“Челси” қимматбаҳо дарвозабондан қутилиш йўлини топди

“Челси” трансфер қилган қимматбаҳо футболчилар кейинчалик ўзини оқламаган ҳолатлар одатий ҳолга айланиб қолган.

2018 йили “аристократлар” 20 миллион евро турадиган испаниялик дарвозабон Кепа Аррисабалага учун “Атлетик” жамоасига 80 миллион евро тўлаган. Табиийки, голкипернинг маоши ҳам шунга яраша бўлган.

Лекин Кепа қисқа фурсатда асосий таркибдаги жойини йўқотди. Лондонликлар анчадан бери ундан қутила олмай юрибди. Жорий мавсум бошида “Реал” дарвозабони Тибо Куртуа жароҳат олганидан кейин мадридликлар Кепани ижарага олганди.

Бироқ Аррисабалага “Реал”даги ички рақобатда захира дарвозабони Андрей Лунинга ҳам имкониятни бой бериб қўйди.

Inter Live нашрининг хабар беришича, “Интер” келаси ёзда Кепа Аррисабалагани трансфер қилишни режалаштирмоқда. Миланликлар иши юришмаётган посбон учун 15 миллион евро тўлаши керак.

“Челси” шартномаси якунланишига бир йил қоладиган бу футболчи трансферига кўниши мумкин. Бироқ Аррисабалага маошини кескин пасайишини қабул қилиши керак. Чунки “Интер” ўз футболчиларига АНглия клубларидагидек катта маош тўламайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!