Чемпион футболчи ёхуд Суперлигамизни "ёндираётган" албан йигити ҳақида нималарни биласиз?

Рубин Хебай! Бунгача бу номни агар муболаға бўлмаса юртимизда айтарли ҳеч ким билмасди-а? Жорий мавсум олдидан у “Андижон” сафида пайдо бўлдию, қисқа фурсат ичида барчанинг ёдида сақланиб қолди. Биринчи даврадан кейин Суперлигани “ёндираётган” ушбу легионер ҳақида мухлислар янада кўпроқ қизиқиб қолдилар. Чунки "Андижон"нинг ушбу трансфери Суперлига клублари орасидаги энг яхши трансферлардан бири бўлиб турибди.

Биласизми, Рубин “Андижон”да 7-тургача гол ургани йўқ (бунга унинг “Сурхон”га қарши баҳсда қизил карточка олиб 2 та ўйинни ўтказиб юборгани ҳам сабаб). Айнан ўша 7-турда “Металлург” дарвозасига 3 та гол урди ва шундан бери Хебайни тўхтатиш рақиблар учун имконсиз бўлиб қолмоқда. Кубокдаги ўйин билан қўшиб ҳисоблаганда у кетма-кет 8 та учрашувдан бери гол уриб келяпти. Ҳаммаси бўлиб ҳисобида 11 та гол бор ва 9 таси Суперлигада киритилган ва яна 2 та ассист ҳам. Тўпурар ҳужумчи Драган Черанга етиб олган ҳолда биринчи даврадан сўнг қўшҳокимликни ўрнатди.

рубин1_1

Рубинга “совчи”лар кўпайгани рост. Ахир тинмай гол уриб турадиган, потенциали ҳар томонлама юқори бўлган 99-рақамли ҳужумчини ким ҳам “отказ” қиларди?! Бундай ҳужумчи ҳаммага керак. “Андижон” эса уни қишда Туркиянинг Анталия шаҳридаги йиғинда ўз сафига қўшиб олганди. Ўшанда клуб раҳбарияти у билан икки йиллик шартнома имзолагани таҳсинга лойиқ.

Дарвоқе, ўшанда Россиянинг “Алания” клуби ҳам унга жиддий қизиққанди, аммо футболчи бу таклифни қабул қилмаган. “Андижон” раҳбариятига эса ушбу легионерни Туркиянинг “Антальяспор” клуби мутасаддилари тавсия қилган. Чунки ўшанда иккала клуб ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришишган ва шунинг самараси ўлароқ, Хебай варианти пайдо бўлган. Шу ўринда ҳамма жиддий қизиқиб қолган Хебай ҳақида сиз билмаган маълумотлар билан ўртоқлашишга ҳаракат қиламиз.

рубин5_2

Рубин 1998 йилнинг 30 июль куни Албаниядаги Врака номли қичик қишлоқда туғилган. Бу Шкодра шаҳрига яқин. Мақоламиз қаҳрамонининг болалиги ўша қишлоқда ўтган. Вақтлар ўтиб у турк коллежига ўқишга кирган. Ўзи эса футбол ўйнашни 8 ёшидан бошлаган. Айтиш керакки, Рубинда футболга бўлган қизиқиш тасодифан пайдо бўлиб қолмаган. Чунки унинг бобоси ва отаси ҳам футбол билан шуғулланишган. Ҳаммасини кичкина бир жамоадан бошлаган ва кейинчалик “Влазния” номли клубга кўчиб ўтган. Хебай ўша ерда 16 ёшидан профессионал фаолиятини бошлаган. 18 ёшида эса илк профессионал шартномага имзо чеккан.

Энди Рубиннинг оиласи ҳақида. Бобоси ва бувисининг исмлари – Рексхеп ва Фатиме. Ота-онасининг исмлари Ридван ва Эсмерина. Рубининг Раул исмли укаси ҳам бор. Эътиборлиси, Рубин Хебай ва унинг оиласи Ислом динига эътиқод қиладилар. Албаниянинг 60 фоиз аҳолиси мусулмон ҳисобланади.

хебай_1

Биласизми, Хебай бунгача Transfermarkt портали томонидан 350 минг еврога баҳоланаётганди, “Андижон”даги сермаҳсул натижаларидан сўнг унинг нархи 450 минг еврога кўтарилган. Шу ўринда “Андижон” ҳужумчиси фаолияти қандай бошлангани ва нималарни ютгани ҳақида гапирди:

“Мен “Влазния”да бошладим. Кейин Словениянинг “Домжале” клубида давом эттирдим. Кейин у ердан “Партизан” клубига ўтдим. 20 ёшлигимда Албания чемпиони бўлдим. Шундан сўнг Украинанинг “Ворскла” жамоасида ўйнадим. Ўша ерда “Шахтёр”, Динамо” Киев ва яна бошқа яхши клубларга қарши тўп сурдим. Сўнгра яна Албанияга қайтдим ва “Теута”да фаолиятимни давом эттирдим. Ушбу клубда Кубок ва Суперкубокни ютишга муваффақ бўлдим. Кейинчалик Македония чемпионатига – “Шкендия”га йўл олдим. У ерда ҳам чемпион бўлишга муваффақ бўлдим. Бу мавсумлар жуда ҳам ажойиб бўлган. Ярим мавсумдан иккита бошқа клубларда ўйнаганман. Шунинг учун “Теута” ва “Шкендия”да бошқача бўлган. Яъни, иккала мамлакатда ҳам чемпионликка эришганман. Кейинчалик мен яна “Теута”га қайтди ва 16 та гол урдим. Шундан кейин “Андижон” билан шартнома имзоладим”, - дейди Хебай.

Хебай6_1

Шунингдек, Суперлигамизнинг бугунги кундаги тўпурари хоббиси ва ёқтирган футболчиси хусусида ҳам тўхталиб ўтди:

“Саёҳат қилишни яхши кўраман. Айниқса, таътил пайтимда ўзимни жуда қулай ҳис қиладиган масканларга бориб, оилам, дўстларим ва мен учун севимли бўлган инсонлар билан хордиқ чиқаришни хуш кўраман.

Мен учун барча даврлардаги энг ёқтирган футболчим бу – Криштиану Роналду.  Лекин афсонавий ҳужумчилар сифатида Златан Ибрагимович ва Карим Бенземага ҳам ҳурматим чексиз. Улардан доим ўзим учун ўрнак олиб келаман”, - дея фикр билдирди, албан йигити.

хебай1_3

Шундай қилиб, Рубиннинг Ўзбекистон чемпионатидаги фаолияти жуда ёрқин ва самарали тарзда давом этяпти. Рости, унинг потенциали юқори эканига бошида кўпчилик ишонмаган бўлса ҳам керак. Ўзи эса юртимиз футболида из қолдиришни бошлади.

“Тўғриси, Ўзбекистон ҳақида кўп нарсани билмасдим. Лекин бу ерга келганимдан кейин жуда таъсирландим ва ижобий маънода ҳайрон қолдирди. Ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Мен аввалдан ўзимни Осиёда синаб кўришимни хоҳлардим. Ахир нега энди фаолиятимда яна бир яхши қадамни ташлашим керак эмасди?! Шунинг учун буни доим хоҳлаганман”, - дейди футболчи.

Албания матбуотида Хебай ҳақида олдин ҳам, ҳозир ҳам доим ёзиб туришади. Чунки Рубин Албаниянинг U-17, U-19 ва U-21 терма жамоаларида ўйнаган. Икки йилдан бери эса у гол уриш борасидаги самарадорлигини ошириб келмоқда. Энди эса ҳамма унинг Албания миллий терма жамоасидан чақирув олишини кутмоқда ва шу жумладан Хебайнинг ўзи ҳам.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
10/07/2023 19:39
Рубен Хебай АЛЛОХ, сенга мадад ва ёрдам берсин .Сендан ва жамоангдан галабали голлар шодасини кутиб к,оламиз