"Бунёдкор" футболчисида вирус аниқланса, нима бўлади? Диёр Имомхўжаев "Ростов" мисолида вазиятни тушунтирди

“Бунёдкор” клуби футболчиларидан бири вирус юқтириб олганликда гумон қилинмоқда. Шу боис “Бухоро” — “Бунёдкор” учрашуви хавфсизлик нуқтаи назаридан номаълум муддатга қолдирилди. ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги ўзининг саҳифасида ўйин қолдирилиши юзасидан берилаётган айрим таклифларга шундай муносабат билдирди.

- Агар "Бунёдкор" клуби футболчиларида инфекция аниқланган бўлса, демак клубнинг ўринбосарлари таркиби ҳам шубҳада қолади. ЎзПФЛ "Бухоро" клуби футболчиларининг саломатликлари ҳақида қайғургани ҳолда, "Бунёдкор" ёшларини ҳам сафарга юбормайди.

ЎзПФЛ, шунингдек, "Бунёдкор"нинг сўнгги рақиби бўлган "Навбаҳор" футболчиларининг ҳам соғлигидан хавотирланди ва уларни тест топширишга кўндирди. Биз учун қолган 13 жамоанинг учрашувларга шай ҳолатда бўлиши жуда муҳим.

"Ростов" билан бўлган воқеа сабаб Россия футболи бутун дунё учун мавзу бўлди. Биз Россия футболи босиб ўтган йўлдан максимал даражада ўрнак олмасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг ўз йўлимиз бор, агар гап жаҳон тажрибаси ҳақида кетса, футболи ва умуман бошқа соҳалари ривожланган мамлакатлар йўлини ўрганишимиз мумкин.

ЎзПФЛ учун биринчи навбатда футболчилар ва умуман аҳоли саломатлиги, ундан кейингина футбол. Биз футбол учрашувларини давом эттириш йўлида максимал даражада ҳаракат қиляпмиз ва бу борада барча футбол клубларидан гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраймиз, - дея ёзиб қолдирди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!