"Бу хурсандчилигимизни тортиб олиш нотўғри, биз кучаямиз" - Асрор Алиқулов

Про лиганинг 27-турида муддатидан илгари Суперлига йўлланмасини қўлга киритган “Машъал” клуби Урганчда “Хоразм”га қарши баҳс олиб борди ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдан сўнг “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида қатнашди.

- Ўйинни жанговар ва юқори тезликда ўтди, дейиш мумкин. Иккала жамоани яхши тайёргарлик кўрганлиги билинди. Баҳс охирги сонияларгача курашларга бой ўтди. Майдоннинг ҳолати сифатлироқ футбол ўйнашга йўл қўймади. Икки жамоа ҳам кўпроқ узун паслар билан ўйнади. Ўйин ҳисобга мос бўлди, десак тўғри бўлади. Қайсидир клуб вазиятдан фойдаланиб ютиб кетиши ҳам мумкин эди. Ғалаба учун майдонга тушгандик. Афсуски, ютолмадик. Кейинги ўйинда бу ҳолатни тўғрилашимиз керак.

- Мураббий сифатида футболчиларга қандай кўрсатма бергандингиз ва улар кўрсатмаларингизни қанчалик бажаришди? Ўйлаймизки, мураббийни кўрсатмасидан чиқишмади.

- Бизникиларми? Сезибсиз-да. Биринчи навбатда “Хоразм”нинг савиясидан келиб чиқиб. Уларни сафида Суперлигада ўйнаган ўйинчилар бор. Уларга кўп бўшлиқ бермаслик керак эди. Бирга-бир ҳолатда қайсидир футболчиларнинг устунлиги сезилиб турибди. Уларга имконият бермасдан ўзимиз ҳам ҳужум қилиб, ҳимояни ҳам ўйлашимиз керак эди. “Хоразм”га ноқулай ҳолатларда яхши босимлар уюштирдик. Лекин ҳужум қилиш жараёнида бироз техник қобилятимиз баланд эмаслиги эвазига бироз оқсадик. Балки майдоннинг ҳолати ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Барибир футболчиларимизга охиригача ғалаба учун курашишганига миннатдорчилик билдираман.

- Эшитишимизча, “Машъал” келаси йили Суперлигада иштирок этмаслиги мумкин экан. Чунки Қашқадарё вилояти Суперлигада иккита клубни ушлаб туришга қурби етммайди, деган гап-сўзлар бор. Шунга изоҳ берсангиз.

- Бу нарсани эшитмаганмиз. Бизни ҳомийимиз қўллаб-қувватлаяпти. “Машъал” Суперлигага ҳаққоний равишда йўл олди. Ҳозир бу ҳақида бирор нарса айта олмайман. Лекин “Машъал” Суперлигага муносиб жамоа. Олдин ҳам ўйнаб келган. Жамоамизни қўллаб-қувватлайдиган ҳомийимиз ва раҳбариятимиз бор. Ўйлайманки, бу хурсандчилигимизни тортиб олиш нотўғри.

- Суперлига билан про лига орасида қанчалик тафовут бор?

- Тафовут катталиги сезилиб турибди. Про лигадаги айрим футболчилар Суперлигадан қўним топа олмаган ёки захирада қолиб кетган. Суперлигада яхши маҳаллий савияли ўйинчиларни топиш қийинроқ. Шу боис у ерда ҳар бир жамоа легионерлардан фойдаланяпти. Суперлиганинг савияси анча ўсган. Шунинг учун про лигадан Суперлигага чиққан клубни кучайиши табиий ҳол. Худо хоҳласа, биз кучаямиз.

- “Машъал”да тўп сураётган хоразмлик Авезов ва Бекчанов ҳақида фикрларингиз қандай?

- Бу сафар майдонга туширмадик. Киришиб кетиш қийин эди. Битта хато кўп нарсани ҳал қилиши мумкин эди. Хато қилишдан кафолатлай олмайсиз. Кимдир тушса қайсидир томондан киришиб кета олмаслиги мумкин. Шу сабабли уларни майдонга туширмадик. Бироқ бу уларни ёмон футболчилар дегани эмас. Бу ўйиндан келиб чиқилган вазият.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Зарипов шоимкул
23/11/2024 07:55
Бир вактлар Умид Ахмаджонов деган акилли чикиб Машъални супер лигадан чикариб юборганди узи хам футболдан батамом юк булиб кетди яна бирор бир акилли чиккандирда Тошкентни бирор бир колок жамоасини олиб коламиз деб тушунгни сувга айт босрикиб колган булсанг .