"Бу жамоанинг натижалари ҳайратланарли". Дербилар, фаворит ва аутсайдерлар ёхуд Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал босқичини ўтказиб юборманг, чунки...
21-25 август кунлари Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги 1/8 финал учрашувлари ўтказилади. Шу сабабли эътибор олдимизда турган 8 та жуфтликка қаратилади.
Бу ерда Суперлига клубларидан ташқари про лига вакиллари ҳам бор. Мухлисларга таниш бўлган мутахассислардан бири Баҳром Ҳайдаров 1\8 финал олдидан жамоаларнинг имкониятлари хусусида гапирди.
21 август (якшанба)
“Бунёдкор” – “Локомотив”
- “Бунёдкор”нинг ўйини янгитдан шаклланяпти. Боиси, у ерда янги мураббий ишлаяпти. Бу жамоалар яқинда чемпионат доирасида ҳам ўйнашди. Иккала жамоа ўртасидаги учрашув дерби ҳисобланади. Менимча, “Бунёдкор” клуби ғалаба қозонса керак. Бу жамоада аста-секин ривожланиш бўляпти. “Локомотив”нинг асосий эътибори чемпионатга қаратилган. Клуб кўпроқ иқтидорли ёшларга таянмоқда. Аслида иккала жамоада ҳам ёшлар анчагина. Барибир “Локо”да асосий эътибор чемпионатга. Назаримда, “Бунёдкор”нинг қўли баланд келса керак.
22 август (душанба)
“Андижон” – “Турон”
- Бу йилги про лиганинг икки етакчи жамоалари ўртасидаги асосий ўйинлардан бири. Бу Кубок баҳсига ҳам тегишли. Иккала жамоага жуда қийин. Шу сабабли имкониятлар 50х50. Кубок ўйини ғолиби битта ўйинда ҳал этилиши керак. “Андижон” жамоаси про лигада 1-ўринга чиқиб олди. Балки шунинг учун жамоада энди бироз бўшашлик ҳам кузатилиши ҳеч гап эмас. Биламан, “Андижон” Кубокда ҳам жиддий курашади. Аммо, барибир чемпионатда пешқадамга айланиб олгани бироз бўлса ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Икки клубда ҳам имконият тенг.
23 август (сешанба)
“Пахтакор” – “Шўртан”
- “Шўртан” жамоаси учун бу ўйин катта синов. Асрор Алиқулов бошчилигида ёшлардан ташкил топган жамоа саналади. Лекин “Пахтакор” иложи йўқ, кейинги босқичга чиқишини ва ютишини ҳаммамиз биламиз. Лекин Россия Кубогида адашмасам блогерлар жамоаси профессионал клубни ютиб, кейинги босқичга чиқди. Футболда мана шундай кутилмаган натижалар бўлиши мумкин. Аммо “Пахтакор” – “Шўртан” баҳсида бунинг имкони жуда кам. Аммо ҳамма нарса бўлиши мумкин.
“Сурхон” – “Насаф”
- “Насаф”да ҳаммаси яхши, фақат баъзида натижа ўзи кутганчалик ўхшамай қоляпти. Кубокда ғалаба қозониб ишончни қайтариб олмоқчи. “Сурхон”да ҳам шундай, жамоанинг натижалари пастга қараб кетяпти. Жуда қийин ўйин бўлади. Фикримча, “Насаф” имкониятни қўлдан чиқармаса керак.
“Олимпик” – “Навбаҳор”
- Бу жуфтликда ким чиқишини аниқ айта олмайман. Самвел Бабаян ва Тимур Кападзе жамоалари Ўзбекистонда ўзига яраша шов-шув уйғотишяпти. Масалан, бунгача Бабаян тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар бўлган. Аммо бугунги кунга келиб, Самвел Бабаян бошчилигидаги клуб чемпионатимизни бошқариб боряпти. Бу томонда эса Суперлигага илашиб қолган Кападзе жамоаси ҳам ҳайратланарли натижалар кўрсатяпти. Иккаласини имконияти 50х50.
24 август (чоршанба)
“Сўғдиёна” – “Машъал”
- “Сўғдиёна”ни “Нефтчи” билан ўйинидан кейин чемпионатда 1-ўринга чиқиб олиш имконияти бор. Улуғбек Бақоев шу баҳсга асосий эътиборини қаратади. Ундан кейин ОФК Кубогидаги жиддий ўйини бор. Лекин Бақоевни характерини биламанки, унга қайси ўйин эканлигини фарқи йўқ. Чунки қандай ўйин бўлмасин жамоасини фақат ғалаба учун ундайди. Ушбу жуфтликда имкониятлар 70х30
“Қизилқум” – “Қўқон-1912”
- “Қизилқум”нинг охирги ўйинларини кузатадиган бўлсак, тажрибали футболчиларининг ҳисобига ҳолатини яна яхшилаб оляпти. “Қўқон-1912”да мураббий алмашди. Қўқонликлар олдиндан қанақа ўйин бўлишидан қатъий назар фақат ғалаба учун курашади. Бу ерда ҳам имкониятлар 50\50.
25 август (пайшанба)
АГМК – “Металлург”
- Ўйлашимча, АГМКнинг алами бор. Чунки чемпионатда “Металлург”га ютқазиб қўйган. “Металлург” охирги турда “Сурхон” устидан ғалаба қозонган. Агар “Металлург” мураббийлари ўйинчиларини бўшашишига йўл қўймаса имкониятлар 50х50. Акс ҳолда АГМКнинг имконияти ошиб кетади. Умуман олганда, 60х40 олмалиқликлар фойдасига.
Фикрлар