Бугун ПФЛда катта йиғилиш ўтказилади. Ижроқўм бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқади

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси аъзоларининг навбатдаги йиғилиши бугун — 13 июнь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбага кўра, мазкур йиғилиш Ижроқўм аъзолари тўрт йилга сайланганидан кейинги иккинчиси ҳисобланади. 

Сизга яхши маълумки, ОФК қатор масалаларда ислоҳотларни амалга оширмоқда. Жумладан, Чемпионлар лигаси мусобақасида де факто куз-қиш мавсумига ўтиб бўлинди. Қолаверса, 2023 йилги Осиё кубоги мезбонини ўзгартириш масаласи кун тартибида турибди. Қитъа чемпионатининг келаси йил ёзда ташкил этилиши ва унга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тайёргарлик дастури (миллий терманинг унда иштирок этиши масаласи Таиландга қарши ўтадиган эртанги учрашувда ҳал бўлади), “Насаф” футбол клуби Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этаётгани ҳамда жамоанинг 2023 йил февраль ойидаги муҳим ўйинларга тайёргарлик дастури ЎзПФЛ томонидан тузиб чиқиладиган тақвим масаласида айрим ўзгаришларга қўл уриш заруриятини вужудга келтиради. Шундан келиб чиқиб, бугун биринчи галда шу масала кўриб чиқилади. 

Шунингдек, ЎзПФЛ трансфер ойнаси саналарини ўзгармас қилиб белгилаш масаласида Ижроқўм аъзолари билан фикр алмашишни мақсад қилган. Кун тартибидан, шунингдек, 2023 йилги мавсумда Лига кубогини қай тартибда ўтказиш, аёллар футболини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи сифатида 2023 йилги мавсумдан бошлаб аёллар жамоаларининг ҳам бош стадионларда тўп суриши, футболчи ва ишчи-ходимлар олдида қарздорликлари мавжуд бўлган клубларга нисбатан тегишли чоралар кўриш каби масалалар жой олган.

Ижроқўмда кўтарилган масалалар ҳақида тушдан кейин батафсил маълумот берилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!