Бундай бутсалар сони Черанда 5 тага етди

Сербиялик ҳужумчи Cоcа-Cола Суперлиганинг 2023 йилги мавсумини ҳам тўпурар сифатида якунлади. Бунинг учун Черанга 13 та гол кифоя қилди.

Драган чемпионатнинг 22 та ўйинида иштирок этди ва умумий 1789 дақиқа майдонда бўлди. Яъни, ҳар 137 дақиқада рақиблар дарвозасига йўл топди. Голларнинг 4 тасини пенальтидан киритди. Бироқ унутмаслик керакки, унинг голларисиз "Пахтакор" нақд 17 очко бой берган бўларди. Черан айниқса асосий рақобатчи ҳисобланган "Навбаҳор"га қарши ҳар икки ўйинда ҳам гол уриб, ҳақиқий етакчи эканлигини исботлади.

36 ёшли футболчи 2024-йилда ҳам "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилади. Тўпурарлик борасида гарчи унинг кўрсаткичларида пасайиш юзага келган бўлса-да, Суперлигада беш йилдан буён уни қувиб ўтиши мумкин бўлган бошқа ҳужумчи топилмаяпти.

Драган кетма-кет саккиз мавсум давомида қаршисидан чиққан 20 жамоанинг барчасига гол ура олди. Энг сўнггиси — "Олимпик". Гарчи "Пахтакор" мавсумни айнан "Олимпик"дан учралган мағлубият билан бошлаган бўлса-да, иккинчи даврада пахтакорчилар бунинг учун ўч олишди — Черан илк марта "Олимпик" дарвозасига йўл топди.

Драган 2016-йилнинг ёзидан буён Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. Мамлакатимиздаги дастлабки йилларини Насаф сафида ўтказган ҳужумчи, икки йил ичида Пахтакор либосини кийди. Ўтган йиллар давомида у чемпионат доирасида 129 та гол уришга эришди. Ўзбекистон кубогида 13 та голни ўз номига ёздирди.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Драган Чераннинг келгуси фаолиятига омад тилайди. Лига кетма-кет бешинчи бор “Олтин бутса”ни унга етказиб берди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!