Бу мавсумда "Машъал" жумбоқ жамоа ролидами?
“Машъал” клубининг Суперлигага қайтганини кўпчилик илиқ қарши олишди. Боиси, муборакликлар бунгача бошидан оғир кунларни ўтказганини ҳали унутганимиз йўқ. 2017 йилгача “Машъал” олий лигада барқарор иштирок этиб келаётган жамоа эди. Ўша мавсумда улар 7-ўринни эгаллашганди. Бироқ чемпионат тизимида рўй берган ислоҳотлар натижасида “Машъал” клуби бунинг қурбонига айланган ҳолда янги ташкил этилган про-лигага тушириб юборилганди. Оқибатда клубнинг барча режалари остин-устун бўлиб кетади ва 2018 ҳамда 2019 йилги мавсумларни қуйи лигада ўтказишга тўғри келди.
Мажбурий равишда қуйи лигага равона қилинганидан кейин “Машъал”нинг сиёсати ўзгарди ва таркибидаги барча етакчиларни бошқа клубларга қўйиб юборди. Уларнинг ўрнига эса асосан ёшларни ўйнатишни бошлашди. Ўтган йилги мавсумда эса “Машъал” ўша ёшлар билан про-лигада пешқадамликни охиригача сақлаб қолди. Натижада икки йиллик танаффусдан сўнг муборакликлар яна элитага қайтишга муваффақ бўлишди. Шуни айтиш керакки, Суперлига ташкил этилганидан бери “Машъал” унда илк бор иштирок этади. Клуб бошига тушган турли қийинчиликларни енгиб ўтди. Бу жамоанинг ўзбек футболида ўз ўрни бор эди, хўш, улар ўша ўрнини яна қайтара оладими? Янги мавсумда янгиланган “Машъал” қандай каромат кўрсата олади?
Ҳозирча расмий равишда Суперлиганинг дебютанти саналадиган бу клуб бошқалар учун гўёки жумбоқ жамоадек бўлиб кўринмоқда. Ўз номи билан “Машъал” бўлса-да, аммо уларда аллақачон ишлаш услуби, клубдаги тизим ўзгарган, яъни ёшартириб юборилган. Қолаверса, моддий таъминотни ҳам унутмаслик лозим. Бу жамоа эса Суперлигага асосан “жимгина” тайёргарлик кўриб келмоқда. Балки бу жимликнинг ортида нимадир яширинган бўлиши ҳам мумкин. Икки йил давомида қуйи лигада иштирок этиб қайтган “Машъал” кучлилар орасига қайтиб ниманидир исботлашга ҳозирлик кўраётгандек. Лекин таркибига қарасангиз, жуда камтарин ва жиддий ўзгаришларсиз. Шу кунгача бу жамоа бирор-бир шов-шувли трансферни амалга оширгани йўқ. Аслида эса “Машъал” бундай селекция билан шуғулланмаган ва шуғулланмаса ҳам керак. Қизиқ жиҳати жамоа қуйи лигада ўйнаган пайтида бир қатор иқтидорли ўйинчиларини Суперлига клубларига ижарага бериб юборганди. Муборакликлар ҳам элитага қайтишгач, энди ижарадаги футболчиларни қайтариб олган ҳолда таркибини кучайтиришини тахмин қилганимиз ҳам рост. Аммо бу вазиятда “Машъал” раҳбарияти яна бошқача йўл тутишди. Оқибатда миллий терма жамоа даражасигача ўсишга эришган тарбияланувчиларини яна бошқа клубларга бериб юборди. “Насаф”да порлаган Ҳумоюн Муртазоев билан Сардор Абдураимов “Бунёдкор”га кетишди. Искандар Шойқулов яна “Сўғдиёна”да қолди. “Андижон”да тўпурар бўлган Шаҳзод Убайдуллаевни эса “Металлург”га бериб юборишди. Бунга ўхшаш мисолларни яна келтиришимиз мумкин.
Жамоанинг таркибига эътибор қаратар эканмиз, чиндан ҳам бирор-бир номи чиққан футболчилар чақирилганини кўрмаймиз. Асосан ўтган йилги таркиб ва қўшни клублардан таклиф этилган собиқ тарбияланувчиларини кўриш мумкин. Ўтган мавсумда “Бухоро” дарвозасини қўриқлаб тажриба орттирган Раҳимжон Давронов янги мавсумда катта эҳтимол билан “Машъал”нинг асосий посбони бўлади. Шунингдек, ўтган мавсумда “Шўртан”да фаолият олиб борган яна бир дарвозабон Ботир Носиров ҳам яқинда “Машъал”нинг машғулотларида иштирок этишни бошлади. Балки у дарвозабонлар мураббийи сифатида ҳам иш бошлаши мумкин. Давронов билан бирга “Бухоро”да тўп сурган футболчи Жамолиддин Убайдуллаев ҳам илгари “Машъал”да тўп сурганди. Клуб эса уни ҳам қайтарди. Самарқанднинг “Динамо”сида тўп сурган ярим ҳимоячи Аббос Шодмонов ҳам олдин “Машъал”да тўп сурганини инобатга олсак, у ҳам собиқ жамоасига қайтган дейиш мумкин. Клубнинг яна бир тарбияланувчиси Сирожиддин Раҳматуллаев ўтган йили Ғузорнинг “Шўртан” жамоасида фаолият олиб борганди, энди яна “Машъал” учун ўйнайди. Шунингдек, “Насаф”да ўйнаган ҳужумчи Шерзод Темиров ҳам муборакликлар сафида тўп сурадиган бўлди. “Бунёдкор”дан эса асли андижонлик бўлган ҳужумчи Жаҳонгир Абдусаломов таклиф этилди.
Кўриб турганингиздек, “Машъал”да номдор футболчилар йўқ, ҳаммаси ҳали танилишга улгурмаган, аммо ўйнаш учун иштиёқи юқори бўлган футболчилардир. Лекин тажрибали ижрочилар ҳам барибир керак. Шунинг учун бўлса керак, “Машъал”га хорижлик легионерлар ҳам қўшилишган. Масалан, 1987 йилда туғилган украиналик Денис Васильев ҳозирда “Машъал” йиғинида қатнашяпти. У марказий ҳимояда тўп суради. У фаолияти давомида Украина, Грузия, Қозоғистон, Болгария клубларида тўп сурган. Нигериялик Ифеаньи Ифеаньи ҳам жамоа йиғинида иштирок этмоқда. Маълум бўлишича, у ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳисобланади. Қолаверса, котдивуарлик Элла Кин ҳам “Машъал” мураббийларида илиқ таассурот қолдириш учун ҳаракат қилмоқда. Куни кеча жамоа Тошкентдаги йиғинини якунлади. Охирги назорат учрашувини эса “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўтказиб 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди.
“Машъал”нинг асосий таркибида қуйидаги футболчилар майдонга тушишди: Раҳимжон Давронов, Аббос Шодмонов, Жамолиддин Убайдуллаев, Денис Васильев, Нажмиддин Нормуродов, Никита Павленко, Сирожиддин Қўзиев, Сирожиддин Раҳматуллаев, Ифеаньи Ифеаньи, Элла Кин, Шерзод Темиров.
“Машъал” клуби янги мавсумнинг илк учрашувини 29 февраль куни ўз майдонида “Сўғдиёна”га қарши ўтказади. Эндиликда жамоа бор эътиборини ушбу баҳсга қаратган. Ҳозирча икки нафар легионер – Васильев билан Ифеаньи “Машъал” билан келишувга эришган. Шунингдек, клубда мураббийлар масаласи ҳам охирги пайтларда асосий мавзуга айланганди. Бунгача раҳбарият европалик мутахассислар билан музокараларга киришишганди. Лекин ишлар ўхшамаганидан сўнг “Машъал” маҳаллий кадрларга таянишга қарор қилди. Яқинда клуб менежери Илҳом Қурбонов таъкидлаб ўтганидек, жамоанинг собиқ футболчиси Дилявер Ваниев натижа учун асосий жавобгар ҳисобланади. Унга Виктор Жалилов билан Ботир Қораев яқиндан ёрдамлашишмоқда. Суперлигада илк бор қатнашаётгани ва ҳозирда жамоанинг ҳолатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “Машъал” аввало ўз-ўзидан лигада қолиш учун курашиши табиий ҳол. Бизнингча, бундай вазиятда жамоадан бундан ортиғини ҳам кутиб бўлмайди. Агарда клуб шундай камтарона таркиб билан ҳам нимагадир эришишни кўзлаган ҳолда шунга ҳамоханг тарзда шу йилнинг ўзидаёқ натижалар кўрсатишни бошласа, унда “Машъал” чинакамига сюрприз жамоага айланиши ҳеч гап эмас.
Фикрлар