Бугун 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбони аниқланади

Бугун Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб ўтаётган ООКнинг 39-Бош Ассамблеясида 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбони аниқланади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Ушбу қитъа Ўйинларини ташкил этишга Қатарнинг Доҳа ва Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳарлари даъвогарлик қилмоқда.

“Қийин келган йилимиз охирида Бош Ассамблеямизни ўтказиш учун олимпия ҳаракатимиз бирлашганидан жуда мамнунмиз. Биз жуда муҳим учрашувда иштирок этиш учун кела олган Миллий олимпия қўмиталари раҳбарларига миннатдорлигимизни билдирамиз. Биз, шунингдек чекловлар сабабли учрашувимизда шахсан иштирок эта олмаётган бошқа МОҚ раҳбарлари дуч келган мураккаб вазиятларини тушуниб турибмиз”, – деди ООК президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабаҳ.

ООК президенти, шунингдек, Осиё Олимпия Кенгашининг баҳоловчи қўмитаси ноябрь ойида даъвогар ҳар икки шаҳарда бўлганлиги ва Осиё ўйинларини ўтказиш учун ишлаб чиқилган режалар, муҳим дастурлар, жаҳон стандартларига жавоб берадиган спорт инфратузилмаларининг мавжудлиги, шунингдек улардаги улкан завқ-шавқ ва руҳланиш ўзларида жуда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонига овоз бериш ҳатто Маскатдаги учрашувда ҳозир бўлган МОҚ раҳбарлари учун ҳам онлайн тарзида ўтказилади.

ООК Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон номидан Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Марказий Осиё ММА конфедерацияси раиси Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби, Тошкент-2025 IV ёшлар Осиё ўйинлари директори Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосарлари Сакен Полатов, Азизжон Камилов, МОҚ раиси маслаҳатчилари Искандар Шодиев ва Шерзод Асатуллаев, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳром Газиев, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари иштирок этишмоқда. Ассамблеянинг биз учун аҳамиятли жиҳати, бугун ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йилда Тошкентда ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича шартнома расман имзоланади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари биринчи маротаба 1951 йилда Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган эди. XIX Осиё ўйинлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 2022 йил 10-25 сентябрда, XX Осиё ўйинлари Япониянинг Айти-Нагоя шаҳрида 2026 йилнинг 19 сентябридан 4 октябригача бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!