“Челси” зўр ҳужумчи учун "даҳшатли сумма" таклиф қилди
“Челси” раҳбарияти “Милан” ҳужумчиси Рафаэль Леауни олишга жиддий эътибор қаратмоқда. Бош мураббий Томас Тухель ўтган мавсумда ўзини кўрсата олмаган Ромелу Лукаку ва Тимо Вернер кетганидан кейин уларнинг ўрнига асосий ҳужумчи қидирмоқда.
Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, “аристократлар” Леауни олиш учун таклифни 120 миллион еврогача кўтарди.
Мутахассислар буни “аҳмоқона таклиф” сифатида баҳоламоқда. Чунки “Челси” ўз тарихида ҳеч қачон бир футболчи учун бунақа сумма сарфламаган. Қолаверса, ўтган мавсум рекорд трансфер соҳиби – 113 миллион еврога олинган Лукаку ҳам айтарли фойда келтирмади.
“Милан” мўмай даромад ишлаб олиш имкониятидан фойдаланмоқчи эмас. Жамоа бош мураббийи Стефано Пиоли ўзи учун муҳим бўлган тўпурарни сотиб юборишга рухсат бермаяпти.
Леауни қўлга киритишнинг ягона имконияти сифатида унинг шартномасида кўрсатилган 150 миллион евролик бадал пулини тўлаш айтилмоқда.
Фикрлар