"Бухоро"га келгуси йилдан легионер футболчини таркибга қўшиб олиш тақиқланди

ПФЛ бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган қарздорликлар масаласига 2018 йилнинг ўзида барҳам беришни мақсад қилган. Шу боисдан ҳам клублар то “эски ишлари”га барҳам бермагунига қадар, уларнинг янги операцияларига рухсат этилмаяпти. ПФЛ расмий сайти бу борада расмий баёнот билан чиқди.

 “Бухоро” футбол клубида ҳам худди шундай муаммо бор. ПФЛ мавсумни муносиб ўтказаётган “Бухоро” клуби олдидаги муаммолар бартараф этилишини истайди. Бироқ вазият бир неча йиллар давомида издан чиқиб кетганки, ҳар сафар клубга янги келган раҳбарият, аввалги раҳбарият йўл қўйган хато ва камчиликларни бартараф этиш билан машғул бўлиб қолади.

Йиғилиб қолган қарздорликлар сабаб айни вақтда “Бухоро” футбол клубининг ҳисоб рақами “музлатиб қўйилган”. Миллиарддан ортиқ сумма ўз эгаларини топмагунига қадар, “Бухоро” клуби ҳеч нарса қила олмайди. Аниқлик киритилишича, клуб вакиллари икки ойдан буён ойлик-маошсиз ишлаб келмоқда.

Айни вақтда ПФЛ “Бухоро” футбол клубига 2019 йилдан бошлаб легионер футболчилар билан шартнома имзолаш тақиқланади. Ўз футбол академиясига эга бўлмаган ҳамда стадионида камчиликлари бор бўлган клубларнинг ҳаммаси учун қоида шундай бўлади. Улар аввал ўз академиясини ишга тушириб, келажаги учун пойдевор қўяди. Кейин эса қолган масалалар бўйича ишлайди. Ундан кейингина клубларга легионерлар билан ишлаш ярашади. Айни ҳолатда миллионлаб пуллар шунчаки ўртамиёна легионерлар учун сарф бўлиб ётибди ва бундан Ўзбекистон футболи ҳеч нарса ютаётгани йўқ. 

Агар “Бухоро” футбол клубига Тачмурод Агамуродов келса, унинг жамоаси Олий Лига клублари орасида энг кўп чиқим қилса-ю, натижа фақат 4-ўрин бўлиб қолаверса, етмаганига клуб йилни каттагина қарздорлик билан тугатса, “Бухоро” футбол клуби ҳеч қачон олдинга қадам боса олмайди. 2019 йил клублар икки қадам олдинга қадам ташлай олиши учун, бу мавсум бир қадам орқага қадам босиши шарт. Яъни, клублар қарздорликлардан халос бўлиб олишлари лозим. Бу йилги иш, келаси йилга умуман қолдирилмайди (йиллар давомида бунга эътиборсиз бўлинган).

 “Бухоро” футбол клубига вилоят ҳокимияти, шунингдек, жамоа ҳомийси ёрдам қўлини чўзмаса, вазият яхшиланиши қийин. Ишчиларнинг ойлаб маош олмаслиги, клуб доимо муаммолар гирдобида юриши нормал ҳолат эмас. 

Ўз навбатида футбол мухлислари ҳам бир жиҳатни тўғри тушуниши лозим. Токи клубларнинг шу каби ишлари давом этар экан, футбол бир жойда депсиниб тураверади. ПФЛ ҳам, ЎФА ҳам бундан манфаатдор эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!