Буни ўқишингиз керак: у нега "Андижон"ни танлади? Агенти билан алоқани уздими? Нима учун рус матбуотига бошқа интервью бермайди? Жасур Жалолиддинов билан катта суҳбат

Жасур Жалолиддиновнинг “Андижон” билан шартнома тузгани ҳамма учун кутилмаган янгилик бўлди-а? Албатта, буни кўпчилик кутмаганди.

Аммо футболчи ўзи учун қулай танловни қабул қилди. Куни кеча sports.uz мухбири футболчи билан клуб базасида учрашиб катта суҳбат уюштирди.

- Жасурбек, “Андижон” жамоасига ўтишингизни ҳеч ким кутмаганди, шу сабабли футбол жамоатчилиги орасида ўзига яраша реакция келтириб чиқарди. Сизнинг бу ерга келишингиз фонида топ-трансферлар орасида пешқадам бўлсангиз ажаб эмас...

- Бу унчалик ҳам кутилмаган бўлмади. Қайсидир маънода кутилганди ҳам. Бошқа қизиқарли чемпионатларда трансфер ойнаси ёпиқ ва бошқа таклифлар ўртамиёна даражада. Таклиф бўлди деганда сен у ерга бориб, ўйнаб кетасан, дегани эмас. Шунинг учун шошилмасликка қарор қилдим. Кўп нарса спорт формага ҳам боғлиқ. “Андижон”да ўйнаб, ўйин амалиётимни ошираман. Раҳбарлар ва мухлисларнинг ишончини оқламоқчиман. Ҳар тарафлама ўзимга келиб, кейинчалик бошқа режалар ҳақида ўйлашим мумкин. Ҳозир у ёқдан бу ёққа кўчиб юрадиган пайт эмас. Биринчи навбатда фикримни бир жойга йиғиб, ўйиним ҳақида ўйлашим керак. Чет клублари билан келишув қийин бўлади, улар барибир ўзининг шартларини қўяди. “Андижон”да эса вазият бошқачароқ. Муҳими, улар мени эшитишяпти. Истакларимни ҳурмат қилишяпти. Аниқ айта оламанки, “Андижон”дан туриб Суперлиганинг бошқа жамоасига ўтмайман. “Андижон” менга шуни ваъда берганки, агар менга хориждан яхши таклиф тушса, беш кун ичида қўйиб юборади.

- Демак, клуб билан келишув шундай бўлди-а?

- Ҳа, келишув шунақа. Қачон ва қанақа жамоадан таклиф бўлишининг фарқи йўқ, мени мажбурлаб олиб келишмаган. Биз ҳаммасини аниқ-тиниқ келишиб олганмиз. Ака-укачилик, устоз ва шогирд тушунчасидаги ўзаро ҳурмат юқори. Биз бир-биримизга ишониб шартнома туздик. Агар четдан яхши таклиф бўлса ва кетишни истасам, клуб мени қўйиб юборади.

- Яқинда Вадим Абрамовдан сиз ҳақингизда интервью олгандим. У сизнинг “Андижон”га ўтишингизни унчалик оқламагандек бўлди ва четга кетишингизни истаганини айтди. Бунга муносабатингизни билмоқчиман.

- Абрамов мени кўтарган мураббий. Ҳар қанақа гап айтишга ҳаққи бор. Мен унинг фикрларини ҳар доим эшитаман ва ҳар бир маслаҳатини ҳурмат қиламан. Ўзим ҳам Европада ўйнашни хоҳлайман. Ким ҳам буни хоҳламас экан? Лекин четга кетишим керак, деб ҳар қанақа таклиф бўлса ҳам кетавермайман. Кимларнидир маслаҳатига қарамадим. “Андижон”га ўтиш қарорини ўзим обдон ўйлаб, кейин ҳал қилдим. Уйимдагилар ҳам бу сафар шошилмаслигимни тайинлашди. Шунинг учун узоқ ўйландим. Эътибор берсангиз, мен уч ой олдин ҳам “Андижон”га келиб машғулотларида қатнашишни бошлашим мумкин эди. Аммо ўтган уч ой давомида шуғулланиб, ҳаммасини яхшилаб ўйлаб, кейин бир қарорга келдим. “Андижон”га ўзидан-ўзи келиб қолганим йўқ. Тўғри, менинг бу ерга келишим мухлислар учун сюрприз бўлса керак, лекин ўзим учун бундай эмас.

- Сиз ҳақингиздаги охирги воқеалардан сўнг, кўпчилик ўз фикрларини айтдилар. Айниқса, “Локомотив” Москвага ўтишингиз омадсиз трансфер сифатида баҳоланди. Бундай вазиятда сизга ҳам осон бўлгани йўқ. Бўлиб ўтган ишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

- Тўғри, чеккадан қараганда хунук ҳолат. Лекин ичкаридан қараганда сабаблар бор. Аммо мен сабаб қидирмадим. 18 ёшдаман. 6 ой давомида шу ишлар бўлган бўлса, “Локомотив”да фақат минусга ишладим, дея олмайман. Ўзига яраша плюс тарафлари ҳам кўп. Буни фақат ўзим биламан. Чунки мен ичкарида клуб билан бирга бўлдим, машғулотларида ва жамоа ҳаётида ҳамнафас эдим. Кўрган-кечирганларим ва ичимдагиларни кимгадир айтиб ҳам етказа олмайман. Ҳаммасини фақат ўзим ҳис қилганман. Тўғри, ниманидир йўқотгандирман, аммо шу билан бирга топганларим ҳам бўлди. Ўзбекистонда ўйнаб бироз тажриба тўплаган бўлсам, у ерда захирада ўтирганда қанақа хис-туйғулар ўтиши, айниқса, легионер сифатида майдон ва унинг ташқарисида ички кечинмаларни ҳис қилдим. Европалик тажрибали футболчиларнинг ишга бўлган муносабати қанақа, топ-ўйинчилар – Ловрен, Мальком, Шомуродов ва бошқаларга қарши учрашувларда захирада ўтириб, уларнинг ўйинларини кўриб нималарнидир ўзим учун олдим. Барибир бундайларнинг ўйинларини ўз кўзи билан кўриш бошқача. “Локомотив”даги барча футболчилар билан эса, деярли ҳар куни бирга бўлдим. Улар билан ўтириб бирга овқатландик, бирга суҳбатлашдик. Шуларнинг ўзи ҳам мендек ёш ўйинчига катта нарса беради. Мухлислар бир ярим соат футбол кўришади. Лекин ўйинчи учун майдон ташқарисида ўрганиши мумкин бўлган жиҳатлар ҳам кўп. Майдондаги ўйин биринчи навбатда унинг ташқарисида бошланишини кўрдим. Тартиб-интизом, ишга бўлган муносабат, овқатланиш, машғулотлар жараёнлари, умуман барчасини кўриб ўргандим.

жасур_3

- “Локомотив” футболчиларидан кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?

- Кўп инсонлар билан алоқам бор. Ҳужумчи Лисакович ҳозир “Локомотив”да “очилиб” кетди. У билан бир хонада яшардим...

- Ҳа, у беларуслик эди. “Шахтёр”дан олиб келинганди...

- Тўғри. Жасур Яхшибоев унинг ўрнига “Шахтёр”га борганди. “Локомотив” уни 1,5 миллионга сотиб олганди. Унга ишонишарди ва ишончни оқлаяпти. Лисаковичдан мисол қиладиган бўлсам, у етим бола. Болалар уйида катта бўлган экан. Ҳаммасини менга айтиб берганди. Кейин у бироз телбароқ бола. Унинг ўзи клуб ошпазларига агар гол урмасам, менга овқат берманглар, бундан хафа бўлмайман, дейди. Шу гапларнинг ўзиёқ менга катта тажриба мактабидир. Уни қандай кучли эканлигини кўрдим. Гарчи етим ўсган бўлса ҳам “синиб” қолмаган. Лисаковичда ҳаётга бўлган ёндашув бошқача. Шунингдек, у компьютер ўйинларини кўп ўйнарди ва менга ҳам ўргатиб қўйган. Лисакович билан тез-тез ўйнаб тураман ва мулоқотда бўламиз. Ака-ука Миранчуклар билан ҳам доимий алоқадаман. Улар мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб туришади. Айниқса, катта Миранчук мени кўп қўллайди.

- “Тамбов”га ўтганингиздан кейин ҳам ўйин амалиётига эга бўлмадингиз. У ердаги фаолиятингизни эслашни ҳам хоҳламаяпсизми?

- Йўқ, эслайвераман. Дўстларим билан бу мавзуда гаплашавераман. Тўғри, ўйнамаганим учун четдан қараганда хунук кўринади. Аммо ичкарида бўлганим учун менга кўп нарса қизиқ эди.

- Аслида у ерда нима бўлган? “Тамбов”га қўшилганингизда майдонда тўп суришингизни кутгандик. Балки мураббий билан муносабат яхши эмасмиди, сизга ишонмасдими ёки бошқа сабабми?

- Тўғриси, “Локомотив”да бунинг сабабларидаги ҳамма нарса менга ҳам кўринмайди. Лекин мураббийнинг менга бўлган муносабати яхши эди. Қанақадир ҳаммаси яхшидек туюларди, аммо барибир вазият бошқа эди. У ерда 10 та легионердан 8 таси қолиши керак. Мен кўп вақт “заявка”да ҳам бўлмай турдим, ҳужжат ишлари туфайли. Кейин киргизишди. Миранчукни йўқотишганди. Чемпионлар лигаси олдидан таркибни кучайтиришмаса бўлмасди. Лекин янги чақиришган футболчиси билан ҳам натижа қила олишмади. Балки агентлар ҳам ўшанда ниманидир ҳал қилишлари керакмиди?! Лекин мени кўзим билан кўринганида ҳаммаси яхши-ю, қандайдир тушунарсиз жойи бордек туюларди. Чунки ростдан ҳам имкониятга эга бўлмасдим.

“Тамбов”да ҳеч кимга ҳеч қанақа эътирозим йўқ. Чунки икки кун қолганида, у ерга ижарага беришди. Ҳамма жамоа ўйинчи йиғиб бўлганди. Агар олдинроқ ҳаракат қилинганида яна қайсидир клуб мени ўз сафига қўшиб оларди. Балки ўшанда ўйнаш имкониятим бўларди. Бу ерда “Тамбов”ни ҳам айблай олмайман. Бу клубда яхши хотираларни бошимдан кечирганман. “Тамбов”да “Андижон”дагидек ака-укачилик, самимийлик кўпроқ. У ердаги футболчилар 5-6 ойлаб умуман пул олишмасди. Шароити қийин эди. Бироқ жамоанинг аҳиллиги зўр эди. 37, 38, 41 ёшли футболчилари бор эди.

тадбир5_1

- “Локомотив” билан шартномангиз бекор бўлганидан кейин Ўзбекистонда кўпчилик сизни агентингиз Юрий Белоус билан ҳамкорликни тўхташингиз ҳақида фикрлар кўп эшитилди. Ҳозирда бу масалада нима дея оласиз? У билан алоқани уздингизми ёки...

- Ҳозирча давом эттиряпман десам ҳам бўлади. Лекин бу охирги босқичларида бўлса керак. Тўғриси, ҳозир бирор нима дейишни ҳам хоҳламайман. Чунки бунинг мавриди ҳам эмас. Агентларим ҳақида ҳеч қачон бирор ерда ёмон гап айтмайман. Чунки улар ҳам қайсидир маънода менга нимадир қилиб беришди.

- Алоқани узмадингизми?

- Узяпман.

- “Андижон”га ўтишингизда улар билан маслаҳатлашмадингизми?

- Йўқ. Ҳа, улар менинг бу қароримни билишарди. Аммо алоқани узмоқчиман. “Андижон” билан шартнома тузишга ҳам агент керак, деб ўйламайман.

- Юрий Белоус Россия матбуотига берган интервьюсида сизни Ўзбекистоннинг ўртамиёна жамоасига ўтди, деган фикрларни айтди...

- Улар билан кўп гаплашмадим. Шунчаки, ўз фикрларини айтишгандир. Бош мураббий Отабек ака Ғуломхўжаевни ҳамма билади. Мени ҳеч ким “Андижон”га мажбурлаб олиб келмаса керак, деб ўйлайман. Клубдан ҳеч ким менга қўнғироқ қилиб, илтимос шу ерга кел, дейишмаган ҳам. Шунчаки, менга агар хоҳишинг бўлса, жамоага келиб ўйна, дейишди. Юқорида айтганимдек, “Андижон”нинг менга айтган таклифи жуда маъқул тушди. Ўзбекистон Суперлигасидан бирорта клуб менга бундай таклиф бергани йўқ. Тўғри, оғзаки чақиришди, фақат ўзининг шартлари бор эди. Яъни, бошқалар четдан яхши таклиф бўлиб, кетишга хоҳишинг бўлса, қўйиб юборамиз, дегани йўқ. Бу ерда ҳеч кимдан қанча ойлик маош қилиб беришини сўраганим йўқ. Бу ерга пул учун келмадим, бу ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бу йил “Андижон” жамоасида моддий томондан катта муаммо бўлмаса керак. Шунақа бўлса ҳам бу ерга пул учун келмадим, бу аниқ.

- “Андижон”га ўтганингиздан кейин Белоус сиздан нимага бундай қарорга келганингиз ҳақида сўрадими?

- Ушбу мавзуда у билан гаплашганларимиз иккимизнинг орамизда қолади. Албатта, Юрий Белоус билан гаплашдим.

жалолиддинов_3

- Рус матбуоти ҳам сизга бу борада алоқага чиқяптими?

- Россия матбуотига интервью бермайман, деб айтганман.

- Нима сабабдан?

- Чунки у ернинг матбуоти бошқачароқ. Россияда бошида интервью берганман. Ана шундан кейин бошқа интервью бермайман, деб ўзимга-ўзим айтганман.

- Уларга нисбатан ишончингиз йўқолганми?

- Билмайман. Рус матбуотида муҳокама кўп бўлади. Гапларингизни бошқача маънода тушунишлари ҳам мумкин.

- Сизга охирги пайтларда Туркия, Испания, Германиядан таклифлар бўлгани хусусида маълумотларга эга бўлдик. Бу ростми?

- Номларини айтмай турамиз. Агентлар менга қайси клублардан таклиф борлигини айтишган. Ўйлаб қарасам, менга қизиқиш билдирган клубларнинг чемпионати ёпиқ, масалан, Туркия. Тўғри, Испаниядан ҳам бор. Лекин таклиф борлиги бу аниқ дегани эмас. Чемпионати зўр бўлса, клуби ҳам шунга яраша бўлиши керак. Агар менга “Барселона”дан шартнома таклиф қилишса, қандай қилиб у ерга бормаслигим мумкин? Ёзда трансфер ойнаси очилади, ҳаммаси ўз қўлимда. Ҳалигача текин ўйинчиман, десам бўлади.

- “Локомотив”дан кетишдан аввал, сизга Туркиянинг “Бешиктош” жамоасидан вариант ҳам бўлганди. Ҳозир ўша таклифни қабул қилмаганингизга афсусда эмасмисиз?

- Йўқ, афсусланмайман. “Бешиктош” “Локомотив”дан кўра, 3-4 баробар жиддий қизиққанди. Буни билардим. Менга юборган шартномаси ҳам интернетда тарқаб кетганди. Тўғрисини айтсам, “Бешиктош” мавзуси яна орқага қайтиши, кучга кириши мумкин. Барибир Туркиянинг бир-иккита жамоаларидан қизиқиш бўлиб турибди. Ҳозир ҳеч нимадан афсусланмаслигим керак. Мен учун ҳаммаси олдинда, албатта юқори даражада футбол ўйнашим керак. Қачон тўғри ва нотўғри қарор қилганимни вақт кўрсатади.

- “Андижон”ни танлаганингизда яқинларингиз, дўстларингиз сизга қаерга кетяпсан, нима қиляпсан, деган саволлар билан мурожаат қилишмадими?

- Ростини айтаман, телефонимни ўчириб қўйганман. Ҳеч кимни эшитмадим. Ҳаммасини ўзим ўйлаб кўриб, бир қарорга келдим.

- Тақдимот маросимида ишқибозларнинг асосий эътибори сизга қаратилди. Бу ердаги муҳитни кўрдингиз ва энди нимани ҳис қиляпсиз?

- Футболдаги “эмоция”ни ҳис қилган ўйинчига пул иккинчи даражага тушиб қолади. Ўзгача ҳис-туйғуларга берилган ҳамма ўйинчи биладики, буни пулга сотиб олиб бўлмайди. Янги мақсадлар билан бундай талабчан мухлислар қаршисида тўп суриш жуда қизиқарли. Бу ерга пул учун эмас, ўша ҳис-туйғуларни ўзимда сезиш учун келдим.

- “Андижон” раҳбари футболчиларга жамоа кучли учликка кирса қимматбаҳо машина беришини ваъда қилди. Клуб бунга қанчалик қодир?

- Қодир ёки қодир эмаслиги менимча иккинчи ўринда. Ҳамма айтяпти, бу йил “Андижон” учун синов. Фақат яхши ният қиламиз. Кучли меҳнат қилиб яхши ният бўлса, Худоим ҳам ўзи беради. Бизнинг ҳам мақсадимиз шу.

жасур1_1

- “Андижон” таркибида бунгача сиз билан таниш дўстларингиз бормиди?

- “Андижон”да менга бегона одам йўқ. Мураббийлар штаби ўзимизники. Улар йиғган футболчиларнинг кўпи билан бирга ўйнаганман. Камрон Саидазимов “Бунёдкор”дан чиққан. 8 ёшимдан битта базада турганмиз. “Бунёдкор”дан яна 5-6 та бирга ўйнаган ўйинчилар бор. Уларни Суперлигада катта тажрибалари бўлмаса ҳам бир-биримизни тушунишимизни ўзи анча фойдали бўлади деб ўйлайман. Мухлислар бизни дуо қилиб қўллаб-қувватлаб туришса бўлди.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
09/03/2021 08:58
Жаьсурбек ишларингизга АЛЛОХ, ёр бу'лсин бир биридан чиройли голлар уриб АНДИЖОН галабасига у'з х,иссангизни ку'шинг
&
Расулов Шукуржон
09/03/2021 08:21
Омадингни берсин Жасурбек! Худо хохласа Узбекистонда Андижон деган жамоа борлигини, хамжиҳат бўлиб нималарга қодир эканликларини кўрсатинглар! Олға БУРГУТлар!!!
solijon bobokulov
08/03/2021 22:55
Zo'r! Olg'a!