Чемпионатимиз савияси ўсяптими?
Ads

Таниқли мутахассисларимиздан бири Ислом Аҳмедов ҳам бу йилги Суперлига баҳсларимизни диққат билан кузатиб боряпти. Янги форматда ўтказилаётган чемпионатимизда чиндан ҳам яхши ўзгаришлар кўп бўляпти. Энди олдингидек ўткинчи ўйинлар қолмади ҳисоб. Шу боис кўпчилик илиқ фикрларни билдиришяпти. Аммо мутахассислар доим бошқача кўз билан қарашади. Яъни, улар футболни яхшироқ тушунишгани учун ҳам мутахассисларга хос тарзда фикрлашади. Шу боис уларнинг билдирадиган фикрлари мухлисларни беэътибор қолдирмайди. Ҳозирги Суперлигамиз кўпчиликка ёқяпти. Аммо ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ислом Аҳмедов эса Суперлига бўйича ўз қарашларини атрофлича тушунтириб ўтди.

“Ўйинларнинг жонли эфирга узатилаётгани футболимизга катта ёрдам”

- Биринчи навбатда Суперлигада ташкилий томондан ишлар жуда яхши йўлга қўйиляпти. Кузатаётган бўлсангиз, деярли ҳар бир ўйин юқори даражада ўтяпти. Энг муҳим воқеликлардан бири шу бўлдики, ушбу йилдан эътиборан Суперлига учрашувлари “Спорт” телеканалида жонли равишда эфирга узатиляпти. Бу ҳам ўша ташкилий масалаларнинг бир қисмига киради. Бу футболимизга катта ёрдам беради. Ўсиш ҳақида гапирадиган бўлсам, боя ўйинларимиз юқори даражада ўтяпти деб айтдим. Бу нима дегани? Яъни, жамоалар ҳаракат қилишяпти, аммо сифат борасида гап кетганда яна кўп иш қилиш керак. Кўряпмизки, ҳар бир жамоа яхши ўйинчиларга эга. Аммо ўйин сифати бўйича ҳамма клуб барибир ишлаши керак.

“Жамоалар очкони осонликча беришмаяпти”

- Бизда ҳали ўйин давомида бемалол тактикаларини ўзгартириб, ранг-баранг ўйин кўрсатиб, уни муносиб якунлайдиган жамоа ҳали йўқ. Шу боис бежизга клубларимизни ўйин сифати устида ишлашлари керак деб айтаётганим йўқ. Бунинг учун бизда ҳамма шароитлар бор. Масалан, мураббийларимиз етарли, имкониятлар катта. Стадионлар эса зўр. Мисол учун Фарғонада “Нефтчи” “Пахтакор” билан 1:1 ўйнади. Ушбу учрашувда жамоалар ёмон кўринишмади. Ғалаба учун курашишди. Умуман олганда, ҳозирги пайтда ҳамма жамоа очкони осонликча бериб юбораётгани йўқ. Лекин бу ҳозирча ўсишимиз учун етарли эмас.

“Бунёдкор” билан “Насаф” инқирозга юз тутса, футболимиз учун катта йўқотиш бўлади”

- “Бунёдкор” билан “Насаф”нинг бугунги ҳолати албатта бизни ҳавотирга соляпти. Ахир улар Ўзбекистоннинг етакчи жамоалари-ку. Шунинг учун улар билан юз бераётган ҳолат яхши эмас. Масалан, “Насаф”ни етакчи футболчилар тарк этишяпти. Агар “Бунёдкор” билан “Насаф” инқирозга юз тутишса, бу футболимиз учун катта йўқотиш бўлади. Аммо раҳбарлар ушбу клублардаги вазиятни ижобий томонга ўзгартира олишади деб ният қиламан. Чунки “Бунёдкор” ҳам, “Насаф” ҳам бизга жуда керак. Нимага деганда, уларнинг савияси бошқача, ўз ўринлари бор. Қандай ишлашни билишади. Ҳозирги вазиятда ҳаммаси уларнинг раҳбарларига боғлиқ. Ҳозир жаҳон чемпионати ўтказилаётгани боис чемпионатимизда танаффус юзага келган. Шу вақтдан фойдаланиб, барча жамоалар ўз ўйинларини ва муаммоларини ўрганиб чиқиб, ишни тўғри йўлда ташкил қила оладилар деб умид қиламан. Барибир улар ўйин сифатини кўтаришлари лозим. Бунинг устига 2019 йилнинг январь ойида Осиё Кубоги мусобақаси ўтказилади. Футболчиларимиз эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ўша турнирга тайёр бўлишлари шарт. Агарда чемпионатимизнинг савияси кучли бўлса, терма жамоамиздаги ўйинчиларимиз ҳам кучайишади. Бунинг учун бизда ҳамма имконият бор.

“Нефтчи” ҳали Суперлигани тарк этгани йўқ”

- Ҳозирдан қайсидир клубни Суперлигадан тушиб кетади деб айтиб бўлмайди, шу жумладан “Нефтчи”ни ҳам. Нимагаки, ҳали барча клубда имконият бор. Ўйлайманки, “Нефтчи” ўз тарихига эга бўлган клуб. Менимча, улар про-лигага тушиб кетишмайди. Ҳозирги танаффусдан унумли фойдаланиб вазиятнинг ечимини топа оладилар. Айни пайтда барча клубда имконият бор. Ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ. Тўғри, “Нефтчи” охирги ўринда. Аммо уларнинг кўрсатаётган ўйинини 12-ўринга мос деб бўлмайди. Шунчаки, раҳбарлар талабни жиддий қўйиши керак. Мен барча жамоаларга омад тилайман. Ҳозирги пайтда мен учун кутилмаган натижалари билан ҳайрон қолдираётган жамоалар йўқ. Фақат “Бунёдкор” билан “Насаф”нинг ҳолатини ўзим учун кутилмаган вазият деб айтишим мумкин. Шунингдек, “Нефтчи”нинг охирги ўринда бораётгани қайсидир маънода янгилик бўлди. Аммо охирги пайтларда фарғоналикларда бунга ўхшаш вазият тез-тез юз беряпти. Бундан улар тезроқ хулоса чиқаришлари даркор. “Нефтчи” таниқли жамоа, унинг мухлислари кўп.

“Майдонда жанг кетяпти, аммо сифат қани?”

- Мураббийлар ўз клубларидаги камчиликларини яхши билишади. Шу мақсадда улар ҳаммасини тўғри ўрганиб чиққан ҳолда ўйинларини кучайтиришлари керак бўлади. Чунки ҳаммамиз терма жамоамизни ўйлашимиз керак. Боя айтганимдек, январь ойида Осиё Кубоги бўлади ва унга ҳар жиҳатдан тайёр бўлишимиз керак. Қолаверса, клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасида қатнашишяпти. Қачонгача гуруҳда қолиб кетаверамиз? Шу ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Буларнинг ҳаммаси фақат ўйин сифатига боғлиқ. Майдонда футболчиларнинг ҳаракатлари юқори даражада. Аммо сифат – бу тактика. Демоқчиманки, клубларимизнинг ўйинларида тактикалар очиқ кўринмаяпти. Шунчаки, майдонда жанг кетяпти. Ҳа, бу яхши, бироқ сифат ҳам бўлиши даркор. Ҳозир Суперлигамиздаги ҳар бир ўйин бир-бирига ўхшаб кетяпти. Биласизми, олдин ҳар бир жамоанинг ўз ўйин сурати бўлган. Ҳозир-чи, битта қолип! Буларни ажратиш жуда қийин. Бошланишидан охиригача фақат жанг. Тўғри, бундай ўйинларда ҳам футболчи ўсади. Лекин сифат бу бошқача. Шу нарсани ҳам ўйинга қўшиш керак. Бу фақат мураббийларга тегишли.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.