Буёғига футболда рекордлар янгиланиши осон бўлади, зерикарли учрашувлар сони кўпаяди. Сабабларга тўхталиб ўтамиз

Мбаппе Жаҳон Чемпионатида 7 та гол урди. Кейнда ҳозирча 6 та. Харри катта эҳтимол кейинги Мундиалда, Килиан эса яна 2-3 та ЖЧда иштирок этиши мумкин. Бу фактни эслаб қолинг. 

Месси ва Роналдуни АҚШда ўтадиган Мундиалда кўрмасак керак. 2026 йилдаги Мундиалда 48 терма жамоа иштирок этишидан хабарингиз бор. Бу нима дегани? Энди терма жамоалар сони кўпаяди. Кучли терма жамоалар у қадар ҳам кучли бўлмаган мамлакатларга қарши ҳаракат қилиши мумкин. Кейинги Мундиалларда ўйинлар сони ошиши ҳамда у қадар кучли бўлмаган термаларнинг энг йирик турнирда иштироки кўплаб афсоналарнинг рекордини ўртамиёна ижрочилар янгилашига олиб келади. Кейн ва Мбаппенинг салоҳиятига шубҳа қилмайман. Уларни шунчаки мисол қилиб кўрсатдим, холос. Ҳали гувоҳи бўласиз, айрим афсоналарнинг натижалари 2026 йилда шунчаки, яхши савияли футболчилар томонидан янгиланади. Биз ўшанда буни қандай қилиб қабул қиларканмиз?

Мундиалларда урилган голлар: 

Марадона - 8 та 
Роналду - 8 та 
Месси - 8 та 
Мбаппе - 7 та 
Кейн - 6 та 

0_Untitled-1

Яна бир жиҳат

Жаҳон Чемпионати билан бир қаторда 2024 йилдан Европа Чемпионлар лигаси форматига ҳам ўзгартириш киритилади. Жамоалар сони 36 тага оширилади. Ўйинлар сони ҳам сезиларли даражада ошади. Маркетинг йўлида хизмат қилаётган ва шу орқали мўмай даромад олаётган футбол ўз брендига салбий таъсир кўрсатяпти. Кеча SPORTS.uz You tube саҳифасида бўлган подкастда Яҳёхўжа ака Мундиал зерикарли ўтаётганини таъкидлаганди. Қисман тўғри айтаётгандир. Эски даврни кўрган инсонда солиштирув бўлади, албатта. Бу йилги Жаҳон Чемпионати зерикарли ўтаётгани 60-70 фоиз мухлисларга бир фактор эвазига билинмаётган бўлиши мумкин. Яна ўша икки футболчи бунга сабабчи. Бироқ уларнинг карьераси ҳам интиҳосига яқинлашиб қолди. Буёғига вазият қандай тус олади? Аниқ нимадир дея олмайман. Балки янги "Месси" ва "Роналду"лар пайдо бўлар ва ҳамма улар билан овуниб, умумий картинани эсдан чиқарар. Бироқ ҳолис ва фақат футболнинг ўзини севиб томоша қилувчиларнинг талабани қондира оладиган ўйинларни бизга футбол кам тақдим этиши бор гап. 

football-fan-sleeping

Футбол ҳам бир жойда турмайди. Прогресс бўлиши табиий. Максимализмга интилаётган ва футболни пуллашни зўр уддалаётган ташкилотлар ўйлаб кўриши керак бўлган бошқа жиҳатлар ҳам бор. MMAнинг UFC промоушени 1-2 ой муддатда ўтказилади ва дунё бўйлаб жуда катта қизиқиш билан ундаги жанглар томоша қилинади. Ҳафтасига севимли жамоамизнинг ўйини 3 марталаб кўрамиз, номдор терма жамоаларнинг ўзаро баҳсларини қандайдир Миллатлар лигаси турнирида қисқа муддат ичида бир неча бор томоша қиляпмиз. Соғинч ҳиссини ҳам аста-секин унутиб қўймоқдамиз. Мазкур турнирда бир қатор сенсациялар гувоҳи бўлдик. Аслида, гап ёндашувда экан. Буни бу сафарги Мундиал исботлаб беряпти. Футболчи, мураббийлар айрим расмий учрашувларга беэътибор ёндашаётгани соннинг ошиши, сифатнинг эса пасаётганидан далолат.

Худайқулов Карим мақоласи 


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!