
"Челси" ўз футболчисини судга бермоқчи
Лондоннинг "Челси" клуби украиналик вингер Михайло Мудрикни антидопинг қоидаларини бузган деб топилса, судга бериши мумкин.
Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда. Манбага кўра, клуб футболчи меҳнат шартномасидаги мажбуриятларни бузган деб топилса, ундан компенсация ундириш учун судга мурожаат қилиш эҳтимолини муҳокама қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Челси" Мудрикни 80 миллион еврога харид қилган эди. Узоқ муддатли дисквалификация хавфи футболчини клуб активлари сифатида кескин қадрсизлантириши мумкин. Шунга қарамай, суд жараёни эҳтимоли ҳозирча паст баҳоланмоқда — клуб раҳбарияти бундай қаттиққўл ҳаракатлар потентсиал янги футболчиларни қўрқитиб юбориши мумкинлигидан хавотирда.
Маълумки, куни кеча Англия Футбол Ассоциацияси (ФА) Мудрикка расмий айблов қўйди. ОАВ хабарларига кўра, ҳам "А" намунаси, ҳам "Б" намунаси организмда мелдоний борлигини кўрсатган. Агар айби тасдиқланса, футболчига тўрт йилгача дисквалификация таҳдид солмоқда.
Фикрлар