Бугун Мерсисайднинг янги хўжайини аниқланади (превью)

Бугун майдонда тўқнаш келадиган ушбу жамоалар бир шаҳар шарафини ҳимоя қилади. Уларнинг азалий рақобати бор. Буни йиллар давомида турли футболчи ва мураббийлар ҳис этиб, майдонда ҳақиқий жанг қилиб келган. Бири қизил байроқ кўтариб, жанггоҳга отилса, бошқаси ўзининг кўк туғини юқори кўтаришга ҳаракат қилади. Аслида, бу клубларнинг қароргоҳини бир боғ ажратиб туради, холос. Бирининг уйида тўй бўлган куни бошқаси ҳам бундан хабардор бўлиб туради. Англаганингиздек, бугун "Мерсисайд дербиси" ва "Энфилд"да катта учрашув ўтказилади!

ливеве гв.jpg1

"Эвертон"

Мезбонлар мавсум аввалида бир неча яхши трансферларни амалга ошириб, АПЛда шовқин кўтаришни мақсад қилганди. Амалда бу режа ўзини оқлаётганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Анчелотти шогирдлари 23 ўйин ўтказган ҳолда, 7-поғонани эгаллаб турибди. Қизиғи, улар бугунги рақиб "Ливерпуль"дан битта кам учрашувда майдонга тушган ва ўша баҳсда 3 очко қўлга киритилса, "ирисчилар"  ўз қўшнилари билан тенглашиб олиши мумкин. Ўзининг тўпурарлик қобилиятини намойиш этаётган Кальверт-Льюин, ўйинни яхши бошқара оладиган Хамес, Динь, Ришарлисоннинг қанотдаги фаол ўйини каби устунликларга эга Анчелотти катта жамоаларга яхшигина муаммо туғдиришга қодир. Биринчи даврадаги ушбу жамоаларнинг тўқнашувида ҳам Клопп армияси Анчелотти шогирдларини мағлуб эта олмаганди. Кескин курашлар остида кечган баҳс 2:2 ҳисобида якунланган. Шундан ҳам билиш қийин эмаски, бугун "Эвертон" осонликча очко улашиб қўймайди.

кальверт

Тахминий таркиб: Пикфорд, Коулмен, Холгейт, Кин, Динь, Дукуре, Аллан, Хамес, Сигурдссон, Ришарлисон, Кальверт-Льюин.

Карло Анчелотти: "Биз Алланга бир кунлик машғулот юклашни маъқул кўрдик. У бугун жамоа билан бирга шуғулланди ва умид қиламанки, дербига қадар сафга қайтади. Кальверт-Льюин эртага майдонга тушади. Ҳимояда баъзи муаммолар йўқ эмас. Мина "Ливерпуль"га қарши ўйнамайди. Шунга қарамай, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз".

анчелотти

"Ливерпуль"

Клопп шогирдларида мутлақо бошқа ҳолат. Улар бир маромда яхши ўйин намойиш этаётган бир пайтда жароҳатлар туфайли қийин кунларни бошдан ўтказишга мажбур бўлди. Ҳозирга келиб, асосий таркиб учун номзод футболчилардан 7 таси клуб шифохонасини "тўлдириб" ётибди. Энг қизиғи, "Ливерпуль" ҳимоя қўрғонининг асосий устуни Виржил ван Дейк ҳам айнан биринчи даврадаги "Гудисон Парк"да бўлиб ўтган учрашувда жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди. Улар ўрнига жамоага олиб келинган янги номлар эса ишончни оқлай олганича йўқ. Аксинча, "Лестер"га бой берилган учрашувда Озан Кабакнинг хатоси мерсисайдликлар дарвозаси ишғол этилишига сабаб бўлди. Бу ҳам етмаганидек, Премьер-лиганинг энг ишончли ўйин намойиш этадиган дарвозабонларидан бири Алиссон ҳам тез-тез "қовун туширяпти". "Манчестер Сити" ҳамда "Лестер"га қарши ўйинлардаги ишончсиз ҳаракатлар гапимизга яққол мисол бўла олади. Шунга қарамай, "қизиллар" учун жон куйдирадиган футбол ишқибозлари учун ҳам қувонарли ҳолат йўқ эмас: Муҳаммад Салаҳ турдан турга ўз ўйинини кучайтириб бормоқда. Мисрлик футболчи жамоасининг сўнгги 7 учрашувида шунча голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. "Ливерпуль"да кичик инқироз даври кетаётганлигини ҳисобга олсак, Салаҳ ҳақиқий етакчига айланиб улгурди. У биринчи даврада ҳам "ирисчилар" постига йўл топа олганди.

салаҳ

Тахминий таркиб: Алиссон, Александр-Арнольд, Кабак, Хендерсон, Робертсон, Тьяго, Вейналдум, Жонс, Мане, Фирмино, Салаҳ.

Юрген Клопп: "Ортда қолган кунларда мен "Ливерпуль" оиласининг севгиси ва қўллаб-қувватлашини ҳис этдим. Шу жумладан, футболчилар ҳам. Улар мухлисларимиз биз билан эканлигини яхши билади. Бўш трибуналар қаршисида ҳаракат қилишга анча ўрганган бўлсак-да, бу жуда ғалати бўлади. Айниқса, бундай дербида. Бугун томошабинлар "Энфилд" ичида бизни олдинга бошламасада, мен бу гапларни эшитган ҳар бир инсон биз билан елкама-елка эканлигини ҳис қилишини истайман. Биз буни ҳеч қачон оддий нарса деб қабул қилмаймиз".

клопп

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)