"Чежу Юнайтед" билан шартнома имзолаган Ислом Кенжабоев ҳали ҳам уйда! У нега Жанубий Кореяга кетмаяпти? Футболчи билан суҳбат

“Насаф” клуби тарбияланувчиси Ислом Кенжабоевни легионерга айланганидан хабарингиз бор-а? У 2020 йилнинг декабрь ойи охирларида Жанубий Кореянинг “Чежу Юнайтед” клуби билан шартнома имзолагани ҳақида хабарлар чиққанди.

Ушбу келишувга ҳам бир ойдан ўтди, бироқ ҳали-ҳануз Кенжабоевнинг янги клубига қўшилгани борасида бирор маълумот берилмади. Устига-устак янги клуби ҳам Исломни расман таништиргани йўқ.

Очиғи, бундай жумбоқли саволлар бизни ўйлантириб келаётганди. Ваҳоланки, биз Кенжабоевни Жанубий Кореяга кетди, деб юргандик. Аммо кейин билсак, у ҳали ҳам ўз уйида, Навоийда экан. Шу заҳотиёқ футболчи билан боғландик. “Насаф”нинг собиқ ўйинчисига айланган Кенжабоев sports.uz мухбирига вазият аслида қандай эканлиги ҳақида гапирди.

- Ислом, Жанубий Корея клуби билан шартнома тузганингизга ҳам бир ойдан ошди. Лекин сиз ҳали ҳам у ерга кетганингиз йўқ. Нега чўзилиб кетяпти?

- Ҳозирги пайтда коронавирус туфайли Жанубий Корея ёпиқ давлат-ку. Шунинг учун у ерга кириш ва чиқиш қийин бўляпти. Натижада визани тайёрлаш ҳам бироз қийинроқ кечяпти. Лекин бир неча кун олдин, Тошкентга бориб визага ҳужжат топширдим, элчихонага кириб тиббий кўрикдан ўтдим. Агар 2 февралда тайёр бўлса, 3 февралдаёқ жўнаб кетаман. Агар 3 февралдан кейин чиқадиган бўлса, 11-кунги рейсга ҳам чипта бор.

- Бу борада янги клубингиз билан доимий алоқада бўлиб турибсизми? Ҳозирги ҳолат бўйича уларнинг муносабати қандай?

- Мен эмас, агентларим гаплашиб туришибди. Янги клубдагилар футболкадаги рақамимни ва яна бир-иккита нарсаларни сўраб туришибди. У ерга борганимдан кейин мени расман эълон қилишади.

- Демак, рақам танладингизми?

- Ҳа.

кенжабоев4

- Қайси рақам?

- Боргандан кейин айтамиз-да. Буни барибир биринчи бўлиб клубим эълон қилиши керак.

- Спорт формангизни ушлаб туриш учун “Насаф” билан бирга шуғулланиб турибсизми ёки алоҳидами?

- Фақат уйда ўзим машғулот қилиб турибман, кунига икки маҳалдан.

- Жанубий Кореяда Олег Зотеев, Рустам Ашурматов, Икром Алибоев, Жамшид Искандеров сингари футболчиларимиз ҳам тўп суряпти ва адашмасам, улар ўз жамоаларига кетишди. Улар қатори сизни ҳам аллақачон Кореяга кетган, деб ўйлаётгандик. Сизни фақат виза билан боғлиқ ҳолат ушлаб турибдими ёки яна бошқа муаммо ҳам борми?

- Мен Кореяга биринчи марта боришим. Улар эса бориб-келиб юрган футболчилар. Ҳаммаси тайёр, уларда. Мен энди янги жамоасига ўтдим ва илк бор Жанубий Кореяга кетяпман.

кенжабоев3

- Айтмоқчиманки, ўртада турган агентларингиз ҳамма ишни пухта бажаришганми?

- Ҳа, агентларим яхши. Олег Зотеевни Кореяга кетишига сабабчи бўлган агент, ўз навбатида, менга ҳам агентлик қилади. “Чежу Юнайтед” билан икки йилга шартнома тузиб бўлганман ва шу йилнинг 1 январидан кучга кирган.  

- Кенжабоев сифатида “Насаф”да танилдингиз. У ерда барча босқичларни босиб ўтдингиз. Бу клуб сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- “Насаф”да менинг ўсишимга сабабчи бўлган ҳар бир мураббийнинг катта ўрни бор. Клуб академиясида Нурали Султонов ва бошқалар билан ишлаганман. Кейин ўринбосарлар таркибига ўтганман. У ерда Раҳмат ака деган мураббий бўларди. У киши мени 15 ёшимда футболда ўйнатган. Менга ёрдам кўрсатган. Икки йил давомида “Насаф”нинг ўринбосарларида тўп сурдим ва сўнгра, асосий таркибга ўтдим. Бош жамоада ўйнаб кетишимга Рўзиқул Бердиев катта ёрдам кўрсатган. Биринчи ўйинданоқ менга ишонч билдирган, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинда. Аммо ҳалигача Ўзбекистон чемпионатида тўлиқ ўз ўйинимни кўрсата олганим йўқ.

кенжабоев

- “Насаф”ни тарк этиш режангизда бормиди ёки барчаси кутилмаганда содир бўлдими?

- Аслида ўтган йили легионерга айланмоқчи эдим. Лекин “Насаф” билан шартномам борлиги учун клубим катта пул сўради. Бунинг устига жароҳат олиб, маълум вақт ўйнай олмадим. Ўтган йилнинг охирларида менга яна четда тўп суриш учун вариант пайдо бўлди. Буни кутилмаган хабар бўлди, дея олмайман. Легионер бўлишга тайёрланиб бораётгандим.

- Ўтган йили сизга қаердан таклиф бўлганди?

- Унда ҳам Жанубий Кореядан эди, фақат бошқа клубидан.

- Сизга ўзимизнинг чемпионатдан ҳам аниқ таклифлар бўлгандир-а?

- Ҳа, етакчи жамоаларидан бўлди. Лекин ҳеч қанақа музокара бўлмаган. Фақат четга кетмасам, таклифлар ҳақида ўйлаб кўришимни айтганман.

кенжабоев1

- Рўзиқул Бердиевнинг у ерга кетаётганингизга муносабати қандай бўлди?

- Тўғриси, ҳали гаплашмадим. Кореяга кетадиган куним аниқ бўлгач, албатта Рўзиқул ака Бердиев ва жамоадошларим билан хайрлашаман. Яқинда уйланганман, шу сабабли ҳозир Навоийдаман. Рўзиқул ака, агар четдан таклиф бўлса, ўзинг биласан, аммо четга кетмасанг, жамоада қолишингни истаймиз, деб айтди. “Насаф” молиявий томондан ҳам қийналиб қолганди. Қолаверса, оила қурдим. Шу боис, оилам ҳам яхши яшаши керак-да.

- Кореяга оилангиз билан кетасизми ёки бир ўзингизми?

- Дастлаб ўзим бораман, бир ойдан кейин рафиқам ҳам боради.

- “Насаф”ни тарк этиш олдидан қандай айтадиган гапларингиз бор?

- Авваламбор, футболга кириб келишимга асосий сабабчи бўлган ота-онамга миннатдорлик билдираман. Иккита мураббийим бор – Асрор ака Пирназаров ва Ҳасан Сафаровга ҳам раҳмат айтиб қоламан. “Насаф” академиясида менга ёрдам кўрсатган мураббийлардан ҳам миннатдорман. Ўринбосарлар жамоасида Зафар Холмуродов бошчилигидаги мураббийларга, асосий таркибда эса, Рўзиқул Бердиев, Шуҳрат Тошпўлатов, умуман барча мураббийларга ташаккур билдираман. Мени ва жамоамизни қўллаб-қувватлаган жонкуяр мухлисларимизни ҳам унутмайман. Мени оилам “Насаф” жамоаси бўлди. Чунки улар билан 9 йил бирга бўлдим. Менга ёрдам берган барча-барчадан миннатдорман.

кенжабоев5

- Легионерга айлангач, энди нимани кўзлаяпсиз?

- Ниятларим катта, ҳаммаси Худодан. Жанубий Кореяда олти ой ёки бир йил тўп суриб, ўзимни яхши томонлама кўрсатгач, Европага кетиш ниятим бор. Футболчи сифатида янада ўсишга ҳаракат қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!