Миржалол Қосимов: "Бир томондан Андижонда ўйнаш осон эмас, иккинчи тарафдан эса осон"

“Андижон” – ОКМК (1:2) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Миржалол Қосимов иштирок этди.

- Албатта, қизиқарли ўйин кутаётгандик, шунинг гувоҳи бўлдик. Бир томондан Андижонда ўйнаш осон эмас. Иккинчи тарафдан эса осон. Негаки, бу ерда футболни яхши кўришади, ишқибозлари жуда кўп. Йигитларга шуни таъкидлагандим ва қўйилган вазифани тўғри бажаришди. Биринчи бўлимда яхши ҳаракатланиб, охир-оқибат қилинган меҳнатимизни иккита гол билан кўрдик. Иккинчи бўлимга келадиган бўлсак, охирги 20-25 дақиқадан кейин ҳисобни ушлаб қолиш барибир руҳан таъсир қилади. Бу ҳам охирида панд бериб қўйиши мумкин эди. Футбол 90 дақиқа ўйналади. Ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.

- Ўйин охирларида ҳимоячи Шахзод Тоировни ҳам майдонга туширилиши ҳисобни сақлаб қолиш учунмиди?

- Албатта. Бундан олдинги учрашувни ҳам кўриб чиққандик. “Андижон” жамоаси узун узатмалар билан ўйнайди ва бўйдор ўйинчилари бор. Шунинг учун охирида учта марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилдик. Дарвозамизга жуда яқин ўйнашди. Шу нарса таъсир кўрсатди. Иккинчи бўлимни 20-25-дақиқасигача яхши вазиятлар бор эди, прессинг ҳам қилинаётганди.

- Жамоадаги япониялик легионерлар охирги пайтларда асосий таркибда майдонга тушишмаяпти. Буни сабаби нимада?

- Бизда иккита япон бор. Биринчидан, ротация. Ари кўп ўйнаётганди. Иккинчидан, ўзгартирдик ва иккита таянч ярим ҳимоячи билан ўйнадик. Бу ерда очиқ футбол ўйнаб бўлмайди. Энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрилади. Тақвим жуда ҳам зич. Жисмонан тезроқ тикланиш керак. Шу боис ҳам ўйинчиларни алмаштириб-алмаштириб ўйнатяпмиз, ҳозирча. У ёғини вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!