"Бунёдкор"да ҳеч қандай қарздорлик қолмаган, 1-даврадан кейин таркиб кучайтирилиши кутиляпти ёхуд Шуҳрат Мақсудов нимани кўзлаётгани ҳақида

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби мавсумга қай тариқа тайёрланганини кўпчилик билса керак-а? Фарғонада “Ҳоким Кубоги”ни қўлга киритишди. Таркибни бир қатор етакчилари тарк этди. Ўрнига бошқа футболчилар жалб этилди.

Мавсум стартига яқин Шуҳрат Мақсудов бош мураббий лавозимига тайинланди. Ҳозирча натижалар чакки эмас. 5 та турдан кейин “Бунёдкор” 2 та ғалаба, 2 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этиб, 8 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. Раҳбарият томонидан Мақсудовга катта ишонч билдирилган. Ўз ўрнида бош мураббий sports.uz сайти учун бир қатор фикрлари билан ўртоқлашди.

Мавсум бошланиши хусусида

- Авваламбор, кириб келган Рамазон ойи билан Ўзбекистон халқини ўзим ва “Бунёдкор” жамоаси номидан табриклайман. Чемпионат кутилганидек қизғин ўтяпти. Ҳар бир ўйин кескин курашларга бой тарзда кечяпти. Ҳеч ким учрашув натижасини олдиндан айтиб бера олмаяпти. Бу албатта одамни хурсанд қилади. Ҳар бир турдаги баҳслар машаққатли ва қизиқарли ўтса чемпионатимиз ўсади. Бу эса миллий терма жамоамизга яхши маънода таъсирини ўтказади. “Бунёдкор” клубига тўхталсам, йил бошида жамоамизни олти нафар асосий таркиб футболчилари тарк этишган. Ҳеч кимга сир эмаски, икки-уч йил давомида клубда молиявий томондан қийинчиликлар юз берди. Лекин “Бунёдкор” клуби бахтига “Ўзбекнефтегаз” раҳбари Мехриддин Раззоқович Абдуллаев жамоа президенти этиб сайланди. Натижада у кишининг саъйи-ҳаракатлари билан мавжуд қарздорликлар тўлиқ бартараф этилди. Худога шукрки, ҳозирги кунга келиб ҳеч қандай қарздорликлар қолмаган. Клуб президенти ҳар бир учрашувда жамоа билан бирга ва доим қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам футболчиларга қўшимча куч беряпти. Буни клубнинг барча аъзолари яхши ҳис қилиб туришибди.

максудов2_1

Молиявий томондан бироз қийинчиликлар бўлгани сабабли ўзимиз истагандек ўйинчиларни ололмадик. Тўғри, таркибга янгиларни қўшиб олганмиз. Худога шукрки, мавсум бошланишига яқин боя айтганимдек, клуб президенти катта эътибор қаратиб келмоқда. Бу эса футболчиларнинг руҳиятига ҳам ижобий таъсир қиляпти. Фурсатдан фойдаланиб, клубимиз номидан ҳомийимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳозирча мавсум бошида таклиф қилинган янги футболчилар ҳамда ўзимизнинг академиямиздан етишиб чиққан йигитлар билан чемпионатда иштирок этяпмиз. Балки биринчи даврадан кейин ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиб турса, 3-4 та позицияга янги ўйинчиларни таклиф қилиш ниятимиз йўқ эмас. Буни албатта вақт кўрсатади.

“Бунёдкор” қайси ўринга даъвогар?

- Ҳар бир турда қандай натижа бўлишини билиб бўлмаяпти. Кўриниб турибди, ҳамма жамоа ўзига яраша кучга эга. Ҳеч кимга сир эмас, барча клублар ҳар бир учрашувда мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш иштиёқида бўлади. “Бунёдкор” ҳам бундан мустасно эмас. Чиройли ўйин ва албатта ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш ниятидамиз. Қанақа ўринда тугатишимизни йилнинг охирида кўрамиз.

максудов3_1

Чемпионатимизда ажабланарли ҳолатлар хусусида

- Чемпионатимизда ажабланарли нарса кўрмаяпман. Дастлабки 5-6 та турда кутилмаган натижалар бўлиб туради. Кўпчилик бир хил ҳолатда. Омад кўпроқ кимга кулиб боқса, ўша жамоа ютиб кетади. Йил ярми ёки якунига бориб, кимда молиявий томондан яхши ва захира ўриндиғи борасида кенг бўлса, ўйлайманки, айнан ўша жамоалар юқори ўринларга курашади.

VAR ҳақида

- VAR ҳақида гапиргим келмаяпти. Уни яхши эмас десам, бошқаларга ёқмаслиги мумкин. Ёки бу яхши десам, ундан жабр кўрган клубларга бошқача туюлиши мумкин. “Андижон” билан учрашувда уларнинг дарвозасига пенальти белгиланганди. Кейин VAR кўриб чиққанидан кейин бу қарор бекор қилинди. Ўшанда адолат юзага чиққани яхши бўлгани ҳақида айтгандим. “Сўғдиёна”га қарши учрашувда жарима майдони ичида қўполлик бўлганида ҳакам 11 метрлик жарима зарбасини белгиламади. VARдагилар бу ҳақида хабар беришганидан кейин Танташев ўзи кўриб чиққач, пенальти белгилади. Адолат юзасидан VAR керак деб ўйлайман. Фақат ўйин давомида VAR туфайли қанча вақт йўқотилган бўлса, учрашув охирида унинг ўрнини қоплаш учун етарли вақт қўшиб берилса янада яхшироқ бўларди.

Мураббийнинг шахсий вазифаси

- Ҳар бир мураббий ўзи ва жамоаси олдига фақат жиддий вазифаларни қўяди. Мен ҳам “Бунёдкор”ни яхши ниятлар билан қабул қилиб олганман. Чемпионат бошланишига беш кун қолганида клуб бош мураббийи сифатида ишга киришдим. Ундан олдин “Бунёдкор” клубида вақтинча директор вазифасида ишлаб келаётгандим. Бир ярим ой давомида шу лавозимда фаолият кўрсатдим. Кейин яна мураббийлик ишимга қайтдим. Улуғбек Мирзаев ўз жойига қайтганидан сўнг, мен ҳам яна мураббийликка қайтдим. Мен янги жамоага бош мураббий бўлганим йўқ. Бу клубда тўрт йилдан бери ишлаб келяпман. Ёрдамчи мураббийлар ҳам бегона эмас. Улар билан анча йиллардан бери бирга ишлаб келяпмиз. Ҳеч нимани ўзгартирмадик, олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай ҳолатда иш олиб боряпмиз. Кўз тегмасин, бизда футболчилар билан мураббийлар ўртасидаги муҳит аъло даражада. Меҳнат қилишда давом этамиз ва қайсидир маънода омад ҳам муҳим аҳамиятга эга.

максудов_2

“Локомотив” билан ўйин олдидан

- Ҳар ўйинга қандай тайёргарлик кўрсак, “Локомотив” билан баҳсга ҳам шундай ҳозирлик кўряпмиз. “Бунёдкор”га қарши ҳар бир рақиб жиддий тайёргарлик кўряпти. Бу янгилик эмас. Биз ҳам ҳар бир жамоани ҳурмат қилган ҳолда одатдаги машғулотларимизни ўтказяпмиз. Майдонда ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу жамоага ундай, бунисига бундай тайёрланамиз, деган гап йўқ.

Дарвозабонлар тўғрисида

- Бизда дарвозабонлар мураббийи сифатида анча йиллардан бери Абдусаттор Раҳимов ишлаб келяпти. Катта тажрибага эга. Ҳар ўйиндан олдин бу мураббий билан маслаҳатлашамиз. Ортда қолган бешта ўйинда Равшан Ягудин ўйлайманки, қўпол хатога йўл қўймади. Бош мураббий сифатида дарвозабонларимиздан қониқиш ҳосил қиляпман. Ишламаган одамгина хато қилмайди. Меҳнат қилган одам хато қилишга ҳақли. Бу – футбол, шунинг учун хато қилишса, бундан катта фожеа ясамаймиз.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!