"Бухоро"да бош мураббий ўзгартирилишидан мақсад ғалабаларга эришишмиди? Унда натижа қани? Ёхуд Бердиев раҳбариятни уялтириб қўймаслиги керак-да!
Суперлигадан кейинги ўринда турувчи про-лигада ҳам мусобақалар қизғин тус олган. Турнир жадвалига назар ташласангиз, кутилган манзарани кўриш мумкин. Асосий фаворит сифатида тилга олинаётган “Нефтчи” жамоаси мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, 13 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. “Бухоро”, “Хоразм” ва “Олимпик” клублари 10 очко билан кейинги ўринларда бормоқдалар. Кураш эса борган сари шиддатли тус оляпти.
Эътибор берган бўлсангиз, Суперлигада аллақачон мураббийлар ўртасида истеъфолар бошланиб кетган. Серхио Маринангели, Нўъмон Ҳасанов, Андрей Шипилов, Отабек Ғуломхўжаев...ҳозирча шулар, балки бу рўйхат яна давом этиши ҳам эҳтимол. Хўш, бу борада про-лигада вазият қанақа? Биласиз, Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси яқинда мусобақадан чиқиб кетди. Унгача эса уларда бош мураббий ўзгарган бўлиб, Баҳодир Шамшиддинов ўрнига Баҳром Ҳакимов тайинланганди. Бироқ “Истиқлол” мағлубиятлар гирдобидан қутулавермагач, раҳбарият жамоани тугатиб қўя қолди.
Про-лидага яна бир жамоада ҳам мураббий истеъфоси юз берганидан хабарингиз бор-а? Ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган “Бухоро” кутилмаганда Даврон Файзиевни истеъфога чиқариб, Анвар Бердиевни ўрнига тайинладилар. Юқорида “Истиқлол”га алоқадорлиги шундаки, Бердиев бухороликларга ушбу клубдан келганди. Аммо ўшанда унинг “Истиқлол”дан “Бухоро”га кўчиб ўтиши турли гап-сўзларга ҳам сабаб бўлгани эсимизда турибди.
Ҳаммаси кечагидек ёдимизда, аввалига Бердиевни бош мураббийликка таклиф қилишди, ҳатто унинг ўзи шундай деб интервью ҳам берганди-ю, бироқ воқеалар ривожи ўзгариб у мураббийлар штабидан ўрин олди. Бердиев эса ўша суҳбатни бироз тўхтатиб туришимизни қаттиқ илтимос қилганди (кейинчалик ўша суҳбат қолиб кетди). Чунки амалдаги бош мураббий Даврон Файзиевнинг истеъфоси расман ўз тасдиғини топмаган. Натижада нима бўлди? Бердиев ўзи билан бирга Лебедевни “Бухоро”га етаклади. Улар Файзиевнинг мураббийлар штабидан жой олди. Дарвоқе, унгача ҳам Даврон Ориповичнинг “Бухоро”дан кетаётгани ҳақидаги миш-мишлар авж олганди. Лекин якунда шундай бўлдики, у клубда қолди, Бердиев билан Лебедев ҳам кутилганидек иш бошлади. Қизиғи, ўша пайтда Даврон Файзиев интервью бериб, Бердиевни ўзи таклиф қилгани ҳақида гапирганди. Ўшанда вазият бундай тус олганига ўзимиз ҳам унчалик ишонмагандик ва бу тахминларимиз кейинчалик ўзини оқлади. Бу ҳақда сал қуйироқда тўхталамиз.
Демоқчимизки, Даврон Файзиев яқинда “Бухоро”дан кетди. Нима учун? Қандай сабабларга кўра? Унинг sports.uz сайтига берган интервьюси ёдингиздами? Ўшанда клубдан кетишини раҳбарият томонидан ўзига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлгани билан изоҳлаганди. Лекин бизни ҳайрон қолдиргани шундаки, Файзиев бошчилигидаги жамоанинг натижалари унинг истеъфосига арзирмиди? 4 та ўйинда 3 та ғалаба ва 1 та мағлубият кузатилди. Ўзбекистон Кубогининг дастлабки баҳсида “Динамо” билан дуранг қайд этилди. Ҳали мавсум бошланганига ҳеч қанча вақт бўлмаган, мураббий эса жамоани шакллантириш жараёнида эди.
Хуллас, Файзиев барибир “Бухоро”дан кетди, албатта ўзи истаб эмас. Анвар Бердиев эса кутилганидек бош мураббийга айланди. Воқеалар ривожи эса шунга қараб кетаётгандек эди. Яъни, унинг аслида Бухорога келиши бежиз эмасди. Энди юқоридаги фикрни давом эттирамиз. Бердиев жамоада иш бошлаганида Даврон Файзиев ўзи уни таклиф қилганига тўхталганди. Аммо у жамоадан кетгач, берган интервьюсида аслида Анвар Бердиевни чақирмаганини тан олди. Бу раҳбариятнинг қарори бўлганига тўхталди. “Бухоро”да иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган Файзиев тушунарсиз сабабларга кўра ишдан бўшатилди.
Охир-оқибат Бердиев бош мураббийликка тайинланди. Энди “Бухоро”нинг натижаларига қараймиз! Янги бош мураббийнинг дебют баҳси Ўзбекистон Кубогига тўғри келди. Иккинчи турда “Сурхон” билан куч синашишди. Ўша баҳсда бухороликлар ўйинни яхши бошлашди ва 0:2 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Бироқ учрашув якунида таблода 5:2 ҳисоби порлаб турарди! Учинчи турда эса “Ғиждувон” билан баҳс юритган бухороликлар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Оқибатда клуб икки очко билан гуруҳда қолиб кетди. “Динамо” билан “Сурхон” эса кейинги босқичга йўл олдилар. Шундай қилиб, “Бухоро” Кубок баҳсларини тарк этди. Кейин эса Анвар Бердиев про-лигада “Бухоро” устози сифатидаги илк ўйинини ўтказди. Сафарда “Арал Самали”га қарши тўп сурган жамоа аранг мағлубиятдан қутулиб қолди ва учрашув 2:2 ҳисобида якун топди.
Бердиевни бош мураббийликка тайинлашдан мақсад ғалабалар бардавомлигини таъминлаш эдими? “Бухоро” раҳбарияти клубда қайси мураббий ишлашидан қатъий назар фақат натижани талаб қилаётгани сир эмас. Бироқ Анвар Бердиев бошчилигида ҳозирча учта ўйин ўтказган “Бухоро” ғалаба қозона олмай келяпти. Балки айтишингиз мумкин, ахир унинг бош мураббий ролида иш бошлаганига кўп вақт бўлмади-ку, деб! Аммо Файзиевни ҳам жамоада ишга киришганига йиллар эмас, энди саноқли ойлар бўлганди холос. Шундай бўлса-да, унинг ишидан қониқишмади. Энди бўлса, Бердиев ўзига ишонч билдирган раҳбариятни уялтириб қўймаслиги керак-да! Акс ҳолда қилинган бу ўзгариш мутлақо ўзини оқламаганини билдириб қўяди. Айтмоқчи бўлганимиз, бухоролик мухлислар севимли жамоасидан ғалаба кутаётган бир пайтда вазиятнинг бундай тус олиши уларга ёқмаётгани шубҳасиз. Албатта, Бердиевни “Бухоро” бош мураббийи сифатида ишга киришгани бу унинг учун янги чақирув. Лекин уни олдинда нималар кутмоқда? Олдига қўйилган вазифани қай даражада уддалай олади? Муҳими, мақсадга эришиш учун ғалабалар зарур. Бердиев эса аввало “Бухоро”да ғалабалар сонини очиши керак, қолганини вақт кўрсатади.
Фикрлар