"Бухоро"дан нега хафа экани, олдига қўйган мақсадлари, ҳозирги клубининг аниқ режаси йўқлиги ва голларини Роналду услубида нишонлаши ҳақида "Хоразм" тўпурари билан интервью
Про-лигада 9 тур ортда қолди. 10-турга қадар мухлислар бир-биридан қизиқ ва томошабоп ўйинлар гувоҳи бўлди. Тан олиш лозим, Суперлигага чиқиш учун кечаётган кураш барча мухлис ва мутахассисларни ўзига қизиқтира олмоқда.
Айни пайт, Про-лигада кучли бешлик деярли ажралиб чиқди. "Турон", "Андижон", "Машъал", "Бухоро" ва номдор рақибларига муносиб қаршилик кўрсатаётган "Хоразм" клуби юқори дивизионга чиқиш учун рақобат олиб бормоқда. Ҳозирда хоразмликлар сафида 5 та гол уриб, тўпурарлик қилаётган Шаҳзод Бешимов SPORTS.uz сайтига интервью берди.
- Биламизки, футболчилик карьерангиз "Бухоро" жамоасида бошланган. У ердаги фаолиятингиздан сўнг "Хоразм"га кўчиб ўтдингиз. Нима деб ўйлайсиз, қарорингиз олдинга ташланган қадам бўлганмиди?
- Ҳа, фаолиятимни 2018 йил "Бухоро"да бошлаганман. 2020 йил клубимиз Про-лигага тушиб кетгач, жамоага Даврон Файзиев келди. У менга ишонмадими ёки бошқа сабабми, мураббий ўзининг ўйинчиларини олиб келди. Мен каби 3-4 футболчи билан шартнома бекор қилинди. Шу сабабли, мен ҳам "Хоразм"га ўтиб кетганман.
Худога шукр, бу ерда мени яхши кутиб олишди. Мухлислар ҳам ўйинларимдан завқ олаётганини айтди. Уларга миннатдорчилик билдираман!
Албатта, қароримни олдинга ташланган қадам, деб биламан... Ҳамма жойда маҳаллий футболчилар тўп тепади. Афсуски, "Бухоро"да ундай эмас.
- Про-лига 10-туридан сўнг тўпурарлар жадвалида кучли бешликда кетмоқдасиз. Сизнингча, рўйхат якуни қандай кўриниш олади?
- Худо хоҳласа, мен олдимга мақсад қўйганман. Якунда Про-лига тўпурари бўламан. Иншаалоҳ, шунга ҳаракат қиламан.
- Охирги ўйинда "Арал Самали"га учралган мағлубият ҳақида нима дея оласиз?
- "Арал Самали"га ютқазганимиз... Ҳа, жуда ёмон бўлди. Биз ўйинни ютиб бўлгандик. Яъни, шунга ишониб майдонга чиққандик. Рақибни менсимаслик бизни жазолади. Бу дерби эди. "Арал" билан ўйин доим шиддатли ўтган. Биз шуни ёдимиздан чиқариб қўйдик.
- Шубҳасиз, ҳозир "Хоразм" билан Суперлигага чиқиш асосий мақсадларингиздан бири. Турнирдаги рақобат, умуман, рақиблар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бизга ҳозирча махсус топшириқ берилмаган. "Хоразм" ҳалқ учун, мухлислар учун ўйнайди. Иккинчи даврада бешликда қолишга ҳаракат қиламиз. Иншааллоҳ, буни уддалаймиз.
Рақобат жуда ҳам кучли. Ўз олдига мақсад қўйган жамоалар билан рақобатлашиш биз учун яхши. Бу вазият футболчилар учун фойдали. Айнан шу каби ҳолатларда биз ўсишимиз ва яхшироқ клублардан таклиф олишимиз мумкин.
- Айни пайтда Суперлига клубидан таклиф тушадиган бўлса, жамоадан кетган бўлармидингиз ёки "Хоразм"да қолиб, юқори дивизион учун охиригача курашасизми?
- Суперлига жамоаларидан таклиф бўлса, кетган бўлардим. "Хоразм" мен учун "трамплин" вазифасини бажаради. Бу ерда ўзимни кўрсатиб, тезроқ кучли клубларга ўтишни ният қилганман. Иншааллоҳ, ниятимга эришаман. Агар "Хоразм" жамоасида мақсад юқори дивизионга чиқиш бўлганда, охиригача курашардим.
- Жаҳон футболи ҳақида гаплашсак. Месси ёки Роналду? Қай бирини танлайсиз ва нимага эканлигини ҳам изоҳлаб берсангиз?
- Ёшлигимдан Роналдунинг мухлиси бўлиб келганман. Голларимни ҳам айнан унга ўхшатиб нишонлайман. Криштианунинг ўйини кўпроқ ёқади. Мессининг ҳам ўйинлари зўр. Унинг истеъдодига шубха йўқ. Бироқ Роналду барчасига ўз меҳнати билан эришган. Унинг кун тартиби, овқатланиш режими, жисмоний тайёргарлиги... Билмадим, мен Криштиануни танлаган бўлардим.
- Демак, тушунишим бўйича ЕЧЛ финалида ҳам "Реал"га мухлислик қиласиз. Сизнингча, тахминий ҳисоб...
- Ҳа, албатта. 3:1 - "Реал" фойдасига.
- Тушунарли. Саволларимизга вақт ажратиб жавоб берганингиз учун катта раҳмат! Келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз!
- Сизга ҳам раҳмат. Саломат бўлинг!
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар