Бу Шомуродовга нисбатан ҳурматсизлик бўлади!

“Рома” А Сериянинг дастлабки учта учрашувининг барида очко йўқотганидан кейин илк ғалабасини қўлга киритиш учун 15 сентябрда “Женоа” майдонида бўладиган беллашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Бош мураббий Даниэле Де Росси ва унинг бошчилигидаги мураббийлар штаби олдида марказий ҳужумчи масаласини ҳал қилиш вазифаси турибди.

ФИФА кунлари муносабати билан Украина терма жамоаси ихтиёрига борган Артём Довбик жароҳат безовта қилгани учун клубга қайтиб келди. Қиммат нархга сотиб олинган форвард Генуядаги ўйинни ўтказиб юбориши эҳтимоли катта.

“Рома” фаолиятини кузатиб бораётган аксарият нашрлар Даниэле Де Росси таркибдаги иккинчи марказий ҳужумчи Элдор Шомуродовга имкон бериши кераклигини ёзмоқда.

Sports.uz портали Италия футболи экспертларининг Шомуродов борасидаги фикр-мулоҳазаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.

Роберто Пруццо,  Radio Mattino Sport&News:

Халқаро учрашувлар учун берилган танаффус якунланиши билан А Серия ўйинлари старт олади. “Рома” Альберто Жилардино жамоаси билан куч синашиш учун Генуяга йўл олади.

Айни пайтда янги ўйинчилар – Матс Хуммельс ва Марио Эрмосони дарров ўйинга туширмаган маъқул, деб ҳисоблайман. Римликларнинг марказий ҳимояси мавсум бошидаёқ менга анча ишончли туюлди.

Шунингдек, мен Пауло Дибалага марказий ҳужумчи вазифасини топширмас эдим. Бу энг камида Элдор Шомуродовга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Чунки бу легионер жорий мавсумда “Рома”нинг ягона голини уриб, маҳоратини кўрсатиб қўйди.

Пьеро Торри, Manà Manà Sport Roma:

Пауло Дибала ва Матиас Суле Аргентина терма жамоасидан қайтганидан кейин уларнинг иккиниси Генуядаги ўйинда бирга майдонга тушириш, тўғри ечим эмас, деб ҳисоблайман.

Биз бу марказий ҳужум позициясида илк дақиқаларданоқ Элдор Шомуродовнинг ўйнашини кутяпмиз. Энг катта муаммо, “Рома”да мунтазам гол ура оладиган бошқа ўйинчиларнинг йўқлигида.

Аугусто Чарди, laroma24.it :

“Рома” трансфер ойнасининг охирида Марио Эрмосо ва Матс Хуммельс каби машҳур ўйинчиларни қўлга киритгани мухлислар кайфиятини кўтариб, муваффақиятсиз бошланган мавсум аламини бироз орқага сурди.

Артём Довбик ва Матиас Суленинг келгани ҳам таркибни кучайтирди. Ҳужумчи масаласида ҳозир Элдор Шомуродовга ишонч билдираётганлар кўпчилик эмас. Жамоада ҳамма ишонган қаҳрамонлар бор. Лекин айни пайтда Артём Довбикнинг Шомуродовдан бошқа ўринбосари йўқ. Чунки Тэмми Абрахам сўнгги дақиқаларда жамоадан кетишни маъқул топди.

“Рома”нинг учта ўйиндаги ягона голини уриш Элдор Шомуродовга насиб қилди. Ўзбек ҳужумчиси уч йил аввал унга тўланган катта суммани оқлаши керак. “Эмполи”га қарши ўйинда кўрсатган иштиёқ, ишонч, масъулият ва курашувчанликни мунтазам намойиш қилса, Элдор ҳужум чизиғи етакчиларидан бирига айланиши мумкин. Довбикнинг жароҳатини инобатга олган ҳолда, “Женоа” билан ўйинда бунинг имкони бор.

Лука д'Алессандро, vocegiallorossa.it:

Генуяда “Женоа”га қарши ўйин олдидан “Рома”да ҳужумкор футболчилар – Артём Довбик ва Лоренцо Пеллегринининг аҳволи мавғум бўлиб турибди.

Ҳужум чизиғида вазият шундай: агар Довбик ўйингача тикланиб олса ва Пеллегрини беллашувни ўтказиб юборса, украиналик форвардни орқадан Матиас Суле ва Пауло Дибала қўллаб-қувватлайди. Агар Довбик баҳсда “Рома”га ёрдам бера олмаса, 9-рақам вазифасини Дибала бажаради. Бу икки вариант Даниэле Де Россига маъқул келмайдиган бўлса, Элдор Шомуродов марказий ҳужумчи сифатида майдонга тушишга тайёр.

Генуя шаҳри мезбонлик қиладиган “Женоа” ҳамда  “Рома” ўртасидаги тўртинчи тур учрашуви 15 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:30 да старт олади. 

Тўқнашувлардаги бу рақамлар Ўзбекистоннинг қудратини кўрсатяпти!

Шомуродов майдонга бир ўзи тушса, уни албатта тўхтата оламиз, лекин...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!