Бу ҳали ҳаммаси эмас ёхуд "Навбаҳор" яна қандай трансферларни амалга оширишини биласизми?
Юртимизда қишки трансфер ойнаси очилгани учун ҳар доим айнан шундай пайтда селекция авжига чиқади. Футболчиларга бўлган талаб туфайли ҳар ким ўзига ёққанини таклиф қилади, нарх-наволарини келишишади, гўёки бу ҳам бир бозорга ўхшайди-да!
Айниқса, декабрь-январь ойларида селекция роса авжига чиқади. Бундай пайтда ўйинчилар ҳам биринчи навбатда Суперлига клубларидан таклифларни кутишади. Шу сабабли про лига жамоалари ўз таркибларини асосан февралда тўлдиришни бошлашади.
Албатта, Суперлига иштирокчилари аллақачон трансфер қилишни бошлаб юборган. Бу борада фаоллик кўрсатаётган жамоалар бор. Ахир бундай пайтда “ухлаб ётиш” яхши эмас. Айниқса, “Навбаҳор” клуби томонидан амалга оширилаётган селекция бўйича кенг жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортяпти. Ростини айтганда, воқеалар ривожининг айнан шундай тус олиши кутилган манзара эди. Чунки бундай ишларнинг бошида Самвел Бабаян турганини барча билади. У расман “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида таништирилганидан кейин янги мавсумда янада шижоатли жамоани кўришни тахмин қилаётганлар бисёр, айниқса, наманганлик жонкуяр мухлисларнинг умидлари катта. Бабаян эса барчасини яхши билиб турибди. Шу боис мавсум тугамасиданоқ селекция ишларига киришиб кетган бўлса ажаб эмас. Унинг рўйхатида бир қанча ўйинчиларнинг фамилиялари бор.
У ишни нимадан бошлади? Аввало ўтган йилги таркибни, айниқса, етакчиларни сақлаб қолишдан бошлади. Ўткир Юсупов, Даврон Ҳошимов ва Боян Цигер билан аллақачон шартномалар узайтирилди. Бабаяннинг ишончини қозонмаган ўйинчилар эса ўзларига бошқа жамоа қидиришяпти. Кўпчиликни Азим Аҳмедов масаласи ҳам қизиқтириши табиий. “Навбаҳор” сардорининг олдида ҳам қатор қизиқарли таклифлар турибди. Лекин Самвел Вячеславович уни Наманганда қолишга кўндирди. Тўғри, ҳали янги шартнома узайтирилгани йўқ. Бироқ ўзаро келишувга кўра Аҳмедов бу йил ҳам “Навбаҳор”даги фаолиятини давом эттиришга рози. Тез орада расмиятчилик учун шартнома узайтирилади.
Энди янги ўйинчиларга тўхталамиз. 12 декабрь куни “Навбаҳор” Йован Жокичнинг трансферини эълон қилди. АГМКда тўп сурган сербиялик легионер биринчилардан бўлиб, наманганликлар билан келишувга эришди. Шундан сўнг яна бир қанча ижрочиларнинг “Навбаҳор”га кўчиб ўтишини эшитдик. Булар – Станислав Андреев, Ислом Кенжабоев, Нуриллио Тўхтасинов, Элгужа Григалашвили ва Жамшид Болтабоев. Фақат ҳали расмий шартнома имзоланмагани боис бу борада сукут сақланди. 1 январдан бошлаб клуб бирин-кетин айнан кутилган номлар бўйича келишувларга эришилганлигининг хабарини бера бошлади. Кеча “Навбаҳор” матбуот хизмати кун давомида беш нафар футболчи билан шартнома имзоланганини эълон қилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳозир ҳам музокаралар давом этяпти. Биздаги маълумотларга қараганда, “Навбаҳор”га қўшилиши мумкин бўлган ўйинчилар ҳақида қисман эшитяпмиз. Лекин селекция жараёнида барча ўйлаган режалар ҳам амалга ошавермайди. Айтайлик, “Сўғдиёна” ҳужумчиси Шохруз Норхонов фаолиятини Наманганда давом эттириши ҳақида гап-сўзлар йўқ эмасди. Аммо бизга етиб келган маълумотга қараганда, Норхонов “Навбаҳор”га ўтмайди, чоғи (агар воқеалар ривожи ўзгариб кетмаса).
Лекин Бабаян жамоасининг ҳужум чизиғини кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Бунинг учун зўр ҳужумчи билан музокаралар бошланган. Эшитишимизга қараганда, ўзи сербиялик, аммо бошқа чемпионатда тўп сураётган тўпурар футболчининг хизматларига қизиқиш билдирилмоқда. Агар томонлар келишувга эришишса, голга чанқоқ ҳужумчи “Навбаҳор”да пайдо бўлиши мумкин.
Жамоа аъзолари илк йиғинни ўтказишга ҳам улгуришди. 20-28 декабрь оралиғида Наманганда шуғулланишди. Унда асосан ўтган йилги таркибдаги ўйинчилар иштирок этдилар. 5 январь куни футболчилар Тошкентда тўпланишади ва эртасига Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетишади. У ерда бир қатор назорат ўйинлари ҳам ўтказилиши борасида келишиб олишган. Кўриниб турибдики, Бабаян ҳаммасини тўғри қиляпти. Қайси маънодаки, у таркибга ўзи истаган ўйинчиларни қўшиб оляпти. Ҳозирга қадар 6 нафар янги ўйинчилар билан шартномалар тузилди. Бу эса асосий таркибнинг ярми дегани. Албатта, яна қўшиладиган футболчилар бор. Аммо таркибнинг катта қисми аниқлаштириб олингани учун Туркияда энди жамоа ўйинини шакллантириш ва камчиликлар устида ишлаш айни муддао. Табиийки, янги футболчилар ҳам Анталиядаги машғулотларда бош мураббийнинг услубини ўзлаштириб борадилар. Шунинг учун ҳам Самвел Бабаян селекцияни эртароқ бошлади ва ўйинчиларни кўндиришни ҳам эплаяпти. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, “Навбаҳор”нинг селекцияси ҳали тугамади ва тез орада янги трансферларни эшитасиз...
Фикрлар