Буффондан Костакуртагача. Ёхуд ЕЧЛда ўйнаган энг ёши катта футболчилар "ТОП-5"

43 ёш 252 кун – Марко Баллотта (03.04.1964)

"Реал" – "Лацио" 3:1 (11.12.2007)

"Сантьяго Бернабеу"даги баҳснинг биринчи бўлимидаёқ, Рим клуби ўз дарвозасидан 3 та гол ўтказиб юборди. Аммо ушбу голларнинг ҳеч бирида Балоттанинг айби йўқ эди. Шу куни "Лацио" устози Делио Росси ўзидан бор йўғи 4 ёш кичик бўлган 43 ёшли посбонга ишонч билдирди. Баллотта ушбу ўйинда жуда яхши ҳаракат қилди, ҳатто 3 та ажойиб сейвни амалга оширди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Баллоттанинг ушбу ўйинда майдонга тушиши шунчаки тасодиф бўлмаган. Ўша мавсум “Лацио” сафида Маркодан кўра фақатгина 4 та футболчи кўпроқ ўйин ўтказган холос.

42 ёш 315 кун – Жанлуижи Буффон (28.01.1978)

"Барселона" – "Ювентус" 0:3 (08.12.2020)

Жорий мавсум "Камп Ноу"да бўлиб ўтган “Барселона” ҳамда “Ювентус” ўртасидаги ЕЧЛ учрашувда 42 ёшли Буффон афсонавий Мессининг нақд 7 та зарбасини қайтарди. Шу куни ҳамма Роналду ва Месси ўртасидаги қарама-қаршиликни кутган эди, аммо ўйиннинг асосий қаҳрамони Буффон бўлди. Италиялик посбон гап ёшда эмаслигини кўрсатиб қўйди. У “Барса”га қарши жуда зўр ўйнади.

Буффон рекордчи Баллоттанинг кўрсаткичини яхшилай олиш имкониятига эга бўлиб турган ягона дарвозабон ҳисобланади. Бироқ бу Чемпионлар лигасининг янги мавсумида содир бўлиши мумкин.

41 ёш 255 кун – Александр Шовковский (02.01.1975)

"Динамо" Киев – "Наполи" 1:2 (13.09.2016)

2016/2017 йилги мавсум Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 1-турида киевликлар устози Сергей Ребров дарвозани тажрибали Александр Шовковскийга ишониб топширди. “Динамо” биринчи бўлим ўрталарида ҳисобни очди, аммо танаффусга қадар Аркадиуш Милик ўз дубли билан “Наполи”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шу куни Шовковский яхши ўйин кўрсата олмади ва 2 та яққол вазиятда қўпол хатога йўл қўйди. Орадан 5 кун ўтиб, у профессионал футболдаги сўнгги учрашувини ўтказди. Афсуски, ушбу ўйинда ҳам “Динамо” мағлубиятга учради.

41 ёш 206 кун – Марко Шварцер (06.10.1962)

"Челси" – "Атлетико" 1:3 (30.04.2014)

Австралиялик дарвозабон Марко Шварцернинг натижаси ноёблиги билан ажралиб туради. Боиси, у Чемпионлар лигасида 41 ёшида дебют қилган. Бироқ Шварцернинг мўъжизаси шу билан якун топгани йўқ. Орадан бир неча ой ўтиб, Марко “Челси”нинг асосий дарвозабони Петр Чех ўрнига "Атлетико"га қарши бўлган ЕЧЛ ярим финал ўйинида иштирок этди. Марк Мадридда ўтган дастлабки ўйинда (0:0) ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бўлса, “Стэмфорд Бриж”даги баҳсда меҳмонлар 1:3 ҳисобида ғалаба қозонишди. Аммо “Атлетико”нинг “Челси” дарвозасига киритган учала голида ҳам бевосита дарвозабоннинг айби йўқ эди.

40 ёш 211 кун – Алессандро Костакурта (24.04.1966)

АЕК – "Милан" 1:0 (21.11.2006)

Алессандро ушбу рейтингдаги ягона майдон ўйинчиси ҳисобланади. Костакурта “Милан” клубининг афсонавий футболчиси ҳисобланади. У “россонерилар” сафида 600 дан ортиқ ўйин ўтказган.

Костакурта учун тарихий ҳисобланган Грецияда АЕКга қарши ўйин “Милан” учун ҳеч нарсани ҳал қилмас эди. Боиси Италия гранди ушбу баҳсга қадар гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаб бўлганди. Грек клуби шу куни Хулио Сезарнинг жаримадан киритган ягона голи эвазига ғалаба қозонди. Бу 40 ёшли ҳимоячи учун Чемпионлар лигасидаги сўнгги учрашув бўлди. Ўша мавсум “Милан” мусобақа ғолиби бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!