"Бунёдкор" ва "Локомотив" футболчилари қўмита йиғилишига қадар майдонга тушмайди
Суперлига 5-туридан ўрин олган "Бунёдкор" — "Локомотив" учрашуви якунида келиб чиққан жанжал сабаблари Ассоциация қошидаги махсус инспекция томонидан ўрганилаётгани маълум қилинганди.
Кеча — 6 апрель оқшомида инспекция ўрганиш якунлари бўйича Лигага билдирги тақдим этди. Унда воқеа тафсилотлари стадион камералари, гувоҳлар, Комиссар кўрсатмаси ёрдамида ўрганилган. Шунингдек, "Локомотив" футболчиси Абдуллоҳ Йўлдошев, "Бунёдкор" футболчиси Наримон Аҳмаджонов, клуб селекционер мураббийи Бек Абдуллаев ҳамда маъмур Ботир Зоҳидов билан суҳбатлар ўтказилган. Тўпланган барча маълумотлар баённома шаклига келтирилган.
Маълумки, можаро иштирокчилари ички ишлар таянч пунктида бир-бирига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилганди. Гарчи улар ўзаро келишиб олгандек таассурот ҳосил қилса-да, Лига мазкур ҳолатни шундай қолдирмасликка қарор қилди. Зеро бу каби ҳолатлар профессионал спортчига хос ҳисобланмайди.
Ассоциация ва Лига ҳамкорликда бир қатор оммавий футбол мусобақаларини ҳам ташкил қилади. Улар орасида талабалар, маҳалла ёшлари, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ўртасида ўтказиладиган мусобақалар мавжуд. Табиийки, контактли спорт тури сифатида футболда айрим вазиятларда қатнашчилар қуюшқондан чиқиб кетадиган ҳолатлар учраб туради. Азарт ҳолатида профессионал футболчилар ҳам майдонда турли ноқулай вазиятлар келтириб чиқариши мумкин. Лига ёки тегишли қўмиталар ўйин жараёнидаги бу каби ҳолатларни тўғри талқин қилишга ҳаракат қилади. Бироқ ҳар қандай профессионал мураккаб вазиятларда ўзини қўлга ола билиши муҳим аҳамият касб этади. Тартиб-интизом қўмитаси кўнгилсиз ҳолатлар юзасидан қарор қабул қилаётганда айнан мана шу жиҳатларни инобатга олади.
"Бунёдкор" ва "Локомотив" клуби аъзолари томонидан рўй берган ҳолат эса янада уятлироқдир. Бу асаблар таранг тортилган вақтда қуюшқондан чиқиш эмас, майдондаги ҳолатлар ва келишмовчиликлар ортда қолган, профессионал ўз маҳоратини кўрсатиши лозим бўлган пайтда — футбол учрашуви тугаганидан кейин ҳам бир-биридан ўч олиш, бир-бирига эҳтимолий шикаст етказиш учун қасд қилинган ҳолатдир. Лига бу каби ҳаракатларни кескин қоралайди. Лига профессионал спортчиларни рўйхатдан ўтказади. Бироқ улар орасида ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда рўй бериши мумкин бўлган ҳолатлардан-да уятлироқ вазиятлар юзага келса, Лига унга қарши жиддий чоралар кўришга чақиради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Лига "Локомотив" футболчиси Абдуллоҳ Йўлдошев ва "Бунёдкор" аъзоси Наримон Аҳмаджонов лицензиясини Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишига қадар қайтариб олади. Кейинчалик эса қўмита қарори асосида ишни тегишли равишда тартибга солади.
Шунингдек, "Бунёдкор" клуби ҳам ўз ишчи-ходимларининг (Бек Абдуллаев) техник зонадаги xатти-ҳаракати, Комиссарнинг регламент асосидаги талабига беписанд муносабатда бўлгани, футболчилар ўртасидаги муносабатларга ҳеч бир сабабсиз аралашиши оқибатида вазиятни янада кескинлаштирганидан келиб чиқиб, алоҳида санкциясига тортилиши мумкин бўлади. Қўмитанинг мазкур иш борасидаги қарори кейинроқ расман эълон қилинади.
Фикрлар