Бубанья, Милойко ва Тоиров "Андижон"да тенгсиз, чунки...ёхуд таркибда қандай ўзгаришлар бўлади?
Про лигада ҳам клублар ёзги таътилга чиқди. Мавсумнинг дастлабки қисмидаги ўйинлар учун энди барча жамоалар ўзларига тегишли хулосаларни чиқаради ва таҳлил қилади. Шулардан келиб чиқиб, ёзги йиғинни олиб борадилар ҳамда мавсумнинг иккинчи қисми учун тайёргарликни давом эттиришади. Ҳали ҳаммаси олдинда. Чунки иккинчи давранинг яна ярим баҳслари бор ва ундан кейин клублар бешталикка ажралади.
“Андижон” клуби ёзги таътилга 2-ўрин билан чиқди. Жамоа матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган ойда “бургутлар” учта ўйин ўтказдилар. “Янгиер” билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этилди. “Бобур Арена”да “Хоразм” 2:1 ҳисобида таслим этилди ва Нукусда “Арал Самали”ни 6:1 ҳисобида тор-мор келтиришди. Гол уриш борасида сермаҳсуллик ошган. 3 та учрашувда 8 та гол киритилди ҳамда 2 та тўп ўтказиб юборилган.
“Арал Самали”га қарши баҳсдаги 1:6 натижаси ҳозирча про лигада бир учрашувда энг кўп гол урилган ўйинга айланди. Қолаверса, андижонликларнинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси бўлиб турибди. Умумий ҳисобда, “Андижон” шу кунгача чемпионат доирасидаги 13 та беллашувда рақиблар дарвозасига 22 та гол урди ва ўз дарвозасидан фақат 9 та тўп ўтказиб юборди.
Хўш, июнь ойида қайси футболчилар гол урди? Жамоа тўпурари бўлиб турган Шаҳбоз Эркинов жароҳатидан фориғ бўлиб майдонга қайтгач, яна фойда келтиришни бошлади. “Арал Самали”га қарши баҳсда дублга эришди. Шунингдек, ўтган ойда Богдан Милич, Илдар Маматказин, Муҳаммадкарим Тоиров, Горон Милойко, Маликшоҳ Расулов ҳамда Шерзод Эсонов гол муаллифига айланди. Эркинов айни пайтда тўпурарлар орасидан 7 та голи билан жой олган.
Бундан ташқари, июнь ойидаги учта учрашувда жамоа аъзоларидан 6 нафар футболчи сариқ карточка билан “сийланган”. Жумладан, “Янгиер”га қарши учрашувда Илдар Маматказин, Абдураҳмон Комилов ва Абдувоҳид Ғуломов, “Хоразм” билан беллашувда эса Муҳаммадкарим Тоиров билан яна Илдар Маматказин ва “Арал Самали” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда Фарҳод Соҳибжонов ҳамда Иброҳим Мухторов огоҳлантирилган. Фақат Маматказин икки марта сариқ карточка “олган”.
Дарвоқе, Владимир Бубанья, Горон Милойко Муҳаммадкарим Тоиров июнь ойидаги барча ўйинларни тўлиқ 100 фоиз ўтказган футболчига айланди. Бу борада улар тенгсиз.
Шу ўринда андижонлик мухлисларга алоҳида ташаккур билдириш ўринли. Клуб июнь ойида сафарда иккита ва ўз майдонида битта ўйин ўтказди. Барча беллашувларда андижонлик мухлислар стадионда фаоллик кўрсатишди. Ҳатто, олис Нукусда ҳам жамоа мухлислари жам бўлишди. “Янгиер” майдонидаги учрашувда ҳам юзлаб ишқибозлар стадионда футболчиларни қўллаб-қувватлашди. “Бобур Арена”да “Хоразм”га қарши ўйинда эса 6250 мухлис бевосита “Андижон”ни олқишлаб турди.
Олдин хабар берганимиздек, “Андижон” ёзги йиғинни 5 июлдан Дукентда бошлайди. Режага кўра, у ерда 15 июлга қадар машғулотлар давом эттирилади. 18-30 июль оралиғида эса йиғин Тошкентда олиб борилади. Албатта, трансфер ойнаси очилган маҳалда таркибда айрим ўзгаришлар бўлади ва ҳозирда музокаралар жараёни давом этмоқда. Янги футболчилар билан шартномалар имзоланган заҳоти бу ҳақида “Андижон” матбуот хизмати расман маълум қилиши ҳам таъкидланган.
Бир сўз билан айтганда, россиялик мутахассис Виктор Кумиков жамоаси учун олдинда жуда муҳим учрашувлар турибди. Про лига фаворити ҳисоблангани сабабли у ерда барча клублар “Андижон”га қарши ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатишга уринишлари табиий. Шу сабабли таркибдаги рақобатни янада кучайтириш асло зарар қилмайди. Қолаверса, ёзги тайёргарликка ҳам кўп нарса боғлиқ. Ҳозирча мавсумнинг дастлабки қисмида андижонликлар айниқса жисмоний тарафдан анча яхши ҳолатда эканликлари ўйинлар давомида кўзга ташланди. Шундай экан, “Бургутлар” таркиб ва ўйин жиҳатидан ҳам мавсумнинг иккинчи қисмида барқарорлигини сақлаши талаб этилади. Балки жамоа трансфер ойнаси очилган заҳоти янги ўйинчиларнинг трансферини эълон қилишни бошлар...
Фикрлар