
"Челси" ижарадаги ҳужумчисини қайтарди
Лондоннинг "Челси" клуби испаниялик ҳужумчи Марк Гиуни "Сандерленд"даги ижарасидан чақириб олди. Ҳужумчи жорий йилнинг август ойи бошида "қора мушуклар" аъзосига айланганди.
"Челси" ҳужумчи Марк Гиунинг "Сандерленд"даги ижарасидан чақириб олинганини тасдиқлаши мумкин. 19 ёшли футболчи "Stadium of Light"даги фаолияти давомида учта ўйинда майдонга тушди ва "Ҳаддерсфилд Таун" билан Лига кубоги ўйинида гол урди", - дейилади клуб расмий сайти хабарида.
Марк Гиу "Барселона" тарбияланувчиси ҳисобланади, у фаолиятининг дастлабки босқичида ҳам ушбу жамоада ўйнаган. Ўтган клуб мавсумида 16 та ўйинда испаниялик футболчи олтита гол урди. Transfermarkt сайти маълумотларига кўра, футболчининг айни дамдаги нархи 8 млн еврога баҳоланмоқда.
Comments