Ўзбеклар ҳам мундиал олдидан сенсация кўтара оладими?
2026 йилги мундиал иштирокчилари – Нидерландия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари олдинги ўртоқлик учрашувларидаги аламли мағлубиятлардан кейин ўзаро тўқнаш келадиган бўлди. Бу баҳс ҳар икки жамоа учун жаҳон чемпионати олдидан охирги синов бўлади.
Нидерландия
Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Роналд Куман Жазоирга қарши 0:1 ҳисобидаги сенсацион мағлубиятни фожиа даражасига чиқармади. Мутахассис бу натижани “ҳушёрлик қўнғироғи”, деб атади ва жамоа тўғри хулосалар чиқариши кераклигини таъкидлади.
Ўйин жиҳатидан нидерландияликлар яхши кўринди, аммо асосий муаммо имкониятлардан фойдаланишда кузатилди. Европаликлар рақиб дарвозаси олдига тез-тез етиб боришди, босим уюштиришди, аммо вазиятларни голга айлантира олишмади.
Шу билан бирга, жаҳон чемпионати саралаш босқичида, яққол аутсайдерларга қарши ўйинларни ҳисобга олмаганда, жамоада ҳужум чизиғида жиддий муаммолар кузатилмаган. Нидерландия мунтазам равишда голли вазиятлар яратиб келган ва доимий равишда гол урган.
Шу сабабли Жазоирдан қабул қилинган мағлубият тизимли инқироздан кўра хавотирли сигнал сифатида баҳоланмоқда.
Алоҳида эътибор Мемфис Депайга қаратилади. Нидерландия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар учун бу йиғин алоҳида аҳамиятга эга. Ҳужумчи баҳорнинг катта қисмини жароҳат сабабли ўтказиб юборгани учун мундиал олдидан ўйин амалиётини тиклаб олиши муҳим.
Тактик схема борасида жиддий сюрпризлар кутилмаяпти. Нидерландия эҳтимол яна 4-3-3 тизимида ўйнайди, тўп назорати пайтида эса бу схема 4-2-3-1 кўринишига ўтиши мумкин.
Ўзбекистон
Ўзбекистон терма жамоаси учун бу учрашув алоҳида синов бўлади. Жамоа тарихда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди ва энди энг юқори даражадаги рақибга қарши ўз кучини синаб кўриш имконига эга бўлмоқда.
Аввалроқ ўзбекистонликлар Уругвайга қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишган эди. Ҳисоб нуқтаи назаридан жамоа муносиб кўринган бўлса-да, ўйин сифати бўйича рақиб анча устунлик қилган.
Жаҳон чемпионатига сўнгги тайёргарлик босқичида ўзбеклар Канадага сафар қилиб, мезбонлар билан куч синашди. Бу баҳсда канадаликлар 2:0 ҳисобида зафар қучди. Фабио Каннаваро шогирдлари эса, яратилган қулай вазиятлардан фойдалана олмади.
Энди навдатдаги рақибнинг даражаси анча юқори.
Фабио Каннаваро жамоани ихчам ўйин, чизиқлар орасидаги зичлик ва тўпсиз ҳаракатлардаги интизом асосида шакллантирмоқда. Ўзбекистоннинг асосий вазифаси – нидерландияликларга марказий ҳудудда эркин комбинациялар ташкил қилиш имконини бермаслик ва қанотлар орқали тез ҳужумлар қуришига йўл қўймасликдан иборат.
Ҳимоянинг асосий фигураси Абдуқодир Ҳусанов бўлиб қолмоқда. У терма жамоада Европанинг кучли чемпионатларида ўйнаш тажрибасига эга бўлган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади.
Кўп жиҳатдан айнан унинг ҳаракатларига қараб Ўзбекистон қанча вақт давомида нидерландияликлар босимига бардош бера олиши мумкинлиги айтилмоқда.
Тахминий таркиблар
Нидерландия:
Вербрюгген — Дюмфрис, ван Дейк, Аке, ван де Вен — Копмейнерс, де Рон, Квинтен Тимбер — Саммервилл, Мемфис Депай, Клюйверт.
Ўзбекистон:
Юсупов — Ўрозов, Эшмуродов, Ҳусанов — Сайфиев, Мозговой, Эсанов, Насруллаев — Файзуллаев, Искандеров — Шомуродов.
Прогноз
Нидерландия учун бу ўйин Жазоирдан қабул қилинган мағлубиятдан кейинги реакцияни намоён қилиш имконияти бўлади. Куман футболчиларидан кўпроқ агрессия, босим ва дарвозага интилишни талаб қилди.
Шунинг учун нидерландияликлар биринчи дақиқалардан ташаббусни ўз қўлига олишга ҳаракат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон эса ўйин бошидаги босимга бардош бериши ва рақибга тезда ҳисобни очиш имконини бермаслиги керак.
Каннаваро жамоаси максимал даражада тартибли ҳимояланиши, диққатни йўқотмаслиги ва Элдор Шомуродов ҳамда Аббосбек Файзуллаев орқали қарши ҳужумлардан фойдаланиши талаб этилади.
Қўшимча омил сифатида об-ҳаво ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Олдинги учрашувда Ўзбекистонга ёмғир ва совуқ халақит берган бўлса, бу сафар шароитлар анча қулай бўлиши кутилмоқда.
Бу эса комбинацион футболга таянадиган Нидерландия учун қўшимча устунлик ҳисобланади.
Нидерландия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 8 июнь куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади. Икки терма жамоа ўртасидаги тарихий илк учрашув АҚШнинг "Icahn Stadium" стадионида бўлиб ўтади. Бу арена Нью-Йорк шаҳрининг Манхэттен туманида жойлашган.
Хўш, нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ҳам мундиал олдидан Жазоир каби сенсация кўтара оладими?
Рақибни бир мушт билан ағдарган Леау Ўзбекистонга қарши ўйнамаслиги мумкин!
Колумбия бош мураббийи Ўзбекистонга қарши ўйинга қандай тайёрланаётганини айтди
Даҳшат! Ўзбекистон “ўлим гуруҳи”да ўйнайдиган бўлди!
Бунақаси Шомуродов фаолиятида биринчи марта бўлди
“Бака-бака банг, дор ўйнанг”! Мундиалда Ўзбекистонга кимлар мухлислик қилишини биласизми?
Ана холос! Мареска Ҳусановга кучли рақобатчи олиб келади

Фикрлар