Бу мавсум "Пахтакор" сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи ким?

Мавсум мобайнида жами 26 нафар ўйинчи "шерлар" сафида майдонга тушди. Академия тарбияланувчиларидан Жаҳонгир Аҳмадов ва Шохруҳ Маҳмудҳожиев жорий мавсум дебютини ўтказди. 26 футболчидан 15 нафари бевосита “Пахтакор” футбол мактабида таҳсил олган ўйинчилар бўлгани эътиборга молик.

Энг кўп учрашувда майдонга тушган футболчи "Пахтакор"нинг португалиялик легионери Исмаэль Гонсалвеш бўлди. У 31 беллашувда ҳаракат қилди. Майдонда ўтказган дақиқаси бўйича эса Элдор Суюнов етакчи бўлди. У 30 баҳс, 2700 дақиқа давомида ўйинларда дарвозасини қўриқлади. Ундан кейин Тиаго Безерра (2653 дақиқа) ва Жалолиддин Машарипов (2503) бу борада пешқадамларга айланишди.

Суперлига тўпурарига айланган Безерра ҳисобига 17 гол ёзилди. Гонсалвеш эса 16 гол муаллифи бўлди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, Фарруҳ Сайфиев 5 тўп киритди. Машарипов ва Игорь Сергеев эса 4тадан гол муаллифи бўлди. Голли паслар оширишда Машарипов етакчилик қилди – 7та. Безерра эса 6 бор жамоадошлари гол уриши учун сўнгги тўп оширишни амалга оширди. Гол+пас тизимида Безерра 23 очко тўплади. Гонсалвеш 18, Машарипов 11 балл йиғишга эришди. Ушбу учлик “Пахтакор”нинг мавсумдаги 52 голи урилишида бевосита иштирок этишди.

Черногориялик ҳимоячи Марко Симич ҳакамлардан 8 марта сариқ карточка олди. Ҳеч бир футболчига қизил карточка кўрсатилмади.

Майдонга тушган ёши энг катта футболчи Камолиддин Тожиев бўлди, 35 ёш. Жаҳонгир Аҳмадов эса энг ёш ўйинчига айланди – 20 ёш.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!