"Чарм тўп": Ярим финалга чиққан "Иқбол" жамоасида йўқотишлар бор, 4 футболчи четлатилган яна 2 тасида жароҳат

Айни кунларда «Бунёдкор» футбол академиясига қарашли майдонларда «Чарм тўп-2019» анъанавий футбол мусобақасининг Республика босқичи ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Бугун 14та жамоа иштирок этаётган мусобақанинг гуруҳ босқич ўйинлари якунланиб, ярим финалга йўл олган жамоалар номи маълум бўлди. 2-тур ўйинларидан кейин барча гуруҳларда интрига сақланиб қолганди ва шу сабабли 3-тур учрашувлари жуда муросасиз кечди.

«А» гуруҳида 2-турдан сўнг Навоий вилоятининг «Челачи» ҳамда Сурхондарё вилояти «Шеробод» жамоалари 4тадан очко жамғарган ва гуруҳ ғолиблиги айнан шулардан бирига насиб этиши аниқ бўлиб қолганди, чунки қолган икки жамоада ярим финалга чиқиш учун имконият қолмаганди. 3-турда навоийликлар Хоразм вилоятининг «Мухоман» жамоасини йирик ҳисобда (6-3) мағлуб этди. Аммо, шерободликлар кутилмаганда «Ғаллаорол» (Жиззах) жамоасига ютқазиб қўйишди ва ярим финал йўлланмасини Навоий вилояти вакилларига қўш қўллаб топширди.

«Б» гуруҳида Тошкент шаҳрининг «Иқбол» маҳалласи ёшлари икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган бўлсада, 3-турда улар мабодо сирдарёлик рақибларига ютқазиб қўйса ҳаммаси тугарди. Боз устига уларни ютган тақдирда ярим финал йўлланмаси айнан Сирдарё вилояти «Еттигузар» маҳалласи ёшларига насиб қиларди. Бироқ, ундай бўлмади. Гарчи учрашувда ҳисобни сирдарёликлар очган бўлишига қарамай якунда пойтахт вакиллари 3-1 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритди. 

Аммо, ярим финалда «Иқбол» жамоаси қайси таркиб билан ўйнайди, айтиш қийин. Негаки жамоанинг тўрт нафар футболчиси мусобақадан четлатилган, яна икки футболчи эса бугунги баҳсда жароҳат олди. Хуллас, «Иқбол» мураббийлари учун бош оғриқ етарли...

«С» гуруҳидан учта жамоа ўрин олгани боис «Оққамиш» (Қашқадарё) жамоаси учун гуруҳ баҳслари тугаганди. Икки ўйин натижасига кўра қашқадарёликлар 4 очко ва +2 тўплар нисбати билан гуруҳда пешқадам бўлиб турган бўлсада, 3-турда «Шодлик» (Тошкент вил.) жамоаси уларни қувиб ўтиши мумкин эди. Бунинг учун Юқори Чирчиқ тумани жамоасидан амалда ярим финалдан умидини узиб бўлган «Неккеши» (Бухоро) жамоасини мағлуб этиш талаб қилинарди. Хуллас, бу гуруҳда ҳам интрига етарлича эди. Якунда эса бухороликлар ўзларига кераксиз ўйинда «Шодлик» жамоасини енгиб қўйди ва натижада бу гуруҳдан ярим финал йўлланмасига қашқадарёликлар эга чиқишди.

«Д» гуруҳида бўлиб ўтадиган «водий дербиси», яъни Андижон ва Наманган вилояти жамоалари тўқнашуви ҳам аҳамияти, ҳам натижа нуқтаи назаридан муҳим эди. Улар ўрин олган гуруҳда Қорақалпоғистоннинг «Дўстлик» жамоаси очко улашувчи вазифасини ўтади. Улар андижонликларга 3-1, наманганликларга эса 3-0 ҳисобида имкониятни бой беришди. Шу сабабли 3-тур ўйини водий жамоалари учун ҳаёт-мамот жангига айланиши кутилаётган эди. Муросасиз кечган баҳсда наманганликлар 2-1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финал квартетини тўлдирди.

«Чарм тўп-2019». 3-тур натижалари:

«А» гуруҳи:

«Челачи» (Навоий) – «Мухоман» (Хоразм) – 6:3

«Ғаллаорол» (Жиззах) –«Шеробод» (Сурхондарё) – 1:0

«В» гуруҳи:

«Еттигузар» (Сирдарё) – «Иқбол» (Тошкент ш.) – 1:3

«Баҳрин» (Фарғона) – «Ўрикзор» (Самарқанд) – 4:3

«С» гуруҳи:

«Неккеши» (Бухоро) – «Шодлик» (Тошкент вил.) – 2:1

«Д» гуруҳи:

«Навкент» (Наманган) – «Яккатут» (Андижон) – 2:1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!