Флик Холандни олиш ғоясидан воз кечди ва ўрнига "Сити"дан бошқасини танлади
Дунёнинг бошқа етакчи клублари қатори «Барселона» ҳам «Манчестер Сити» атрофидаги вазиятни диққат билан кузатмоқда. Агар инглиз клуби молиявий қоидаларни бузгани учун айбдор деб топилиб, апелляцияда ҳам ютқазса, жамоадаги бир қатор футболчилар келажагини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Сўнгги ҳафталар ва ойларда матбуотда «Барселона» номи кўп бор Эрлинг Холанд билан боғланмоқда. Бироқ El Nacional нашри ёзишича, каталонияликлар норвегиялик ҳужумчини олиш бўйича аниқ қадам ташлашга ҳали қарор қилмаган.
Нашр манбасига кўра, бош мураббий Ханси Флик Холанд трансфери зарурлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган. Унинг фикрича, бу футболчи Флик қўллаётган тактик ёндашувга идеал даражада мос келмаслиги мумкин. Шунинг учун немис мураббийи диққат марказига бошқа ном – Райан Шерки тушган.
Материалда таъкидланишича, Флик «Лион» тарбияси ҳисобланган, юқори индивидуал маҳоратга эга ва бир неча позицияда ўйнай оладиган Шеркини жуда истиқболли ва қизиқарли футболчи сифатида кўрмоқда. Немис мутахассиси унинг техник салоҳияти ва универсаллигига алоҳида баҳо беряпти.
Райан Шерки ҳозирда «Манчестер Сити» билан амалдаги шартномага эга бўлиб, у 2030 йилнинг ўрталаригача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 23 ёшли футболчининг бозор қиймати 110 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар