"Бу чемпионатда ўйнайман деб ҳеч қачон ўйламагандим". Легионеримиз қандай қилиб у ерга бориб қолганини айтди
Ўтган йили Грузиянинг “Торпедо” Кутаиси клубида ўйнаб, сўнг мавсумнинг иккинчи ярмида “Сурхон”га қўшилган ҳимоячи Мурод Тўйчибоев ҳозирда қаерда?
Унинг Термиз клубида ишлари кўнгилдагидек юришмади. Янги мавсумни эса кутилмаган жамоада бошлади, дейишимиз ҳам мумкин. Чунки Мурод Қирғизистон чемпионатида қатнашадиган “Алай” жамоасига кетди.
Ҳозир айнан шу ерда ўйнаб турибди. Футболчининг бундай қарорга келишини кутмаганимиз рост. Ҳар ҳолда у охирги пайтларда ўз савиясини анча оширганди ва шунга яраша чемпионатда ҳам тўп сураётганди. Қуйида у билан уюштирилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Нима учун “Алай” клубига ўтдингиз? Очиғи, бундай йўл тутишингизни кутмагандик. Бунга жиддий сабаб борми?
- Очиғи, мен ҳам Қирғизистон чемпионатида футбол ўйнайман, деб ҳеч ҳам ўйламагандим. Қишда бошқа чет эл клубларидан таклифлар бор эди. Аммо бу амалга ошмай қолди. Рости, бунга сабаб “Сурхон” клубида олган жароҳатим, деб ўйлайман. Чунки хорижда футбол ўйнагани бораётганингизда ўйинчини охирги клубида қанча ўйин ўтказганига эътибор қаратишади. Жароҳат бу футболчини душмани. Буни ўзинглар ҳам яхши биласизлар.
- Лекин сиз яна Ўзбекистон чемпионатида қолишингиз мумкинмиди ёки аниқ таклифлар бўлмадими?
- Ўзбек клубидан аниқ таклиф бўлмади! Ўзбекистон чемпионатига яхши ўйинларим билан ўзимни кўрсатаман, деб қайтгандим. Аммо юқорида айтиб ўтганимдек, жароҳат туфайли ниятлар амалга ошмади.
- “Сурхон”да кўп ўйнамаганингизга демак жароҳат сабаб бўлдими ёки бошқа жиҳати ҳам борми?
- Албатта, жароҳат сабабли кўп ўйинларда қатнаша олмадим. Келишим билан 3 та учрашувда асосий таркибда ўйин ўтказдим. Тўртинчи учрашувга келиб жароҳат олдим. Шу сабабли кўп вақтимни даволатиш ва тикланиш билан ўтказиб юбордим.
- Эшитишимча, “Сурхон”га ўтиб афсусланган экансиз, шу ростми ва рост бўлса нима учун?
- Гапирсам гап жуда кўп. Қисқа қилиб айтганда, “Сурхон” клубида ички муҳит яхши эмасди.
- Демак, бу клубда ўзингизни жуда ноқулай ҳис қилганмисиз?
- Ҳа, шундай.
- Нима деб ўйлайсиз, қирғиз чемпионатида тўп суришингиз фаолиятингизга жиддий таъсир қилишидан чўчимайсизми?
- Қирғизистон чемпионатида футбол ўйнашим фаолиятимга ҳеч қанадй таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман. Негаки, ҳамма нарса футболчини ўзига боғлиқ. Худо хоҳласа, яқин кунларда фаолиятимда яна ўзгариш бўлиши мумкин.
- “Алай”га вақтинчалик келдингизми? Айнан қандай ўзгариш бўлиши мумкин?
- Ҳозирда менинг “Алай” клуби билан бир йиллик шартномам бор. Жамоа раҳбарияти билан келишувим мавжуд. Агар яхши клублардан таклифлар бўлса, кетишим мумкин. Фаолиятимдаги ўзгаришга келадиган бўлсак, Худо хоҳласа, бу амалга ошса, янгиликни сизлар билан баҳам кўраман.
- Ҳозирги пайтда клубдаги ишларингиз қандай?
- Ҳозирда клубдаги ишларим аъло даражада кетяпти. Клубдаги ҳамма шароитлар яхши.
- У ердаги футбол савиясига қандай мослашяпсиз?
- Қирғиз футболида кучсиз клубни ўзи йўқ. Ҳамма клублар ҳар бир ўйинда бор кучлари билан ҳаракат қилади. Қисқаси, ҳар бир учрашувдан кўнглим тўляпти.
Фикрлар