“Челси” Италиянинг энг яхши ҳимоячисини катта суммага олади
Лондоннинг “Челси” клуби “Интер” марказий ҳимоячиси Алессандро Бастонини харид қилиш имкониятини ўрганмоқда.
Corriere dello Sport хабар беришича, лондонликлар 27 ёшли италиялик футболчини 2027 йил январь ойида трансфер қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Эҳтимолий битим қиймати 80 миллион еврога баҳоланмоқда ва айнан шу трансферни “Челси” бош мураббийи Хаби Алонсо талаб қилмоқда.
Жорий мавсумда Бастони барча турнирларда тўртта учрашув ўтказди ва натижадорлик қайд этмади.
Унинг амалдаги шартномаси “Интер” билан 2028 йил ўрталаригача амал қилади. Transfermarkt эса футболчининг бозор қийматини 65 миллион евро деб баҳоламоқда.
Агар “Челси” ҳақиқатан ҳам бу трансферни амалга оширишга қарор қилса, клуб ҳимоячининг бозор қийматидан анча юқори маблағ тўлашига тўғри келади.
Алессандро Бастони Италия ва Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. 27 ёшли футболчининг кучли жиҳатлари — ажойиб пас бериш маҳорати, чап марказий ҳимоячи позициясида ўйинни яхши ўқиши ва тўпни олдинга олиб чиқиш қобилияти.
Бастони марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, узоқ масофага аниқ узатмалар беради, рақиб ҳимоясини ёриб ўтувчи пасларни амалга оширади ва плеймейкер вазифасини ҳам бажаради.
Ҳимоядаги ишончлилиги ҳам Хаби Алонсо италиялик футболчида қадрлайдиган сифатлардан бири ҳисобланади.

Фикрлар