Ботир Жукембаев Шоҳжаҳон Эргашевни мағлуб эта олармиди? Қозоқ боксчисининг мураббийи жавоб берди

  • 1 октябрь, 2020, 11:10
  • 0
  • Бокс

Икки енгилмас боксчи Шоҳжаҳон Эргашев ва қозоғистонлик Ботир Жукембаев тўқнашуви бўйича музокаралар олиб борилган ва Жукембаев жангни рад этгани ҳақида хабар берган эдик. Бу борада батафсил маълумот олиш учун Қозоғистоннинг vesti.kz сайти Жукембаевнинг мураббийи "Бупас" номи билан танилган Aндрей Ивичук билан интервью ташкил этди.

Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Aндрей, Эргашев ва Жукембаев ўртасидаги жанг бўйича музокаралар қандай келиб чиққанини айтиб берсангиз?

- Бу жанг таклиф қилинганида жуда мамнун бўлдик. Чунки бу тўқнашув Ботирга рейтингда юқорилаш ва жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилишга ўзига хос имконият яратарди. Бошқа томондан эса, Aмерика Қўшма Штатларига виза олиш масалалари ҳам бор эди. Бизда виза йўқ. Мен элчихонадаги танишларим билан гаплашиб кўрдим. Ҳозирда Россиянинг бирон жойидан AҚШга визани ҳал қилишнинг имкони йўқлигини айтишди. Виза олиш учун узоқ вақт керак бўларди. Ўзим Беларусь фуқаросиман ва бу вазиятда мен ўз ватанимга қайтиб кетишим, Ботир эса машғулот жараёнини ташлаб, Қозоғистонга кетиши керак бўлди. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳолат биз учун омадли бўлмасди. Бизга 19 ноябрда AҚШда жанг ўтказиш таклифи берилди. Эргашев оддий рақиб эмас ва бу жанг яхши тайёргарликни талаб этарди. Бундай ҳолатда кафолатланмаган виза учун Россиядан ўз ватанимизга қайтиб кетиш биз учун таваккал жараён эди.

- Эргашев ҳам 21 сентябрда жанг ўтказиши керак эди. Ўз жангинг яқин бўла туриб, бошқа баҳс учун музокарага киришиш қанчалик тўғри, деб ўйлайсиз?

- Менинг ишончим комилки, Эргашев жанг бўйича Жукембаев билан музокара бўлаётганидан хабари бўлмаган. Чунки Камил Эстефан бизга биринчи бўлиб жангни таклиф қилди. Барчаси муҳокама жараёнида эди. Ботирнинг жавобидан келиб чиқиб, ундан сўнг Эргашев томони билан музокаралар бошлаш режа қилинганди. Ботир жангни рад этгани йўқ. У виза муаммоси ва вақт камлигини тушунтирмоқчи бўлганди.

- Демак, Жукембаевнинг промоутери Камил Эстефаннинг интервьюсидаги гаплари тўла вазиятни очиб бермаганмиди?

- Мен промоутерлар билан кўп йиллардан бери ишлаб келяпман ва бу борада тажрибам бор. Боксчи таклиф қилинган шартларга рози бўлмаганда, улар хафа бўлади. Ўйлайманки, бу тушунмовчиликка тил билан бўлган муаммо ҳам сабаб бўлди. Ботир Камил билан бевосита, таржимонсиз мулоқот қилган ва унинг инглиз ва француз тилларини яхши билмаслигини ёдда тутиш керак. Иккаласи ҳам ҳиссиётга берилган, деб ўйлайман ва вазият бироз кескинлашди. Умид қиламанки, ҳамма нарса ўз жойига тушади ва улар ўзаро бир қарорга келишади. Ботир бутун фаолиятини Канадада ўтказди ва кўп ютуқларга эришди. “Eye Of Tiger Management” ўз боксчиларининг қадрини билади. Комил Эстефан Ботир учун катта жангларни ваъда қилди. Бу йил май ойида AҚШда “Golden Boy”ташкил қилган кечада жанг қилиши керак эди, аммо пандемия бу режаларни бузди.Энди, етти ойлик танаффусдан сўнг Жукембаевга яхши оралиқ жанг керак.

- Aммо промоутер Камил Эстефан ҳаттоки мураббий Aндрей “Бупас” ҳам Ботирни уч кун кўндиришга ҳаракат қилганини айтганди?

- Ботир жанг қилишдан бош тортмади. Уни кейинроққа қолдиришини ва ҳозир унга оралиқ жанг беришни илтимос қилди. Шу билан бирга виза ҳолати ва қатъий муддатларни ҳам инобатга олиш керак .Ботир даражасидаги боксчи учун фаолиятининг ушбу босқичида ҳеч қандай хатога йўл қўйиб бўлмайди. Машғулот жараёнида боксчига бундай тезкор таклиф ва муддат бўлса, яхши тайёргарлик кўриш учун имкон бўлмайди. Ботирнинг ҳар бир қадами мутаносиб ва ​​ўйланган бўлиши керак. Чунки у энди 20 ёшли йигит эмас, юқори дивизион боксчиси!

- Сиз аввал Эргашев билан ишлагансиз, энди Жукембаев билан машқ қиляпсиз. Сизнинг шахсий фикрингиз - бу қарама-қаршиликнинг натижаси қандай бўларди?

-Ботир Шоҳжаҳонни мағлуб этишига юз фоиз аминман. Ботир кўп қиррали ва ақлли боксчи. У жуда интизомли, ҳамма нарсани диққат билан тинглайди ва жанг режасини амалда яхши бажаради. Мен бу жангни яқин келажакда бўлишини жуда хоҳлайман. Чунки мен ҳар бир раунд учун Эргашев билан қандай ҳаракат қилишни ва унга қарши жанг режасини тузишни биламан.

- Эргашевга мураббий сифатида қандай баҳо берасиз ёхуд у қай тарздаги боксчи?

-Унинг зарбаси яхши, икки қўли билан бирдек кучли зарба йўллайди. У бирдан ҳужумга ўтади ва ўз мақсадига етади. Қолаверса, Эргашевнинг фаолиятида унга ҳали нимадир билан қаршилик кўрсатадиган жиддий рақиблар бўлмаган. Барчаси нокаутчи эканидан қўрқиб жангга чиқишган эди.

- Жукембаев ва Эргашев ўртасидаги жангни қачон ташкил қилиш мумкин, деб ўйлайсиз?

- Ботир оралиқ рақиб билан синовдан ўтиши керак. Шундан кейингина ушбу жанг ҳақида гапириш ўринли бўлади! AҚШда бўлмаса ҳам, бу икки боксчи ўртасидаги жанг, МДҲ мамлакатларида декабрь ойида ўтказилиши мумкин. Ҳар иккиси ҳам ўз мамлакатларида жуда кўп мухлисларига эга. Менимча, бу қарама-қаршилик титул учун бўлиши керак. Бунинг учун промоутерлар ҳам кўпроқ ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!