўрсатиши мумкин. Олдинг бош мураббий кетиб, мени қолдиришганида қийин бўлишини билардим. Аммо шунга қарамай, жамоа қиламиз деб рози бўлганман. Ҳолбуки, жамоа кучсизлигини билардим, бошида тажрибалироқ ўйинчилар олиш керак эди. Мағлубиятни ўз бўйнимга оламан. Футболчиларда айб йўқ, фақат уларнинг айримларида савия паст. Ҳали Суперлигага мос эмас.
- Жамоада алмаштириб бўлмайдиган ўйинчи борми? Ҳали “Андижон”нинг ўйини йўқ. Абдаманноповнинг индивидуал маҳорати эвазига гол урилди. “Локомотив” да эса ўйин бор. Масалан, Саидазимов иккита ўйиндан бери хато қиляпти, ўрнига бошқа футболчи йўқми?
- Бу ўйинда у хато қилди. Олдинги учрашувда бошқаси хато қилди. Ундан аввалгисида эса яна бошқаси. Тўғри, хато қилишяпти. Аммо саволни тушунмадим. Ўйин бўйича келсак, ҳаммаси бизнинг режамиз бўйича бўлди. Йигитларга берилган кўрсатма ҳамда вазифалар деярли бажарилди. Камрон Саидазимов яхши ўйнади. Фақат биринчи голда унинг хатоси билан гол бўлди. Бошқасини қўйсам, у хато қилмайдими?! Иккинчи голда кимни хатоси бўлди, эсингиздами? Қанот ва марказий ҳимоячилар хато қилишди.
- Боакега мослаб тактика қилинмаяпти...
- Сизга битта нарса айтаман, балки шундан кейин бу каби саволларингиз бўлмаса керак. Димов, Боаке, Жалолиддинов, Абдуманнопов, Исмоилов... булар чемпионатга бир ҳафта қолганда қўшилди. Димов алдамас экан, у уч ой югурмадим деди. Шундай бўлса ҳам бу ерга келди ва ўйнаяпти. Менимча, у Ўзбекистондаги легионерлар орасида яхшиларидан бири. Қолган ўйинчилар ҳам қишда яхши шуғулланишмаган. Қишда тайёргарлик чоғида пойдевор қўйилади. Асосий таркибдаги ярим ўйинчиларда қишки машғулотлар пайтида ана шундай пойдевор қўйилмаган. Чемпионатдаги танаффус пайтида уларни жисмоний томондан ҳолатини яхшилаш зарур. Жамоани ярми жисмонан тайёр эмас.
- Мухлислар сиздан ниманидир кутишяпти. Уларга нимани ваъда бера оласиз?
- Раҳбарият бошқа мураббийни кўраётган бўлса, мен раҳмат деб кетаман. Учта учрашувда қўлимдан келганини қилдим. Агар мени қолдириб, ишлашда давом этинг дейишса, танаффус пайтида яхшилаб тайёрланамиз ва жамоани юқорига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Футболда нимаики билсам, ҳаммасини ишга соламан, ютиш учун. Мухлисларни тушуниб турибман. Улардан узр сўрайман. Ўзим эса мавсум ўртасида нарсаларимни йиғиштириб кетиб қолмайман. Имконият беришса, футболчиларни тайёрлаб вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар