Суперлигада ғалаба ва мағлубият нималигини билмаётган жамоалар ёхуд "Нефтчи"дан яна 3:0 кўрамизми?
Бугун Суперлигада 4-турга старт берилади. Бир-бирига жиддий рақиблар ва жиддий тўқнашувларга гувоҳ бўламиз. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
18 март
19:15. “Қўқон-1912” - “Навбаҳор”
Бу турда мухлисларни ажойиб водий дербиси кутяпти. Қўқонда Андрей Шипилов жамоаси Тимур Кападзе устозлик қилаётган “Навбаҳор”ни қабул қилади. “Қўқон-1912” чемпионатда ҳали ғалаба қозонмади ва ортда қолган учта турда икки мағлубият ва бир дуранг қайд этди. “Навбаҳор”да эса икки ғалаба ва бир мағлубият бор. Майдон эгалари кучли рақибга қарши беллашувда ғалаба учун қандай ўйин кўрсатиши албатта қизиқ. Имкониятлар эса наманганликларда юқорироқ.
19:15. “Хоразм” - “Бунёдкор”
“Бунёдкор”ни сафарда қийин ўйин кутиб турибди. “Хоразм” ўз ўйинлари билан яхши таассурот қолдиряпти. Лекин “Бунёдкор” ҳам анойи эмас. Гарчи охирги иккита турда ғалаба қозона олмаган бўлган бўлса-да, Илёс Зейтуллаев қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетишни яхши билади. Бўлажак учрашувда эса имкониятлар тенг.
20:00. “Қизилқум” - ОКМК
Акмал Рустамов бошчилик қилаётган “Қизилқум” чемпионатни мағлубият билан бошлаб, кейинги иккита турда ғалабалар қозонди. ОКМК эса кутилмаганда ғалабасиз сериясини давом эттирмоқда. Шу фактор ҳам Миржалол Қосимов жамоаси қандай бўлмасин фақат уч очко учун курашишдан бошқа чораси йўқлигини кўрсатади. “Қизилқум”нинг ўйини жанговар ва ҳужумкор кўриниш олгани эса бу ўйинни янада шиддатли ўтишини таъминлайди.
19 март
16:00. “Андижон” - “Машъал”
“Бобур арена” эгаси - “Андижон” чемпионатни учта мағлубият билан бошлаган “Машъал”ни қабул қилади. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли беллашувга айланади. Иккала жамоага ғалаба зарур. Кучайтирилган “Андижон” охирги иккита ўйинда имкониятни бой бериб қўйди. Бу сафар эса мухлислари олдида ғалабани тортиқ қилиши лозим. Бу ёқда эса “Машъал” гол ура олмасдан фақат ютқазяпти ва улар бунга чек қўйишга ҳаракат қилиши табиий. Аммо имкониятлар барибир Самвел Бабаян жамоасида кўпроқ.
18:15. “Бухоро” - “Динамо”
Ёпиқроқ ва ҳимоявий ўйин кўрсатадиган “Бухоро” очиқ ҳамда ҳужумкор футбол тарафдори бўлган “Динамо”га қарши майдонга тушади. Эътиборлиси, Александр Хомяков жамоаси мағлубиятсиз одимламоқда. “Динамо” ўз мақсади йўлида ғалаба учун бор кучини сарфлайди. Ўтган йили “Бухоро”да тўп сурган Азиз Амонов ҳозирда самарқандликлар шарафини ҳимоя қиляпти ва балки унинг ҳам собиқ клубига “айтар сўзи” бордир...
20 март
16:00. “Нефтчи” - “Локомотив”
Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритган “Нефтчи” чемпионат доирасида Тошкентнинг “Локомотив”ини қабул қилади. Биласиз, фарғоналиклар Суперлигани супер тарзда бошлашди ва илк учта турда 3:0 натижасини қайд этди. Ислом Исмоилов жамоаси чиндан ҳам Суперлигада ҳар жиҳатдан энг кучли жамоа бўлиб турибди. Мухлислар бу сафар “Нефтчи” яна 3:0 ҳисобини қайд эта оладими, деган саволларни беришаётгани бежиз эмас. “Локомотив”га қийин бўлади. Бироқ “Нефтчи” муваффақиятлардан хотиржамликка берилиб қолса, бу ўзига қўшимча муаммолар туғдиради. Агар ўз ўйинини кўрсатишда давом этса, унда “Нефтчи”да навбатдаги уч очко нақд деяверинг!
17:00. “Насаф” - “Сурхон”
Ютқазмаган “Насаф” ва ютолмаган “Сурхон” баҳси бўлиб ўтади. Молиявий қийинчиликларга тушиб қолгани ва бош мураббий кетгани айтилаётган “Сурхон”ни 4-турда яна бир жиддий учрашув кутяпти. “Насаф” қишда етакчиларидан айрилган бўлса ҳам ўз ўйини ўша-ўша. Чунки Рўзиқул Бердиев бор экан, “Насаф”нинг ўйин модули ўзгармайди. Шу боис ҳам қаршиликлар доим фаворитлар қаторида бўлади ва табиийки, ушбу учрашувда ҳам “Насаф” фаворит.
18:15. “Сўғдиёна” - “Пахтакор”
Ўз ўйини ва натижалари билан кўпчиликни ажаблантирган “Сўғдиёна” бу турда “Пахтакор”ни қабул қилади. Биласиз, “Шерлар” 15 март куни Ўзбекистон Суперкубогида “Нефтчи”га имкониятни бой бериб қўйишди. Ўша мағлубият жамоага қанчалик таъсир қилган ёки қилмаганлиги “Сўғдиёна” билан ўйинда кўринади. Ўз навбатида Иван Бошкович танқидлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда бу сафар мухлисларга илк ғалабани туҳфа қилиши керак бўлади ва буни раҳбарият ҳам, ишқибозлар ҳам кутишмоқда.
Фикрлар