
Бундай дербидаги расмий ва норасмий ўйинларда ҳам кучлар тенг келаверади-я...
ФИФА кунлари муносабати билан "Нефтчи" жамоаси ўз имкониятларини камайтирмаслик мақсадида "Қўқон-1912" клуби билан ўртоқлик учрашувини ўтказишга қарор қилди.
Беллашув Фарғонадаги "Истиқлол" марказий ўйингоҳида бўлиб ўтди. Биринчи бўлимда майдон эгалари кўпроқ ҳужум уюштириб, рақибларни анча безовта қилишга эришди. 40-дақиқада жамоанинг навбатдаги комбинацион ҳужумида Жамшид Болтабоев қўқонликлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди 1:0. Меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш учун кўп ҳаракат қилдилар. Лекин биринчи бўлимда ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи бўлимда "Нефтчи" мураббийлари ёш футболчиларга ўзларини синовдан ўтказиб, маҳоратларини намойиш этишлари учун шароит яратишга қўл урдилар.
Шу тариқа, майдонда биринчи бўлимда ҳаракат қилган тўққиз нафар футболчи захирага олиниб, ўрнига ёш футболчилар майдонга туширилди. Улар мураббийлар ишончини оқлаш учун рақибнинг тажрибали футболчилари билан тенгма-тенг олишдилар.
Қўқонликлар жарима майдонида бир неча бор хавфли вазиятларни яратишга ҳам муяссар бўлдилар. Лекин, учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганда меҳмонлар ҳужумчиси Ҳусниддин Ғофуровни тўхтатиб қолиш мақсадида қилинган нотўғри ҳаракат эвазига фарғоналиклар дарвозасига 11 метрли жарима белгиланишига сабаб бўлди. Жаримани жабрланувчининг ўзи амалга ошириб, ҳисобни тенглаштиришга эришди 1:1.
Ёдингизда бўлса, ушбу жамоалар чемпионат бошларида айнан Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида расмий баҳсда майдонга тушишганди ва ўшанда дарвозалар дахлсиз қолган - 0:0. Кўриб турибсизки, бу жамоаларнинг ўртоқлик ўйинида ҳам яна ғолиб аниқланмади.
Назорат учрашуви
"Нефтчи" — "Қўқон-1912" - 1:1
Голлар: Жамшид Болтабоев, 40 - 1:0. Ҳусниддин Ғофуров, 90+2-пен - 1:1.
Ҳакамлар: Олим Тўйчибоев, Шохрух Аъзамов, Аҳрор Раҳматов.
"Нефтчи": Aкбар Тўраев, Анвар Ғофуров, Муҳаммадзиё Адҳамжонов, Боян Цигер, Икром Алибоев, Иброҳимхалил Йўлдашев, Барор Исмоилов, Қувондиқ Рўзиев, Жамшид Болтабоев, Муҳаммадали Ғиёсов, Зоран Марушич.
2-бўлимда майдонга тушганлар: Ўткир Ўктамов, Ғуломҳайдар Ғуломов, Шохруҳ Ёқубжонов, Омадилло Абдубаннопов, Шохруҳ Гадоев, Муҳаммаджон Тойиржонов, Нодир Каримов, Дониёр Валиев, Хасан Умрзақов, Муҳаммадали Ғиёсов.
Фикрлар