“Чарм тўп-2019”. Финал иштирокчилари маълум

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги Ёшлар ўртасида «Чарм тўп» анъанавий футбол мусобақасини ўтказишга бағишланган 1-сонли мажлис баёни ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3031-сон қарори, 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот-технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида»ги мажлис баёни ижросини таъминлашда иккинчи йўналиш бўйича ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида «Чарм тўп» анъанавий футбол мусобақасининг низомига асосан, Жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Маданият вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, 

Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва яна қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 4 босқичли футбол мусобақаларининг қуйи босқичлари ташкил этилди ва ўтказилди.

2019 йил 26-31 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар туман(шаҳар)ларида маҳаллалараро 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг биринчи босқичида республикамизнинг 9 098 та маҳалласидан 7 125 талабнома асосида 106 875 нафар ёшлар иштирок этди.

Мазкур мусобақанинг 2-босқичи 2-10 август кунлари оралиғида ўтказилиши белгиланган бўлиб, бунда маҳаллалараро босқичидан ғолиб бўлган жамоалар туман (шаҳар) босқичларида иштирок этишди.

«Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг 10-20 август кунларига белгиланган учинчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри кесимида ғолиблар аниқлаб олинди. Шуни таъкидлаш жоиз, учинчи босқич ўйинлари ҳудудий майдони анча катта айрим вилоятларда аввал минтақавий босқичларда ўтказилиб, сўнгра минтақа ғолиблари якуний Республика босқичига чиқадиган жамоани аниқлаб олиш учун ўзаро баҳслашди.

25 августдан пойтахтимизда «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг ҳал қилувчи тўртинчи босқичига старт берилади. Бунда саралаш баҳслари якунига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри кесимида ғолиб чиққан 14та энг кучли жамоа бош соврин учун кураш олиб боради.

«Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг Республика босқичида иштирок этадиган жамоалар рўйхати:

Андижон вилояти – «Яккатут» МФЙ, Шаҳрихон тумани;

Бухоро вилояти – «Неккеши» МФЙ, Шофиркон тумани;

Жиззах вилояти – «Ғаллаорол» МФЙ, Ғаллаорол тумани;

Наманган вилояти – «Навкент» МФЙ, Янгиқўрғон тумани;

Самарқанд вилояти – «Ўрикзор» МФЙ, Каттақўрғон тумани;

Сирдарё вилояти – «Еттигузар» МФЙ, Ховост тумани;

Фарғона вилояти – «Бахрин» МФЙ, Марғилон шаҳри

Тошкент вилояти – «Шодлик» МФЙ, Юқори Чирчиқ тумани;

Қашқадарё вилояти – «Оққамиш» МФЙ, Касби тумани;

Қорақалпоғистон Республикаси – «Дўстлик» МФЙ, Тахиатош тумани;

Тошкент шаҳри – «Иқбол» МФЙ, Бектемир тумани

Сурхондарё вилояти – «Шеробод» МФЙ, Шеробод тумани;

Навоий вилояти – «Навбаҳор» МФЙ, Навбаҳор тумани

Хоразм вилояти – «Мухомон» МФЙ, Ҳазорасп тумани.

Мусобақанинг гуруҳ босқич ҳамда плей-офф ўйинлари 25-27 август кунлари «Бунёдкор» футбол академиясига қарашли майдонларда ташкил этилса, ниҳоят финал учрашуви 28 август куни соат 18:00да «Миллий» стадионда бошланади. Мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида ўйинларга кириш бепул этиб белгиланди.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!