Бугун "Челси" кучлироқ эди ёхуд Лэмпарднинг охирига етмай қолган режаси
"Челси" Чемпионлар лигасида чорак финалга келиб тўхтади. Лодонликлар мазкур босқичда "Реал"га қарши ўйнаб, умумий 4:0 ҳисобида мағлуб бўлди. "Стэмфорд Бриж"да бўлиб ўтган ўйинда Лэмпард шогирдлари 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди.
Англиялик мутахассиснинг ўйин учун танлаган таркиби бироз мухлисларнинг ғазабини қўзғаган бўлса ажаб эмас. Сабаби, у 3-5-1-1 тактикаси билан матчни бошлади. Қизиқарлиси, "Челси" таркибида битта ҳам вингер ёки тўқизлик ҳужумчи йўқ эди (таркибда бу позиция учун футболчи ҳам мавжуд эмас). Ҳўш, Лэмпард нимани ўйладики, бундай таркиб билан собиқ ЕЧЛ чемпионини енгмоқчи бўлди. Жамоа биринчи бўлиб гол уриши ва камбэк учун ҳаракат қилиши зарур. Бундай пайтларда одатда ҳужумкор ўйинчилар сони кўпроқ бўлиши керак эмасмиди?
Лэмпарднинг биринчи мақсади бу Винисиус ва Бензема жуфтлигига қарши нимадир қилиш бўлди. Ҳа, бу ростан ҳам ўҳшади. Майдонда Фофана, Жеймс ва Энцо Винини зарарлантиришга ҳаракат қилди ва футболчилар буни уддалай олди ҳам. Биз бугун бразилиялик вингерни мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирига гувох бўлганимиз йўқ. Бензема эса "Реал" таркибидаги энг кам балл тўплаган ўйинчилар орасида бор эди. Фрэнкнинг биринчи ғояси иш берди. Аммо жамоа гол уриши ҳам керак эди. Умуман олганда, мезбонларда нисбатан кўпроқ ва яхшироқ имкониятлар бўлди. Мисол учун, биринчи тайм сўнггида Куртуанинг мана бу сейвини олайлик.
Ёки Кантенинг фойдалана олмаган вазиятига эътибор қаратинг.
Тассавур қиламиз, мана шу эпизодларда тўп дарвозадан жой олганда, ўйин ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди. Сабаби, "Челси" рақибларнинг икки асосий ҳужумчиларига нафас олишга бермаётганди. "Қаймоқранглилар" дарвозабони учрашувда 6 марта сейв амалга оширди. "Челси" ҳимоявий кўринган таркиб билан тушиб, 19 та зарба беришга муваффақ бўлди. "Реал" эса кўп имкониятга эга бўлгани йўқ. Нисбатан хавфлироқ бўлиши мумкин, лекин сон бўйича "кўклар" олдинда эди.
Дастлабки гол Родригонинг ҳаракатлари ва Чалобанинг "қовуни"дан кейин яратилди. Айнан мана шу ерда Винисиус ўз номига ассист ёздириб олди. Бу унинг майдондаги энг яхши ҳаракати эди.
Голдан кейин "Челси" футболчиларининг шашти ҳам пасайди. Родригонинг голи мезбонларга таъсир қилди ва Лэмпард 10 дақиқадан сўнг Стерлинг, Мудрик ва Фелишни ўйинга қўшди. Мана шу жойида унинг тактикаси бузилди. Мураббий буёғига таввакал қилиб, ҳужумкор футболчиларни учрашувга қўшди ва орадан кўп ўтмай иккинчи гол ҳам киритилди.
Умуман олганда, Лэмпард "Реал"га қарши яхши тайёргарлик кўрган бўлиб чиқди. Хатто Бензема ўйиндан олинаётган пайт бироз жаҳли ҳам чиқди. Ҳужумчи бугунги ўйинидан норози. Бунга эса Фрэнкнинг қарорлари сабаб бўлди. Тўғри, биринчи баҳсда иккита тўп фарқи меҳмонларнинг ҳотиржамроқ бўлишига сабаб бўлиши ҳам мумкин, лекин "Челси" икки кун аввал "Брайтон"га қарши қандай ўйнаганини эсланг. Фрэнкнинг ишлари аста-секин кўриниб бормоқда. Шундай бўлса-да, мутахассисга энди қийин бўлади. Вақт кам.
"Челси" энди бу мавсумдан умид қилмаса ҳам бўлади. Клуб ЕЧЛни тарк этди, кубоклар қўлдан кетди. АПЛда еврокубокларга йўл олиш учун курашиб кўрса бўлади. Аммо "аристократлар"ни олдинда қийин тақвим кутмоқда. Лэмпард учун муаммолар кўпайди. Клубнинг деярли мақсади қолмади ва футболчиларни бундай кайфияти билан кейинги баҳсларга тайёрлаш миссияси унинг олдида. Ҳеч қандай мотивацияси қолмаган ва муваффақиятсизликлар гирдобига тушиб қолган Лондон клуби мавсумни қандай якунлаши мен учун қизиқ. Кўрамиз, кузатамиз!
Суҳроб Холбеков мақоласи
Фикрлар